
Сўнгги кунларда ўзбек футбол жамоатчилигида янги мунозара мавзуси пайдо бўлди. Гўёки, Ўзбекистон футбол ассоциацияси германиялик машҳур мураббий Иоахим Лёвга таклиф билан чиққан ва у асосий жамоани жаҳон чемпионатига олиб бориши мумкин. Манбалар Лёв бош мураббий эмас, координатор, маслаҳатчи сифатида кўрилаётгани, шунингдек, ЎФА бу борада бир тўхтамга келмагани айтган, шу билан бирга, ташкилотда Лёвни бош мураббий сифатида таклиф қилишни ўринли деб ҳисоблаётган мутахассислар ҳам бор. Ҳатто агар Лёв бош мураббий бўлиб, Кападзе ёрдамчи сифатида тайинланадиган бўлишса, ўзбекистонлик мураббий жамоани тарк этиши мумкинлиги ҳақида ҳам ёзилди.
Бу маълумотлар ҳақиқатга яқин бўлиши мумкинлигини шу кунларда немис мураббийи ўз келажаги ҳақидаги саволга бир неча миллий жамоа ва клублардан таклифлар борлиги, ҳозирда у жамоаларни ўрганаётгани ва ҳали аниқ музокараларга бошламагани ҳақида айтгани ҳам тасдиқлагандек бўлди. Наҳотки гап Ўзбекистон миллий жамоаси ҳақида бормоқда?
Ниҳоят бу маълумотлар савол бўлиб Темур Кападзегача етиб келди.
«Ростини айтсам, нима бўлаётганини билмайман. Мен ҳам ҳамма қатори бу хабарни интернетда ўқидим. ЎФАдан ҳеч ким менга ҳеч нарса дегани йўқ. Менга кимнидир таклиф қилиниши, нимадир ўзгариши ҳақида индашмади. Шунинг учун бу ҳақида бирор нарса дея олмайман. Берилган вазифани бажардим. Кейин нима бўлишини вақт кўрсатади. Агар насиб бўлса, ишни давом эттираман, аксинча бўлса, тақдир қаерга етаклашини кўрамиз. Айни пайтда мен миллий жамоа мураббийиман ва ишлашда давом этяпман», – деди мураббий.
ЎФА нега жим?
Журналист ва мухлислар икки томон бўлиб баҳслашаётган, Темур Кападзе эса ноқулай саволга жавоб беришга мажбур бўлаётган пайтда Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳеч қандай изоҳ бермаётгани кишини таажжубга солади ва шу билан бирга баъзи тахминларга йўл очади.
Агар ЎФА мундиалга Темур Кападзе билан боришни аниқ белгилаб қўйганида, менимча, аллақачон бу миш-мишларга реакция берган бўларди. Ахир бу бевосита салкам икки ойдан кейин расман тайёргарликни бошлайдиган жамоага алоқадор, шунингдек, бош мураббий ҳам ўз келажаги ҳақида аниқ маълумотга эга бўлишга ҳаққи бор. Ҳеч ким шу пайтгача ҳеч нарса демаяптими, демак ростан ҳам қандайдир ҳаракатлар бор. Нафақат Иоахим Лёв, шунингдек, кам бўлса-да тилга олинаётган Славан Билич, балки биз ҳали эшитмаган яна бир қатор мураббийлар номзоди кўриб чиқилаётган бўлиши мумкин. Айни пайтда ишсиз юрган мураббийлар жуда кўп ва мундиал йўлланмасини нақд қилган миллий жамоа кўп мутахассислар учун жозибадор кўринади.
Ҳа, ўз вақтида Сречко Катанец билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлган, яъни жамоатчилик унинг кетиши ё қолиши ҳақида тинмай баҳслашаётган куз ойларида ЎФА ўз позициясини очиқламай келганди. Аммо ўша ҳолатни тушуниш мумкин, чунки кўп жиҳатлар Сречко Катанецнинг саломатлиги билан боғлиқ бўлган. Ушбу ноаниқлик ЎФА учун ҳам қатъий қарор қабул қилишда халақит берган бўлиши мумкин.
Айни пайтда бош мураббий масаласида ташкилот аниқ фикр билдирмаяптими, демак бош мураббий масаласи ҳамон очиқ.
Чет эллик мураббий. Плюслар
Яқинда ижтимоий тармоқдаги бир платформада «терма жамоамиз бош мураббийи сифатида кимни танлайсиз?» маъносида савол қўйилди ва жавоблар ичида «Темур Кападзе» ҳамда «Чет эллик тажрибали мураббий» деган танловлар бор эди. Темурнинг номзоди икки баробар фарқ билан ғалаба қозонди. Орадан бир неча кун ўтиб, сўровнома қайтарилди, фақат бу сафар «Чет эллик тажрибали мураббий» ўрнига аниқ қилиб «Иоахим Лёв» деб ёзилганди – бу сафар овозлар деярли тенг иккига бўлиниб қолди.
