15:00 / 26.11.2021
6 213

Фаҳш саҳналар, «конфет» актёр-актрисалар, савиясиз сценарийлар ёхуд ўзбек сериаллари ҳақида

Фаҳш саҳналар, «конфет» актёр-актрисалар, савиясиз сценарийлар ёхуд ўзбек сериаллари ҳақида
Ўзбекистон аҳолисининг аксарият қисмини сериалсевар десак, сира муболаға бўлмайди. 90 йиллар охирида Жанубий Американинг «Морена Клара», «Муҳаббат қаҳваси», «Ёлғон асираси», «Камила» номли сериалларини кўришга одатланган томошабинлар вақт ўтиб, япон ва корейсларнинг «Ошин», «Сарой жавоҳири», «Жумонг», «Денгиз ҳукмдори», «Қиш сонатаси» сингари телемаҳсулотлари билан вақт ўтказди. Кейинчалик «Кумуш», «Ҳиноли қор», «Алия», «Ишкомли уй» каби турк сериаллари ўзбек телеканаллари дастурларидан жой олди.

Бу давр ичида ўзбекистонлик режиссёрлар томонидан «Кўнгил кўчалари», «Шайтанат», «Қирқ тоғоранинг, қирқ ноғораси», «Қайтар дунё», «Ҳаёт жилғалари», «Меҳмонжонлардан айланай», «Жийда гули», «Опа-сингиллар» каби кўп қисмли фильмлар яратилди. Аммо хориж киноларини севиб кўришга ўрганган томошабинларга яна чет эл сериалларини намойиш этиш одат тусига кирди.

Яқин бир неча йил ичида «Севги изтироби», «Ҳовли», «Қора ният», «Сўйла, Қора денгиз», «Фазилатхоним ва қизлари» каби турк сериалларидаги айрим саҳналар ва актёрларнинг хатти-ҳаракати ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларни келтириб чиқаргани кўпчиликка маълум. Миллий менталитет, маънавият ва ўзбекчиликка тўғри келмаслиги ҳақида бонг урилгач, баъзи сериалларни намойиш этиш тўхтатилди. Худдики шу орқали муаммога ечим топилгандек бўлди.

Охирги йилларда экранларда хориж сериаллари ўрнини ўзбек сериаллари эгаллади. Деярли барча телеканалда чет эл сериалини эфирга узатиш тўхтатилди. Давлат каналлари қатори хусусий телеканалларда ҳам миллий сериалларни намойиш этиш анъанага айланди. Бу, албатта, қувонарли ҳолат. Лекин сериал бозорида сифатли телемаҳсулотлар сони тобора камайиб боряпти.

«Аёл қасоси», «Кундош», «Мардикор аёл», «Ўжар ҳомиладор», «Қодирхон», «Қўрқма, юрак», «Али ва Алия»... Булар айни пайтда ўзбек телеканалларида эфирга узатилаётган сериаллар номи. Рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Миллий маҳсулот, дея миллионлаб томошабинларни экран қаршисига «михлаётган» бу каби сериаллар сони тобора ортиб бормоқда. Уларнинг турфа номда турли режиссёрлар томонидан суратга олиниши қувонарли. Аммо аксарият телемаҳсулотларни сифат жиҳатдан мақтаб бўлмайди. Биз бугунги ўзбек сериаллари юзасидан соҳа мутахассисларининг фикрларига қизиқдик.

«Шевада гапиришларини ҳазм қилолмайман»
«Гулхан атрофидагилар», «Туташ тақдирлар», «Опа-сингиллар» сериаллари режиссёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Замира Бегимқулованинг қайд этишича, бугун нафақат хусусий, балки давлат телеканалларидаги ўзбек сериалларида ҳам қаҳрамонларнинг шевада гапириши одатга айланган.

Режиссёр Замира Бегимқулова
Фото: Шахсий архивдан

«Режиссёр сифатида бу ҳолатни ҳеч ҳазм қилолмайман. Бир оиланинг икки, уч нафар аъзоси бир қанча шевада гапираётганини кўп кузатяпман. Сценарий муаллифлари ва режиссёрлар адабий тил меъёрларига амал қилса яхши бўларди.

