Фото: «Xabar.uz»
Тайланддан Португалия томон ҳаракатланар эканмиз, олдимизда Тошкент, Самарқанд, Бухоро каби шонли-шукуҳли шаҳарлар борлиги бизни илҳомлантирар эди. Қирғиз дўстларимиз билан хайрлашар чоғи уларнинг «Ўзбеклар меҳмонга бизчалик хайрихоҳ эмас» деган сўзлари бироз ҳушёр тортишга мажбур қилди. Ўзбекистонга ўтадиган божхона постига умидворлик билан яқинлашдик.
Тўғриси, бу биз жаҳон кезиб, шу вақтга қадар кўрган энг талабчан чегара пости бўлиб чиқди. Чегарачилар бор-будимизни ёйиб ташлаб текширишди. Қанақа русумли телефондан фойдаланамиз, компьютеримизда нима бор, ёнимизда қанча пулимиз бор — буларнинг барчаси улар учун муҳим. Ва уларнинг тавсияси — мамлакатни тарк этаётганда ҳамма ҳужжатлар жой-жойида бўлиши керак. Ўзбекистонда тунайдиган ҳар бир тунингиз ҳисобда туриши, меҳмонхоналардан олинган купонни Ўзбекистондан чиқиш маҳали кўрсатиш керак бўлади. Акс ҳолда ҳаммаси бехайр тугаши мумкин.
Тўғри, бу кўп вақтни оладиган ва ҳолдан тойдирадиган жараён, бироқ хавотиримизга ўрин йўқ экан. Ниҳоят, биз Ўзбекистондамиз!
Зерикиб қолган велосипедларимизни созлаб, бир чақиримча юргач, паспортни назоратдан ўтказиш постига етиб келдик.
«Инглиз тилини биласизми?», — сўради офицер Сунилнинг ҳужжатига тикилганча.
«Ҳа».
«Ўзбек тилини биласизми?».
«Йўқ».
Офицер ўзининг ҳамкасбига қараб норози оҳангда бир нима деб тўнғиллади. Тўғриси, уларнинг қош-қовоғидан бизни ортга қайтариб юборишларидан хавотирга туша бошладим. Аммо ҳужжатни қайтариб беришди. Навбат каминага келди.
«Инглизча биласизми?».
«Ҳа».
«Ўзбекчани-чи?».
«Йўқ».
«Нега?».
Унга айтадиган жавобим тайёр бўлса ҳам тилимни тишладим. У ҳужжатимни қайтариб берди. Биз яна йўлга тушдик.
Қирғизларнинг айтгани ростга ўхшайди: ўзбеклар бизда қўпол халқдек таассурот қолдира бошлади.
Бироқ кўп ўтмасдан бу фикримиз асоссиз бўлиб чиқди. Биз тун бағрини ёриб Тошкент сари шошардик. Йўлдан бироз чалғиганимизни сезиб, ёшроқ йигитдан йўл сўрадик.
«Тўғрига юриб, учинчи қайрилишдан ўнгга қайрилинглар», — деди у.
Тахминан бир чақирим юргач, бир машина ёнимиздан шошиб ўтиб олдинроқда тўхтади. Унинг ичидан бизга йўл кўрсатган одам тушиб, узр сўради. «Шошилиб, нотўғри йўлни кўрсатиб қўйган эканман. Учинчи қайрилиш эмас экан...». У шундай деб машинага ўтирди ва бизни қайрилишимиз керак бўлган манзилгача олиб бориб қўйди.
«Ўзбекистонга хуш келибсиз!», — деди у хайрлашаётиб. Бу воқеа бизни таъсирлантирди.
Мазали ош сари шошгинг келади
Чорсу — Тошкентнинг энг йирик бозори. Оҳ-оҳ-оҳ... Бу бозорга кирган ажнабийнинг оғзидан суви оқади. Улкан бу майдон ранго-рангликка бурканган: ҳил-ҳил мевалар, сабзавотлар, зираворлар, нону қатиқ-қаймоқлар... Нимаики сўраманг, бу ерда муҳайё. Биз тамадди қилиш тараддудида эдик. Сунилнинг таклифи билан қулупнай ва гилос харид қилдик. Айни мавсумида келган эканмиз — танлаш имконияти кўплигидан кўз ўйнар эди.
