15:10 / 29.10.2018
3 797

АҚШлик тадқиқотчи Кристофер Фортни ўзбек тилини ўрганишга нима мажбур қилди?

АҚШлик тадқиқотчи Кристофер Фортни ўзбек тилини ўрганишга нима мажбур қилди?
Фото: "Халқ сўзи"

Чет элликларнинг она тилимизга тез-тез мурожаат қилаётгани ўзбек тилининг дунёдаги мавқеи юксалиб бораётганидан далолатдир. АҚШлик адабиёт мухлиси, мустақил тадқиқотчи Кристофер Форт она тилимизни пухта ўрганиб, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романини инглиз тилига таржима қилгани ҳам бунга ёрқин бир мисол бўла олади. У билан интернет орқали суҳбат уюштирдик деб ёзади "Халқ сўзи" нашри.

— Жаноб Форт, сизнинг ўзбек тилига қизиқишингиз ва меҳрингиз бизни доим хурсанд қилади. Туркий тиллар орасидан айнан ўзбек тилини ўрганишингизга нима сабаб бўлган?
— Ўзбек тилини ўрганишни университетда илмий раҳбарим тавсия қилган эди. Изланишларим жараёнида ушбу тилнинг имкониятлари нақадар кенглигини, илдизлари бақувват ва мустаҳкамлигини, бугун ҳам Марказий Осиёнинг катта ҳудудида истеъмолда эканини билдим. Алишер Навоий, Бобур, Абдулла Қодирий, Чўлпон сингари буюк сўз санъаткорлари, улуғ адиблар ижод қилган тилга меҳрим тушди. Қийинчиликларга қарамай, ўрганишдан тўхтамадим. Мана, бугун ўзбек тилида эркин сўзлашаман ва ёза оламан.

— Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романини инглиз тилига таржима қилганингиз нафақат ўзбек, балки жаҳон адабиёти учун ҳам алоҳида аҳамиятли. Ушбу асарни танлашингизга нима туртки берди?
— Чўлпоннинг ўзига хос эстетик қарашлари, фалсафаси мени жалб қилди. 1920 ва 1930 йилларда асар ёзган бошқа ўзбек ёзувчиларидан фарқли ўлароқ Чўлпоннинг насрий тили жуда ширали. Ҳар ҳолда мен шундай ўйлайман. Менимча, Чўлпон жадид адабиётининг моҳиятини янги бир босқичга кўтарди. Жадидлар миллатни таназзулдан чиқаришни хоҳлаганлар. Ривожланишнинг ўзига хос йўлларини бадиий бўёқларда кўрсатиб берган. Шу боис жадид адабиётининг қадри ва аҳамияти ҳеч қачон йўқолмайди.

— Ўзбекистонда адабиётга эътибор ҳақида нима дея оласиз?
— Август ойида Тошкентда ўтказилган халқаро конференцияда иштирок этдим ва унда Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз”и ҳақида нутқ сўзладим. Конференция мобайнида Ёзувчилар уюшмасининг янги биноси, ундаги замонавий шароит, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида яратилган имкониятлар, умуман, республикадаги адабий муҳит менга жуда ёқди.

Тил ва адабиёт ривожига берилаётган эътибор ҳавасимни келтирди. Америкада ҳам албатта адабиётга эътибор беришади, бироқ бизларда услуб сал бошқача. Сизларда Навоий, Қодирий, Чўлпон деса кўпчилик танийди. Таълим муассасаларида ҳам улар ҳаммага бирдай ўқитилади. Бизларда ҳар хил мактабларда ўқиган болалар гаплашиб қолсалар, бир-бирларидан кимларни ўрганаётганликларини сўрашади. Аслида, миллат намоёндалари барчага бирдек таништирилиши керак. Юртингизда аждодлар ва уларнинг ижодий меросига ҳурмат бошқача. Бу эса тараққиётга муҳим пойдевордир.
Юлдуз ЎРМОНОВА суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » АҚШлик тадқиқотчи Кристофер Фортни ўзбек тилини ўрганишга нима мажбур қилди?