Давид Де Хеанинг ўтган мавсумдаги хатолари кўп муҳокамаларга сабаб бўлди. Гўёки, у ўзининг энг зўр формасида эмас. Фойдали ишидан кўра, "қовунлари" кўпайиб кетяпти, дея кўп мухлислар ўз эътирозларини билдирди. Агар ҳозир ҳам "қизил иблислар" уни ортга қайтарса, Онанадан бемалол асосий таркибни тортиб оладиган даражага эга Давид.
Андре балки оёқда яхши ўйнар, аммо МЮ "Сити" эмас-ку, бутун ўйин давомида майда паслар билан ҳаракат қиладиган. Яна шу фактор эвазига дарвозабоннинг қўлда ўйнашдаги камчилигини ёпа оладиган даражада кучли ҳимояга ҳам эга эмас бу клуб.
Онанани кераксиз пайтда амалга оширилган кераксиз трансфер, деб ҳисоблайман. Давид эса ҳимоясида тинимсиз "хаос"лар вужудга келадиган, Фернандешнинг узун пасларига таяниб қолган МЮга жуда ҳам керак эди. Баъзан рўй бериб турадиган кам сонли хатоларни инобатга олмаса, унча-мунча ўйинларда "қизил ёпинчиқ" кийиб, қаҳрамонликлар кўрсатиб турарди.
Бу мавсум манкуниаликлар фақатгина "Ноттингем Форест"га қарши тўп назоратида тотал устунликка эга бўлди. "Вулвз"га қарши деярли тенглик рўй берди (51:49). Қолган барча ўйинларда ("Тоттенхэм", "Арсенал", "Брайтон", "Бавария") тўп назорати рақибларга топшириб қўйилди. Барибир қарши ҳужумда ўйнашга мажбур бўляпти жамоа. Позицион футбол ўхшамаётгани очиқ кўзларга шундоққина аён.
Онананинг камчиликларида қисман Тен Хагнинг ҳам айби бор, деган бўлардим. Қараса, у кутгандек футбол ўйнамаяпти МЮ. Ҳа деб қутқаравериш ва тинимсиз босимга чидашга ўрганмаганди камерунлик посбон. Ўрганганларни эса қадрлашмади.
Ҳа айтганча, Де Хеа ўтган мавсум 17 та "қуруқ ўйин" билан АПЛда "олтин қўлқоп"ни қўлга киритганди. Магуайр, Далот, Линделёф каби ҳимоячилари бор жамоа билан 17 та "қуруқ ўйин" зўр натижа эди. Шуни айримлар энди тушуниб етаётган бўлса ажаб эмас.
Худайқулов Карим