Овқат бозори томон юрдик. Сунилнинг ҳид сезиш қобилияти иш берди — у аллақачон жаннатмакон юртда эди. Ўзбекча палов, балиқ, хилма-хил таомлар... Ҳар бир сотувчининг олдида ўчоқ-қозон бор, расталар гавжум. Бозор оралаб тарқалаётган хушбўй ҳидлардан ошқозонимиз яна ҳам тоқатсизлана бошлади.
Қўй гўштидан тайёрланган палов, нон, балиқ ва ўзбекча помидор соуси, олча шарбати, кабоб ва салат буюрдик. «Мен саёҳатим давомида татиб кўрган энг мазали таомлар шуниси бўлди», — хулоса қилди Сунил. Нархи ҳам шунга яраша, албатта.
Шоҳона таомдан сўнг биз каби йиғма «Brompton» велосипедида саёҳат қилаётган кореялик профессорни учратдик. Маълум бўлишича, мутахассислиги шаҳар бинокорлиги бўлган бу одамнинг янги лойиҳаси Тошкентнинг шаҳарсозлик бўйича муаммоларини ўрганишга бағишланган экан. Велосипедда сайр эса ишни янада осонлаштиради. У билан тунда бирга сайр қилишни келишиб олдик.
Темур — Деҳлининг фотиҳи
Бишкек билан солиштирганда, Тошкентнинг анча тараққий этганини пайқаш қийин эмас. Чорсунинг этагида қад ростлаган Кўкалдош мадрасаси, шаҳардаги Ҳазрати имом мажмуаси ўзига ром қилар даражада.
Самарқанд сари жадал айланаётган ғилдираклар бизни сирли тарих сари бошларди. Тарихда «оқсоқ Темур» номи билан донг таратган жаҳонгир тўғрисида кўпроқ билишга ошиқар эдик. У 1398 йилда Деҳлида ўз султонлигини ўрнатган. Ҳиндистонда 300 йил ҳукмронлик қилган империяга асос солган Бобурнинг аждоди бўлгани боис Темур ҳам Ҳиндистон тарихидаги буюк сиймолардан бири. Унинг мозори эса биз йўл олган манзилда.
Амир Темурнинг ҳайкали кўриниши билан Сунил унга ҳарбийчасига ҳурмат бажо келтирди. Унинг хонақосининг меъморий ечими бизга Деҳлидаги Ҳумоюн мақбараси ва Аградаги Тожмаҳални эслатди. Тарихий иншоотнинг деталларига маҳлиё бўлиб, бу ерда бир соатча кездик. Гўёки биз 14-асрга қайтган эдик.
Асли маъноси «саҳро» бўлса ҳам, Самарқанднинг маркази – Регистон майдонида чамаси ўн ёшли болалар билан суҳбатлашдик. Улар саёҳатда бизни асраши учун кўзмунчоқ бериб, «Самарқандга хуш келибсиз!» деб беғубор илтифотларини баён қилишди.
Самарқандда Ўзбекистоннинг энг яхши паловини ейиш истагида учраган одамдан мазали ош қаерда тайёрланишини сўрадик. Тавсиялар билан тез орада катта дошқозонда ош сузилаётган чоғроқ тамаддихонага етиб келдик. Бу ерда бизга ҳурмат кўрсатиб, жараённи суратга олишимизга ёрдам беришди. Палов тайёр бўлиши билан қозон атрофи одамга тўлди. Палов кўринишиданоқ кўнгилни суст кетказгудек: майиз, нўхат ва сергўшт ош устига гармдори ва саримсоқпиёз билан безак берилган. Маҳаллий аҳоли бу таомни салат, нон ва чойсиз тановул қилишни тасаввур қила олмайди. Бир соат кутсанг ҳам – кетган вақтга арзийдиган таом.