Шунингдек, актрисаларнинг ҳаддан ташқари пардоз қилиниши, актёрларнинг кўпчилиги соқол билан экранда кўриниши ҳам мени ажаблантиради. Соқолга бу даражада ружу қўйилишининг сабабини билмайман, очиғи. Соқолга қарши чиқмоқчи эмасман. Лекин ҳар нарсада чегара бўлиши керак, асалнинг ҳам ози ширин.

Шиширилган лаб, улама киприк ва кучли пардоз қилинган актрисалар камбағал, қийналган, мардикор, маҳкума аёллар ролини ўйнаши ҳам ғалати. Бугунги замон томошабини бунга ишонмайди, уларни алдашга уриниш катта хато.

Пардоз, соқол туфайли аксарият актёр ва актрисалар ташқи кўриниши жиҳатдан бир-бирига жуда ўхшаб кетяпти. Бир қанча актёрлар бир қатор сериалларда кўриниш беряпти. Шунинг учун оддий томошабин сериалларни ажратиб олишга қийналмоқда. Пардоз масаласига жиддий аҳамият қаратилмаяпти. Сериалларда уруш, жанжал ва қонли саҳналар ҳам кўп.


«Опа-сингиллар» сериалини суратга олиш жараёни
Фото: Режиссёр Замира Бегимқулованинг шахсий архивидан

Аслида, Ўзбекистонда азалдан яхши сценаристлар деярли бўлмаган, ҳозир ҳам худди шундай. Сериаллар ичида савиясиз сценарий асосида ишланганлари талайгина. Лекин ўзбек ёзувчиларининг яхши ҳикоя, қисса ва романлари кўп. Режиссёрлар мана шулардан фойдаланиб, сериал олса, муваффақиятли лойиҳалар яратилади.

Сўнгги уч йил ичида фақат «Сизсиз ўтмас кунларим» сериалини томошабин сифатида бошидан охиригача қизиқиб кўрдим. Профессионал актёрлар ижроси, сценарий жуда ёқди. Актриса Шодия Абдуқодировани ўзим учун қайтадан кашф қилдим. «Мени асра» номли сериал ҳақида ҳам кўплаб киноижодкорлардан илиқ фикрлар эшитдим. Лекин ўзим ҳали кўрганимча йўқ
», — дейди Замира Бегимқулова.

«Сериал бизнеси урфга кирди»
«Севимли» телеканалида намойиш этилган «Қадам» ва «Мени асра» сериаллари режиссёри Бахтиёр Сафаровнинг фикрича, ҳозирги кунда сериал олишдан асосий мақсад катта даромад топиш бўлиб қолмоқда.

«Ўзбек сериалларининг кўпайиб кетгани сабаб бу йўналишда бироз танаффус қилишимга тўғри келди. Иккита сериал суратга олиб, маълум миқдорда тажриба тўплаган бўлсам-да, аммо ҳозирги сериал бозорига кирмасликка қарор қилдим. Гап рақобатдан чўчишда эмас. Шунчаки, санъатни саноатга айлантиришга ҳисса қўшиш ниятим йўқ.

Режиссёр Бахтиёр Сафаров
Фото: Шахсий архивдан

Бугун сериал олишдан кўзланган биринчи мақсад даромад ишлаш бўлмоқда, буни яширишнинг ҳожати йўқ. Агар эсласангиз, 2008–2010 йилларда хусусий кинолар бизнеси анча кучайган эди. Кейинчалик ҳар бир телеканалда актриса ва хонандаларнинг бошловчи сифатида экранга чиқиши, кўрсатув тайёрлаш бизнеси авж олди. Ҳозир эса сериал бизнеси урфга кирган.

Мен бу бизнесга аралашсам, ижодимни иккинчи планга қўйишга мажбур бўламан. Яширмайман, сценарийси тайёр сериалларга режиссёрлик қилишга кўп таклифлар тушяпти. Лекин рад жавобини беряпман. Сабаби инсон қиладиган ишидан, аввало, ўзи завқланиши керак
», — дейди Бахтиёр Сафаров.

Продюсернинг қариндоши, «конфет» актёрлар...
Унинг таъкидлашича, сериалларнинг аксариятида жой ва кийимлар масаласига жиддий аҳамият қаратилмаяпти.

