
Сўнгги пайтларда Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига тез-тез фото ва видео роликлар жойлаштираётганига гувоҳи бўлаяпмиз. Айниқса, эл суйган хонанданинг куни кеча рақсга тушаётган видеоси кўп муҳокама бўлди. 55 ёшида ҳам ана шундай шижоатга эга ўзбек примадонаси бизнинг бугунги суҳбатдошимиз. У билан ҳаёт ва ижод олами ҳақида гаплашдик. Дарвоқе, Юлдуз Усмонованинг ширин хотиралари сизни ҳам бефарқ қолдирмайди, деган умиддамиз.
— Санъатдаги илк қадамларингизни эслаб турасизми?
— Педагогика билим юртини тамомлаётган йилим машҳур қўшиқчи Тамарахонимнинг синглиси Гавҳар Раҳимова билан учрашиш бахтига муяссар бўлдим. Ўшанда халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган тадбирдаги иштирокимни диққат билан кўргач, мени ўзлари ташкиллаштирган “Марғилон хандаси” ансамблига таклиф этганлар. Шундан сўнг Тошкентга келганимизда Гавҳар опа Саодат опанинг уйларига олиб бориб мени таништирганлар. Улар дастлаб бўйим пастлиги учунми эътибор бермаганлар. Ашуланинг авжига чиққанимда кўзларини катта очиб, “Ўзингни эҳтиёт қил, овозинг жуда ширали экан” деганларини ҳеч қачон унутмайман.
— Асли мақом ашулачиси бўлгансиз, лекин тингловчилар сизни миллий эстрада хонандаси сифатида билишади. Нега кенг оммага мумтоз қўшиқларингизни тақдим этмагансиз?
— Ҳақиқатан ҳам “Самарқанд ушоғи” қўшиғи билан санъатдаги илк муваффақиятимни қўлга киритиб, Консерваторияга ўқишга қабул қилинганман. Аммо кутилмаганда санъатдаги қарашларим ўзгарди. Нокамтарлик бўлмасин-у, аммо миллий эстрада қўшиқларини куйлашни мен бошлаб берганман. Ботир Зокировнинг оркестр билан қўшиқ куйлашлари кўпроқ жаз йўналишига киради. Бугунги миллий эстрадани эса, мен “Ҳо қоқиламану, қоқиламан” дея халқ лапарларини айтиб рақс тушиш билан бошлаб берганман, деб ўйлайман.
— Бугунги қўшиқчиларнинг энг катта камчилиги нима?
— Авваламбор ўз ишига меҳр-муҳаббат зарур. Хонанда санъатни севиши, қўшиқлари халқнинг дардига малҳам бўлиши керак. Кейинги пайтларда кўпчилик санъаткорлар салом берсанг, алик олгиси ҳам келмаяпти, дейишяпти. Бунинг сабаби кибр. Шундайларнинг юзига “Қўшиғингни халқ эшитмаса, сен кимсан?” дегим келади.
– Бир муддат Туркияда ҳам ижод қилдингиз. Ўзбек ва турк тингловчилари орасида қандай тафовутларни кўрасиз?
– Туркияликлар сокин қўшиқларимни яхши кўриб тинглашди. У ерда мени нафақат қўшиқчи деб билишди, ҳатто машҳур санъаткор Иброҳим Тотлисас ҳам “Устоз-санъатчи” деб атади. Чунки мусиқий йўналишда, қўшиқчиликда ўз мактабимга эгаман. Устозлар “Овоз эшакда ҳам бор” деб бежизга айтишмаган. “Ооо!” деб бақиришдан фойда йўқ. Санъаткордаги иқтидорни халқ эъзозласагина азизу мукаррам бўлиши мумкин. Биласизми, тингловчилар ўртасида деярли фарқ йўқ. Турклар ҳеч нарсадан уялишмайди, санъаткор билан баравар қўшиқ куйлайверишади, баравар ўйнайверишади.
— Китобингиз ҳам чоп этилибди. Қизиқ, нима учун бу ишга қўл урдингиз?
— Манманликка йўйманг-у, лапар йўналишидаги қўшиқларни айтиб, миллий эстрадани ривожлантирганларнинг биттаси ўзимман деб ўйлайман. Кўп йиллар мобайнида санъатни кузатиб боряпман. Билганларимни китоб қилиб ёзиб ўзимдан кейинги авлодларга қолдириб кетиш ниятидаман. Насиб қилса, ҳадемай “90-йиллар қўшиқларига бугунги кундаги ёндашув” мавзусида диссертация ёқлайман. Менимча, булар санъат олдидаги ҳам фарзим ва қарзим.
