Актёр комедик роллари билан аёлларимизни турмушнинг ташвишларидан озми-кўпми чалғита олган, юзимизга табассум югуртирган Алишер Узоқов билан пойтахтнинг бетакрор гўшаси – «Тошкент гуллари» дўконида ўтказилган фотосессиядан сўнг бир финжон қаҳва устида кечган суҳбатимиз байрам кайфиятингизга монанд тушади, деган умиддамиз.
— Гуллар — сиз эркакларнинг асосий қуролингиз. Бир дона атиргул билан аёл кўнглини забт этишингиз, меҳрини қозонишингиз мумкин. Бежиримгина гулдастани кўрган аёл ёрининг бор гуноҳларини афт этиши ҳам ажабланарли ҳолатмас. Унинг ифори бахтнинг ифоридек, қўлимизга олишимиз билан бахтни ҳис қила бошлаймиз.
— Биз эса шу ҳиссиёт абадий бўлишини истаймиз. Бугун гул совға қилдикми, у орқали тақдим этган қувончимиз қанийди аёлларни ҳеч тарк этмаса... Бироқ аёлларнинг ажойиб одати бор-да, тез унутиб юборишади. 9 март бўлиши билан қовоқ-тумшуқ қилиб қолишлари ҳам ҳеч гапмас. Бир дона атиргулми, бир қучоқми — уни қўлга олганларингизда кўзларингиз яшнаб кетиши бизни ҳам мамнун қилади! Шу завқни ушлаб қолинг. Арзимас сабаблар туфайли эсдан чиқариб юборманг. Шунда сизни ҳамиша гул билан хушнуд этгимиз келади.
— Сизнингча, аёл киши ҳар доим кулиб туриши керак экан-да...
— Албатта, бу аёлларнинг вазифаси.
— Эркаклар-чи?
— Шартмас. Бизнинг табиатимиз шунақа — бироз жиззакироқмиз.
— Алишер, сизга ўзингизни тушуниш қийинми ёки нозик ҳилқат вакилаларини?
— Ўзимни ҳамон тушунмайман. Баъзи вазиятларда нима истаётганимни билмай қийналаман. Аёлларни тушуниш эса осон.
— Йўғей, кўпчилик бунинг аксини айтади...
— Менимча, аёл кишига хўп дейиш керак. Баҳслашиш, тортишиш бефойда. Мана, сизларни тушунишнинг йўли.
— Илк бор кимга гул совға қилганингизни эслай оласизми?
— Онамга бўлса керак. Боғча пайтларимда, адашмасам.
— 8 мартда ҳеч қовун тушириб қўйганмисиз?
— Йў-ў-ўқ!!!
— Болаларингизга қараб қандай ҳақиқатларни англаяпсиз?
— Вақт жуда тез ўтаётганини, қариётганимни тушунаяпман. Кечагина чақалоқ бўлган болаларимнинг бирпасда тили чиқди, бугун югургилаб юришибди.
— Қаришдан қўрқасизми?
— Йўқ. Қўрқсам-қўрқмасам, барибир, вақтни тўхтатиб қололмайман-ку.
— Комплексларингиз...
— Ҳозир деярли йўқ. Аввалари бор эди. Улғайганингиз сари ҳаётнинг асл моҳиятини англаб бораркансиз. Бу ҳаётда ким биландир тортишиб, ўзингизни исботлашга уринишлар бефойда. Шу ҳақиқатни англагач, ўзимни боримча қабул қила бошладим. Комплексларим ҳам йўқолди, ўзим тугул бошқаларнинг камчиликлари ҳам кўзимга кўринмай қолди.
— Охирги пайтларда ижтимоий тармоқларга шеърларингизни қўя бошладингиз...
— Аввалига беъмани ижод намуналарига кесатиқ тарзида шеър қоралаб юрдим. Ижодни ўйин билаётганларга кўзгу тутмоқчи эдим. Іали-вери фикрларим уларга етиб бормайди. Лекин кўрасиз, бу шеърлар яшайди. Мухлисларимнинг ёзганларимга муносабат билдираётганларидан илҳомланиб, ёзишда давом этаяпман. Ўзимнинг услубимни топгандекман...
— Алишер, сиз ўзини ҳар жабҳада синаб кўришдан чарчамайдиганлардансиз. Одамларнинг ҳали хонандаликка, ҳали футболга ўзингизни уришингизни қабул қилмасликларидан чўчимайсизми? Танқидлар ҳам етарлича бўлди, адашмасам.
