13:00 / 15.11.2022
1 118

Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи ким ёхуд кучлилар ҳақида гап кетганда...

Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи ким ёхуд кучлилар ҳақида гап кетганда...
2022 йилги чемпионат тугаб, жамоалар танаффусга чиқиб кетдилар. Бундай пайтда сарҳисоб қилиш одатий ҳолга айланади. Кимнинг қандай иштирок этгани, нима каромат кўрсатгани эътиборга олинади.

Шу жумладан, натижа учун асосий жавобгар бўлган бош мураббийлар борасида ҳам якуний хулосалар юзага чиқади. Айниқса, ўзини кўрсата олган энг яхши мураббийлар доимо эътиборда ва муҳокамада бўладилар. Жорий йилгиси ҳам бундан мустасно эмас.

Максим Шацких – “Пахтакор” бош мураббийи

Макс “Пахтакор” клубида мавсум бошидан ишлагани йўқ. Асосан чемпионат ўрталарида келди. Аввалига спорт директори бўлиб қисқа фурсат кўриниш берди. Кейин кутилганидек бош мураббий лавозимини эгаллади. Рости, Шацких иш бошлаганидан сўнг ҳам “Пахтакор”нинг чемпионлигига ишонмаганлар кўпроқ эди. Негаки, “Шерлар” ўта кучли сифатида кўзга ташланмаётганини эътироф этаётганлар анчагина эди. Устига-устак Максим Александровичнинг жамоадаги мураббийлик фаолияти силлиқ бошланмади. Орада қоқилишлар бўлди,

Ўзбекистон Кубоги чорак финалида курашни тўхтатди. Натижада бор эътиборни чемпионликка қаратди. Бу курашда ҳам “Пахтакор”нинг имконияти ўртача баҳоланаётганди. Лекин “Насаф”нинг кутилмаган қоқилишидан Шацких унумли фойдаланиб қолди. Муҳим паллаларда керакли ғалабаларни қўлга кирита олдилар. Шундай қилиб, Максим клубдаги дебют мавсумидаёқ чемпионликка эришиб, мураббий сифатида олдинга катта қадам ташлай олди. Бу унинг бош мураббийлик фаолиятида ҳам дастлабки совринига айланди.

Самвел Бабаян – “Навбаҳор” бош мураббийи

Тан олиш керак, Бабаян ва “Навбаҳор” чемпионатдаги интригани анча қиздириб берди. У таркибни ҳам зўр тузди. Мақсад ҳам катта эди. Албатта, мана шундай кучли таркиб билан нимадир ютиши ҳам шарт эди, аслида. Буни Самвел Вячеславович яхши билиб турганди. Ўзбекистон Кубоги финалигача етаклай олди. Бироқ Бухородаги ҳал қилувчи ўйинда унинг жамоасидан омад юз ўгирди. Чемпионатда ҳам олтин медал учун охиригача кураш олиб борди. Бунинг учун “Навбаҳор”да имконият сақланиб турди. Якунда Бабаян илк бор “Навбаҳор”га кумуш медални тақдим эта олди. Ҳали клуб тарихида бунақаси бўлган эмас.

Қолаверса, бир неча тур олдин 4-ўриндан тушиб кетмаслиги ойдинлашгач, Осиё Чемпионлар лигаси йўлланмаси ҳам қўлга киритилди. Бабаян бу йил “Навбаҳор”да мустақил равишда бош мураббий сифатида ишлаб, “Навбаҳор”ни Кубок финалига олиб чиқди, чемпионатда 2-ўринни эгаллади ва Осиё Чемпионлар лигасига “чипта”ни қўлга киритди. Эътибор берсак, наманганлик мухлисларнинг узоқ йиллардан бери хоҳлаётган мақсадлари амалга ошди. Бабаяннинг натижалари ижобий баҳоланмоқда. Дарвоқе, у икки марта Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи бўлган.

Рўзиқул Бердиев – “Насаф” бош мураббийи

Бердиевда ҳали бу йилдагичалик ажойиб имконият бўлмаган бўлса керак-а? Аввалига жамоасини Осиё Чемпионлар лигасида гуруҳ босқичидан олиб чиқди. Кейин Ўзбекистон Кубогини яна бир бор қўлга киритди. Кейинги, асосий вазифа чемпионлик эди. Бу борада ҳам “Насаф”да ҳаммаси яхши эди, имконият клубнинг ўз қўлида турганди. Иккита тур қолганида қаршиликлар қандайдир тушунарсиз равишда қоқилишди. Ўз уйида “Нефтчи”га, кейин сафарда “Олимпик”ка мағлуб бўлиб, чемпионликни қўлдан чиқариб юборди.

Охири иккинчи ўриндан ҳам қуруқ қолиб, учинчи поғонага жойлашди. Агар илк бор чемпионликни қўлга киритганида борми, Бердиев сўзсиз Ўзбекистоннинг 2022 йилдаги энг яхши мураббийи бўлишига шубҳа қолмасди. Ҳозир ҳам бу масалада унда имконият бор. Бунгача бир неча бор Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи бўлиб келмоқда. Барибир умумий маънода олиб қаралганда, “Насаф” Кубокни ютди ва бронзага сазовор бўлди, чакки эмас. Шу билан бирга бош мураббий янги ёшларни кашф қилишда давом этяпти.

Тимур Кападзе – “Олимпик” клуби бош мураббийи

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси негизида ташкил қилинган “Олимпик” клубининг Суперлигадаги дебют иштироки жуда яхши чиқди. Кападзе ёш футболчилар билан илк уринишда 6-ўринни банд қила олди. Рости, ундан ва унинг жамоасидан бундай натижани кўпчилик кутмаганди. “Олимпик” рақибларига шунчалик бош оғриғи бўлишдики, қисқа фурсат ичида ўз ўрнига ва ўйин услубига эга бўлди. Шунингдек, Кападзе Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан Тошкентда ўтган Осиё чемпионатида финалгача етиб борганини ҳам биласиз. Буларнинг барчаси бежиз эмас. Тимур Кападзеда мураббийлик борасида катта салоҳият борлиги аён.

Шуҳратбек Жўраев.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи ким ёхуд кучлилар ҳақида гап кетганда...