— Айни дамда қизингиз ҳақида юрагингизда қандай ўйлар бор?
— Қизим – ҳаётим қувончи, унга нисбатан юрагимда фақат эзгу ўйлар бор. Ёлғизим ўзидан кўпайиб, менга шириндан-шакар 4 нафар набирани ҳадя қилди. Илоҳим бахти тўкис бўлсин, санъатда ҳам омади чопсин, элнинг севимли санъаткори бўлиб юраверсин!
— Бувилик мақоми ҳақида гапиринг. Набираларингизнинг тарбиясига қай даражада ёрдам беряпсиз?
— Шундай набираларим борлиги учун Аллоҳимга беҳисоб шукр! Лекин уларни жуда ортиқча суйишга, эркалашга, тарбиясида ёрдам беришга вақтим йўқ. Жуда кўп қувонишга ҳам қўрқаман, набираларим назарланмасин, дейман. Ўзим билан ўзим овораман. Катта набирам ҳозир Лондонда таҳсил оляпти. Набираларимнинг ҳаммаси қайси касбни эгаллашларидан қатъий назар энг аввало ҳалол йигитлар бўлишини истайман. Жамоатга, халққа керакли, корига ярайдиган инсонлар бўлишсин. Чунки бир бурда нонга қорнимиз тўяди. Дастурхонга фотиҳа ўқирканман, Аллоҳга шукрона айтаман ва уларни фақат яхшиликка ундайман.
— Кўзгуга қараганингизда кўнглингиздан қандай ўйлар ўтади?
— (кулимсираб) Кўзгуга жуда кам қарайман. Чунки бунинг учун вақтим йўқ. Эрталаб бир марта бўяниб олсам бўлди, шу билан ўзимга қараш учун фурсатим етмайди. Бош балетмейстеримиз Равшаной Шарипова нега бўянмайсан, деб баъзан уришиб ҳам қўяди. Илгарилари юзимга ҳар хил ниқоблар қилиб турардим, ҳозир эса ҳафсалам етишмаяптими, билмайман. Яшириб ўтирмайман, яқинда пластик жарроҳларга мурожаат этдим. Халқнинг назарида бўлганингиздан кейин баъзан шундай қилиб туришингизга ҳам тўғри келаркан.
— Юлдузхон ошхонада… Ҳеч ким буни тасаввур қилолмаса керак. Уй юмушлари билан шуғулланиб турасизми?
— Уй юмушларидан қайси бирини уддалоламайсиз, деб сўранг. Биронта уй ишларидан қочмайман. Болалик чоғларимдан ҳар хил таомлар тайёрлаш, айниқса ош дамлаш, пишириқлар пишириш жону дилим эди. Аёл киши учун таом пишириш энг роҳатли иш-ку. Агар шарт-шароитим бўлса, қўй, мол боққан бўлардим. Афсус, шаҳар шароитида бунинг иложи йўқ.
— Нималардан армон қиласиз?
— Авваллари ўғлим йўқ деб армон қилардим. Ҳозир катта набирам ўғлимдай бўлиб қолган.
— Чарчоғингизни қандай чиқарасиз?
— “Вой, чарчадим”, демайман. Биласизми, инсон истаса албатта хоҳлаган ишини қила оларкан. Менинг ёшимдаги аёлларнинг орасида беморлари, қон босими ошганлари борлиги сир эмас. Туркиядан қайтганимда мен ҳам “форма”дан бироз чиққандим. Қон босимим озгина қийнарди. Лекин қисқа фурсатда ўзимга керакли ҳолатга қайтдим. Ўрта ёшли аёллар келин олганларидан кейин ўзини “қўйиб юбораркан”. Келин хизматимни қиляпти деб дангаса бўлиб, ўзига касаллик орттираркан. Қайнонасини яхши кўрган келинлар “Ойижон, ўргатинг” деб бирга юриши ва кечқурун оёғини уқалаб ухлатиб қўйиши керак экан. Ана шунда қайноналар ҳам анча соғлом бўлишаркан. Инсон қимирласа, ишласа, касал бўлмас экан.
Манба: protoday.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар