Голливуд киноиндустрияси яна бир буюк шахсини йўқотди. “Чўқинтирган ота” ва “Энни Холл” фильмлари орқали миллионлаб томошабинлар муҳаббатини қозонган машҳур актриса Даян Китон 79 ёшида вафот этди. Бу ҳақда унинг расмий вакили People нашри орқали маълум қилди.
Вакилнинг сўзларига кўра, актрисанинг ўлим сабаби ҳозирча ошкор этилмаган. “Оиласи бу оғир фурсатда оммавий ахборот воситаларидан шахсий ҳаёт дахлсизлигини ҳурмат қилишларини илтимос қилади”, — дейилади расмий баёнотда.
Даян Китон — кино оламидаги бетакрор сиймолардан бири эди. У Фрэнсис Форд Коппола томонидан яратилган “Чўқинтирган ота” (The Godfather) трилогиясидаги Кей Адамс-Корлеоне роли билан бутун дунёга танилган. Бу образ унинг ижод йўлида бурилиш нуқтаси бўлди ва уни Голливуддаги энг нуфузли актрисалар сафидан жой олдирди.
1977 йилда Китон “Энни Холл” фильмидаги маҳоратли ижроси учун “Оскар” мукофотига сазовор бўлди. Бу фильм Вуди Аллен билан унинг ижодий ҳамкорлигининг энг юқори нуқтаси ҳисобланади. Кейинчалик у “Қизиллар”, “Марвин хонаси”, “Куперларни севиш” ва “Биринчи хотинлар клуби” каби картиналар орқали яна бир неча бор “Оскар” ва “Олтин глобус” мукофотларига номзод бўлди.
Даян Китон нафақат актриса, балки режиссёр, продюсер ва ёзувчи сифатида ҳам ўз изини қолдирди. Унинг режиссёр сифатидаги ишлари ҳам мунаққидлар томонидан ижобий баҳоланган. Шу билан бирга, у ижтимоий фаоллиги билан ҳам танилган — айниқса, Альтсгеймер касаллигидан азият чеккан беморларга ёрдам кўрсатувчи хайрия ташаббусларида фаол қатнашган.
Ижодкорнинг яқин дўстлари уни “ҳар бир саҳнада самимийликни намоён этган, табиий жозибаси билан кинони жонлантира олган инсон” сифатида эслашмоқда. Китон Голливуддаги кўплаб ёш авлод актрисалари учун илҳом манбаига айланган эди.
Даян Китон ўзининг сўнгги йилларигача ижодни тўхтатмаган, янги сценарийлар устида ишлаган ва ёш режиссёрларга маслаҳатлар берган. Унинг сўнгги катта лойиҳаси — “Китоб клуби” фильми — мухлислар томонидан илиқ кутиб олинганди.
Голливудда унинг хотирасига бағишланган махсус тадбир ўтказилиши режалаштирилмоқда. Миллионлаб мухлислар учун эса Даян Китон фақат актриса эмас, балки севги, табиийлик ва кучли аёл образининг рамзи сифатида ёдда қолган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!