«Ҳозирги сериалларга актёрлар нотўғри танланмоқда. Томошабин эътиборини тортиш учун икки-уч нафар таниқли ва профессионал актёрлар жалб қилиняпти, холос. Қолганларини суриштирсангиз, продюсернинг қариндоши ёки гонорар олмасдан текинга роль ўйнаётган ҳаваскорлар, «конфет», яъни пул бериб экранга чиқиш орзусида юрганлар экани маълум бўлади. Барибир таниш-билишчилик ва пул бериб роль ўйнайдиганлар бор, буни санъат вакиллари жуда яхши билади. Мана шу ҳолат ғашимни келтиради.

Улар сериалдаги хатти-ҳаракати билан бу соҳа одами эмаслигини ёки актёрлик қобилияти йўқлигини билинтириб қўяди. Режиссёр актёрлар жамоасини шакллантиришда санъат соҳасида ўқиб, танилмаган актёрларни, истеъдодли ёшларни танлов асосида саралаб олса бўлади. Аммо ҳамма нарса бориб маблағга тақалади, иложсизликдан таниш-билишларга роль бериляпти
», — дея таъкидлади режиссёр.

«Профессионал актёрларнинг даражаси тушиб кетяпти»
Сафаров сериаллардаги камчиликлар ҳақида гапираркан, аҳолининг зиёли қатлами сериал кўрмаслигини айтди.

«Ўзбек сериаллари кўпайишининг энг катта плюс томони шуки, хориж сериалларидаги ёт ғоялар бизга кириб келмайди. Ўзимизнинг миллий маҳсулотлар яратилиши қувонарли ҳолат. Лекин минус тарафлари ҳам йўқ эмас.

Ҳаётий мавзулар деб, томошабинни қизиқтириш учун жинсий ва оилавий зўравонлик, фаҳш ва ваҳшийлик акс этган саҳналар кўпайиб кетмоқда. Натижада одамларда ҳаддан ташқари агрессия ҳосил бўляпти, томошабинларнинг кўзи шунга мослашиб, бундан-да ваҳший ёки даҳшатли манзараларни кўргиси келади, дийдаси қотади, диди саёзлашади ва ҳайратланиш туйғуси йўқолади
.

«Қадам» сериалидан кадр
Фото: Бахтиёр Сафаров

Режиссёрларни ҳам тўғри тушунаман. Чунки улар шундай саҳналар орқали томошабинларни экран қаршисига чорлашга, қизиқиш уйғотишга ҳаракат қиляпти. Лекин сериал кўрган одам маънавий томонлама ҳам дам олиши, маза қилиши керак-ку. Тўғри, юқорида айтиб ўтилган ҳолатлар жамиятда учраб турибди. Лекин уларни очиқ-ойдин экранга олиб чиқмай, бадиийлик билан тасвирга туширса ҳам бўлади-ку!

Тан олиш керак, сериалларимизда тарбиявий аҳамиятга эга саҳналар, таъсирли диалоглар ҳам бор. Лекин одамни асабийлаштириб, жазавага туширадиган эпизодлар бисёр.

Гонорари қиммат ва қадри баланд бўлган актёрлар ҳам сифатли фильмлар йўқлиги ҳамда пул учун сериалларда суратга тушишга мажбур бўлмоқда. Улар ҳам оиласини боқиб, тирикчилик қилиши керак, яхши киноларга таклиф кутиб, вақтини ўтказмайди-ку. Шу сабаб кўплаб профессионал актёрларнинг даражаси тушиб кетяпти.

Ҳозир «ўзбек сериалларини кўрмайман», деган гапни кўпчиликдан эшитамиз. Ўзини ҳурмат қиладиган, ўз устида ишлайдиган, вақтини қадрлайдиган аудитория, яъни зиёли қатлам ўзбек сериалини кўрмаяпти. Бу — ҳақиқат!

Шунинг учун ҳам биз ижодкорлар ўз устимизда изланиб, сифатли ва бадиий жиҳатдан савияли маҳсулотларимиз билан диди нозик ҳар қандай ёшдаги томошабин кўнглини забт этишимиз зарур
», — дейди Бахтиёр Сафаров.

«Бош қаҳрамон тақдири томошабин ёдида қолмаяпти»
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шодия Абдуқодирова ўзбек сериалларининг кўпайиб бораётганини ижобий баҳоларкан, аммо сифатсиз маҳсулотлар ҳам талай эканини қайд этди.