— Кўзим етган ишгагина қўл ураман. Агар одамлар нима деркан, деб ўтирсам, ҳеч нарса қилмаслигим керак. Мен болалигимдан яхши кўрган, қизиққан машғулотларим билан шуғулланиб кўришга ўрганганман. Кичкиналигимда телевизорнинг овозини пастлаб, фильмларни дубляж қилардим, футбол шарҳлардим. Қилаётган барча ишим уларга бўлган муҳаббатим туфайли, асло машҳур бўлиш, танилиш йўлидаги ҳар томонга ўзни уриш эмас. Танқидга келсак, ҳеч кимнинг оғзига элак тутиб бўлмайди. Бошқаларнинг фикри билан танлаган йўлингиздан чекинсангиз, ҳеч қачон ҳеч нарсага эриша олмайсиз.
— Фарзандларингизга ҳам яхши кўрган ишлари билан шуғулланишга имкон бераяпсизми?
— Албатта. Умуман, ҳар бир ота-она фарзандининг қизиқишларидан келиб чиқиб, турли соҳаларга йўналтириб кўриши керак. Иқтидори намоён бўлгани билан эса шуғулланишга рухсат бериши лозим. Шунда у ёмон йўлларга юрмайди, ташқи таъсирларга берилмайди. Ўзини излайди.
— Сизнинг қарашларингизни ўзгартирган, улғайтирган воқеалар.
— Бўлган. Кўп бўлган. Отамнинг вафотидан кейин бирдан улғайдим. Танаффусдаги уч йилим ҳам осон кечмади. Биласизми, хонандалар саҳнадан узоқлашишса ҳам, ижод қилаверишлари мумкин. Қўшиқлар ёзади, куйлайди, клиплар суратга олади, интернетга жойлайди. Мухлислари чин бўлса, ўзлари топиб, эшитаверишади. Мен актёрман, камера, кино билан тирикман. Ижоддан бирдан тўхтаб қолганим ҳаётга нисбатан қарашларимни ўзгартирди. Олдинлари ҳамма нарсага енгилроқ қарардим-да. Тўғри, тушкунлик ботқоғига ботиб ўтирмадим. Сценарий ёздим. Изландим. Оқ-қорани ажрата бошладим. Атрофимдагиларнинг муносабати ойдинлашди. Ҳар неда ҳикмат борлигига яна бир бор амин бўлдим.
— Кимларни тинглайсиз?
— Насиба Абдуллаеванинг ижодини жуда яхши кўраман. Қалбининг гўзаллиги қўшиқларига кўчган. Кўнглингизга баҳорий туйғуларни олиб киради. Севара Назархоннинг ширали ва дардли овози ёқади. Дард ҳеч бир юракка бегона эмас. Шунга ҳам Севарани тинглаш билан руҳан ором олсам керак. Жаҳонгир Отажоновнинг ҳам мухлисиман. Ўзгача санъаткор.
— Ҳа, Жаҳонгир Отажанов ўзини қолипларга солмаган.
— Айтаяпман-ку, ўзгача деб. Ижодкор учун эркинлик жуда муҳим. Эркинликни ҳис қилган санъаткор кўнглига қарши бориб куйламайди...
— Алишер, сизга ҳам кўнглингизга қулоқ тутиб яшашни тилаб қоламиз. Энди аёлларимизга аталган байрам тилакларингизни эшитсак...
— Ҳозир... ўйлаб олай... Ҳар бир аёл ўзи севган, меҳр қўйган инсонидан кутган сўзлари, изҳорларини ҳамиша эшитиб юрсин. Гулдан ҳам аввал сизларни шундай сўзлар бахтли қилади.
— Раҳмат!
Шоира ШАГИАҲМЕДОВА суҳбатлашди.
Фотомухбир: Аброр АБДУЛЛАЕВ
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Фотомухбир: Аброр АБДУЛЛАЕВ
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Трамп ғалаба нутқида америкалик яҳудийларни тилга олмади
Киселёв: Путинни тушунсак, дунёда содир бўлаётган жараёнларни тушунамиз
Томошабинлар нафратига учраган, саратонни енгган турк актрисаси — Ваҳиде Перчиннинг мураккаб тақдири
Япониялик кексалар ўқийди, мулоқот қилади, телевизор кўрмайди ёхуд узоқ умр кўриш яна нималарга боғлиқ?
Россия президентининг "Валдай"даги нутқидан асосий фикрлар
iPhoneʼнинг янги функцияси полициячиларнинг зарарига ишламоқда
Исроил Boeing’дан 25 та F-15 қирувчи самолётларини сотиб олади
“Рома”нинг ўйинини кучайтирган ва иккита голда иштирок этган Шомуродовнинг ўйини қандай баҳоланди?