Шу ернинг ўзида содир бўлган яна бир воқеа бизга ўзбекларнинг самимий оқибатини ҳис қилишимизга туртки берди. Тамадди қилгач, ёнимиздаги сўм тўлов учун камлик қилиши маълум бўлди. Устига-устак, бу ерда хорижий картадан пул ҳам ечиб олишмас экан. Официант пулни ҳозироқ тўлашимизни талаб қилгач, биз ноқулай вазиятга тушиб қолдик. Воқеага гувоҳлардан ёши каттароғи ёнимизга келди, официантга нимадир деди ва пул узатди. Бу воқеадан ҳайратга тушиб, халоскорга қарзни албатта қайтаришимизни айтдик. «Йўқ. Йўқ. Бу – совға!», — деди у самимий оҳангда.
Ана шу лаҳзаларда мендан нега ўзбек тилини билмаслигимни сўраган полициячи кўз олдимдан ўтди. Тўғри-да! Мен нега бу тилни ўрганмадим экан? Агар ҳозир ўзбек тилини билганимда мен қаршимдаги улуғ инсонга жон-жон деб унинг ўз она тилида раҳмат айтган бўлар эдим!
Бухоролик беқиёс мезбон
Самарқанд билан хайрлашиб, Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларидан бири бўлмиш Бухорога шошдик. Бухоронинг гилам ва чинниворларга тўла, гўзал бозори ҳам диққатга сазовор. Сунил кўзимни шамғалат қилиб аллақачон сомсапазнинг олдида, ҳовури кўтарилаётган сомсани шоша-пиша паққос тушираётган эди. «Бу мен еган энг мазали сомса», — деди у оғзини тўлдириб турган луқмани ямлаши билан. Ҳа, бу Ҳиндистондаги сомсадан катта фарқ қилар, биз ҳар куни шу сомсадан тановул қилиш иштиёқи билан уйғонар эдик.
Бир куни сомсапаздан шаҳарнинг энг мазали палови тайёрланадиган манзилни сўрадик.
«Бу – менинг хонадоним! Мазали ош пиширишда аёлимнинг олдига тушадигани йўқ».
У бизни меҳмонга таклиф қилди.
Кейинги куни сомсачи амакининг уйига бордик. Қанчалик банд бўлмасин, бу меҳмоннавоз инсон икки жаҳонгаштани меҳмон қилиш учун вақтини ҳам, борини ҳам аямаган экан. Биз пастак стол (хонтахта) атрофида чўкдик. Ошхонадаги жараён сомсачи амакининг аёли ҳали ҳам пишир-куйдир билан овора эканлигидан дарак. Кўп ўтмасдан даврамизга гитара кўтариб олган одам қўшилди. Бизнинг кўнглимизни олиш учун мезбон уни атайлаб чақиртирган экан. Бу ҳаваскор қўшиқчи Жими Ҳендрикс, «Битлз», Брайн Адамс, Элвис Преслидан куйлаганида тасанно айтишдан бошқа чорамиз қолмади.
Тушликдаги ош шу қадар тотли ва хушхўр эдики, сомсачи амаки бизга энг тўғри манзилни айтганига, Бухорода энг мазали палов айнан шу хонадонда тайёрланишига шубҳа қолмади.
Хайр, Ўзбекистон!
Бу юртдаги саёҳатимиз поёнига етган эди. Озроқ пул ечиб олиш учун банкомат изладик. Чунки Эронда пул ечиб олишнинг умуман имкони йўқ эди. Халқаро картадан пул ечиб олиш осон кечмади. Ниҳоят, шундай банкни топдик. Бу ердаги бошқа сайёҳлар қаторида биз ҳам сўнгги тонгни кун қизигунига қадар шу банкда дилимиз хуфтон, таъбимиз хира бўлиб ўтказдик.
Айтгандай, бу юртга йўлингиз тушса, бозорларга албатта киринг ва самимий, хуштабиат ўзбек халқи билан суҳбат қуринг!
Инглиз тилидан Шуҳрат Сатторов таржимаси
Мазкур очерк «Bangalore Mirror» газетасининг
расмий сайтида 2017 йилнинг 13 августида эълон қилинган.
Мазкур очерк «Bangalore Mirror» газетасининг
расмий сайтида 2017 йилнинг 13 августида эълон қилинган.
Манба: Xabar.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?