«Ўзбек сериалларининг кўпайиши, албатта, яхши ҳолат. Чунки телеканаллар ўртасида рақобат пайдо бўлади. Томошабинларда эса танлов имконияти кенгаяди. Сериалларнинг сон жиҳатдан кўплиги ва суратга олиш ишларининг тезлиги актриса сифатида мени қувонтиради.

Актриса Шодия Абдуқодирова
Фото: Шахсий архивдан

Лекин сони кўп бўлса-да, улар орасида савиясиз, пухта бўлмаган маҳсулотлар ҳам талай эканини алоҳида таъкидлаган бўлардим. Сифатдан кўра, сонга катта аҳамият қаратилишига қаршиман.

Илгари саноқли телеканаллар бўларди. Ўша давр учун жуда яхши мавзулар экранга олиб чиқиларди. Профессионал режиссёр ва актёрлар жамоаси жалб қилинарди. Сценарийлар ҳар жиҳатдан пишиқ бўлгани боис экран қаршисидаги одамлар қаҳрамонлар билан бирга яшарди, ибрат олишга ҳаракат қиларди, таъсирланар эди. Бугунги кунда кучли пиар қилинаётган сериалларнинг мавзуси, ундаги муаммо ва асосий қаҳрамоннинг тақдири томошабин ёдида қолмаяпти
», — дейди у.

«Ҳаваскорлар профессионалларнинг орқасига беркинмоқда»
«Қайтар дунё», «Туташ тақдирлар», «Меҳмонхона», «Сизсиз ўтмас кунларим» каби ўнлаб миллий сериаллардаги роллари билан ҳам танилган актрисанинг таъкидлашича, бадиий кенгашлар фаолиятини кучайтириш зарур.

«Сериалларга жуда кўп таклифлар келиб тушади, деярли ҳар ҳафта. Лекин қаҳрамонларимдан жўяли маъно топа олмаяпман. Бош роль бўлганда ҳам, у эзгуликка хизмат қилиши керак. Афсуски, охирги уч-тўрт йил ичида бирорта сериалда қатнашганим йўқ. Сабаби мен кутаётган, кўнглимдаги таклиф ва сценарийлар келмаяпти.

Ҳозирги сериалларнинг сценарийсида савиянинг пастлиги ва «тош йўқлиги» ғашимга тегади. Соҳага алоқаси йўқ ҳаваскорлар кўпайиб кетган. Оддий томошабин унинг актёр ёки ҳаваскорлигини ҳам билмайди. Қисқаси, профессионаллик етишмаяпти. Ҳамма ўз ишини бажарса ва сидқидилдан уддаласа, албатта, сифатли сериаллар яратилади.

Ҳаваскорлар томонидан ёзилган ва улар суратга олаётган сериалларда деярли 70 фоиз «конфет»лар роль ижро этмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, улар билан бир қаторда профессионал актёрлар ҳам роль ўйнаяпти. Ҳаваскорлар профессионалларнинг орқасига беркинмоқда.

Авваллари ҳар бир телеканалда бадиий кенгаш бўларди. Ҳозирги кунда борми ёки йўқ, билмайман. Агар мавжуд бўлса, уларнинг фаолиятини кучайтириш керак. Негаки, бугунги сериалларнинг бадиий жиҳатдан савиясини, этика-эстетика ва менталитетга тўғри келмайдиган саҳналарини назорат қилиш зарур. Савия жуда ҳам пасайиб кетган. Бир хил мавзулар, фаҳш ва ваҳшийлик тасвирланган саҳналар томошабинни зериктиради, дийдасини қотиради.

Шу ўринда бир нарсани унутмаслик керакки, ҳар доим талабга яраша маҳсулот яратилади. Ўзбек томошабинларнинг аксарияти жиддий мавзулардаги кино ва сериалларни кўришни хоҳламайди. Бунга бир эрмакдек қарашади
», — дейди Шодия Абдуқодирова.

Ўзбекистондаги рейтинги баланд хусусий телеканалларда айни кунларда қуйидаги сериаллар эфирга узатилмоқда:
- «Севимли» телеканали — «Мардикор аёл», «Қўрқма, юрак», «Ишқ ўйинлари», «Кўк кўз»;
- «Zo‘r TV» телеканали — «Қодирхон. Бахт шакли», «Кундош», «Кўнгил»;
- «Миллий» телеканали — «Бахт овчиси», «Ўжар ҳомиладор», «Аёл қасоси»;
- «Менинг юртим» телеканали — «Али ва Алия», «Журналист».

Ҳукумат қарори ўз кучини йўқотган
Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 12 июнда «Миллий сериал комплекс ижодий-ишлаб чиқариш дастури тўғрисида»ги қарори қабул қилингач, «Ўзбектелефильм» ДУК мазкур ҳужжатга асосан, ички низом ишлаб чиққан. Низомга кўра, миллий сериаллар бадиий кенгашда муҳокама қилинган. Аммо ҳукуматнинг 2006 йилдаги ушбу қарори 2021 йил 22 февралда ўз кучини йўқотган.

Бундан англаш мумкинки, давлат ва хусусий телеканалларда эфирга узатилаётган сериаллар кучли мутахассислар муҳокамасидан ўтказилмайди. Агар ҳар бир телеканал қошида бадиий кенгаш бўлганида, ҳозирги кунда мазмунан саёз сериаллар қўзиқориндек болалаб кетмас эди.

Кинематография агентлиги нима дейди?
Кинематография агентлиги ахборот хизмати раҳбари Нозим Сафаровнинг қайд этишича, агентлик фақат давлат буюртмаси билан суратга олинадиган ёки ҳамкорликда ишлаб чиқариладиган сериалларни назорат қилади.

«Президентнинг 2021 йил 7 апрелдаги ‘Кино санъати ва саноатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида’ги фармонига мувофиқ, хусусий телеканаллар билан ҳамкорликда сериаллар суратга олиш кўзда тутилган. Ушбу тартиб бўйича яратиладиган ва агентлик молиялаштирадиган бошқа сериаллар бадиий кенгаш тавсиясига кўра суратга олинади.

Хусусий телеканалларнинг ўзи мустақил ишлаб чиқарадиган ва бошқа хусусий студиялар томонидан ижтимоий тармоқлар, интернет каналлари учун суратга олинадиган сериалларнинг агентликка алоқаси йўқ. Кинематография агентлиги фақат давлат буюртмасига асосан ишлаб чиқариладиган ёки ҳамкорликда суратга олинадиган лойиҳаларни назорат қилади.

Ўтган вақт мобайнида ‘Менинг юртим’ телеканали билан биргаликда 120 қисмли ‘Қодирхон’ сериали суратга олинди. ‘Zo‘r TV’ телеканали билан ҳамкорликда соғлиқни сақлаш ходимлари тўғрисида ҳикоя қилувчи ‘Нажоткорлар’, ‘Севимли’ телеканали билан эса ‘Орзулар палатаси’ сериаллари экран юзини кўрди. Шунингдек, ‘Ибрат’, ‘Авлоний’, ‘Маҳмудхўжа Беҳбудий’, ‘Сабр-у садоқат’ каби бадиий фильмлар ҳам сериал кўринишида қайта ишланди.

Хусусий телеканаллар билан ҳамкорликда сериаллар олиш амалиёти жорий йил ҳам давом этиб келмоқда. Бир қатор телеканаллардан лойиҳалар бўйича таклифлар келиб тушган. Ҳозирда улар бадиий кенгаш томонидан кўриб чиқилмоқда
», — дейди Нозим Сафаров.

Биз мазкур мақола орқали бугун суратга олинаётган ўзбек сериалларининг барчасини сифатсиз маҳсулотлар дейишдан йироқмиз. Аммо савияли сериаллардан кўра, рейтинг учун ишлаб чиқарилаётган маъно-мазмунсизлари кўплиги ойдек равшан. Бу каби сериалларни ҳар томонлама элакдан ўтказувчи бадиий кенгашларни ташкил қилиш, мавжудларининг фаолиятини қайта кўриб чиқиш зарур деб ҳисоблаймиз. Зеро, шундан кейин том маънодаги миллий телесериаллар сони ортса!

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Фаҳш саҳналар, «конфет» актёр-актрисалар, савиясиз сценарийлар ёхуд ўзбек сериаллари ҳақида