Бу жуда оз киши иштирок этган оддий сўровнома холос, бу билан айтмоқчиманки, Темур Кападзенинг ўрнига чет эллик ҳар ким эмас, агар ростан ҳам ўта юқори малакали, тажрибали, катта турнирларда ўзини кўрсата олган мураббий бўлса, муносабат ўзгаради. Ўзбек мураббийларига ҳурматни сақлаган ҳолда айтиш мумкинки, айни пайтда малака борасида Лёв ва ўзбек мураббийлари ўртасида жуда катта масофа бор. Германиялик мутахассис тўрт йилдан бери ҳеч қаерда ишламаётган бўлса ҳам.
Бир неча йил олдин Эктор Купер асосий жамоани бошқариб юрганида, бир воқеани айтиб беришганди. Осиё кубогига тайёргарлик учун Туркияда йиғин ўтказилган. Футболчилар тикланиш жараёни учун муз керак бўлган ва ўшанда жамоа яшаётган меҳмонхонада у йўқ экан. Купер қатъий туриб олган – муз топилиши, керакли терапия бўлиши шарт. Администраторлар уёқдан буёққа югуриб, қаердандир муз топиб келишган. Бу инжиқлик эмас, профессионализм. Миллий жамоага ўша куни муз керакмиди? Ҳа. Назаримда, муз кераклигини ўзбек мураббийи ҳам билади, фақат бу қадар қатъий туриб олиши мумкинлигини унча кўз олдимга келтира олмайман.
Ёки Катанец ва Ўткир Юсупов билан боғлиқ мисол бор. Юсупов бир неча ўйинларда қўпол хатоларга йўл қўяётган, Абдувоҳид Неъматов эса ҳам ёшлар таркибида, ҳам клубда яхши ўйин кўрсатаётган пайтда Катанецга раҳбарлар Юсуповдан воз кечиш кераклигини айтишган. Балки Сречконинг ўзи ҳам бундай қарор ҳақида ўйлаган бўлиши мумкин, лекин айнан шундай талаблардан кейин у Юсуповни тўлиқ ҳимоя қилишга ўтган. Натижасини, яъни бизни аслида мундиалга қайси футболчи олиб чиққанини яхши биламиз. Табиийки, бундай қарорлар, ҳар доим футболча аргументлар биринчи планда бўлиши футболчиларга ҳам таъсир қилади, бош мураббий уларнинг асосий ва ягона ҳимоячиси эканини билишса, бошқача қабул қилиниши шубҳасиз. Агар мураббий мағлубиятдан кейин видеомурожаат қилиб раҳбариятдан узр сўраб юрса (Равшан Ҳайдаровни айтяпман), табиийки чет эллик ва ўзимизнинг мураббийлар ўртасидаги нозик фарқни сезиш осонлашади.
Март ойида Абдуқодир Ҳусанов давлат тадбирларида қатнашгани ва деярли тикланмай Эронга учиб, муҳим ўйинда майдонга тушишга мажбур бўлганини эсласангиз керак. Мен эмас, ўзингиз тасаввур қилинг, ўша куни миллий жамоа бош мураббийи Темур эмас, Иоахим Лёв бўлганида нима қилган бўларди? Менга икки вариантдан бошқаси келмаяпти. Биринчиси, Ҳусанов ҳеч қаерга бормай, базада олиб қолинарди. Иккинчиси, агар у базада қолмаса, Эронга олиб кетилмасди. Ҳеч бўлмаса, ўйин куни захирада қолдирилган бўларди.
Тан олиш керак, шунга ўхшаш фарқлар бор ва агар чет эллик мураббий қай даражада таниқли, малакали бўлса, мана шундай фарқлар катталашиб бораверади. Албатта, йирик мусобақалар тажрибаси, тактик билимлар ҳам борки, муваффақият учун зарур бўлган жиҳатнинг ажралмас қисмидир.
Ўзбек мураббийларини нопрофессионализмда айблаш фикридан йироқман. Яхши мураббийларимиз жуда кўп ва албатта, Темур уларнинг ичида энг олд қаторда. Аммо бу боб чет эллик мураббийлар ҳақида ва агар айни пайтдаги миллий жамоа базасидаги, унинг атрофидаги шароитлар беш-олти йил аввалги даврдан кескин фарқ қилса, бунда ЎФА тегишли функционерларининг меҳнати билан бир қаторда, бу ерда ишлаган, бошқача қараш билан ташриф буюрган чет эллик мураббийларнинг ҳиссаси бор деб ўйлайман.
Темур Кападзе бизни мундиалга олиб чиқди. Бу аргумент бўла оладими?
Мундиал йўлланмаси учун энг муҳим ўйинлар сафарда Эрон ва БАА билан тўқнашувлар эди, бу аниқ. Ушбу ўйинларда жамоамизни Темур Кападзе бошлаб тушди ва ҳар икки ўйинда ҳам биз учун қониқарли натижа қайд этилди. Табиийки, йўлланма учун асосий ишни бажарган, катта босим остида жамоани қабул қилиб олган ҳам Темур. Агар муваффақиятсизликка учраганда, «тайёр ошни сузиб беролмаган ношуд»га чиқарди, ғалаба қозониб ҳам, мана, аслида у олиб чиқдими, Катанецми, деб баҳслашиб ўтирибмиз. Бу шартларда вазиятни фойдамизга ҳал қила олган мураббийдан ҳар қанча миннатдор бўлсак арзийди. Бу тарих ва буни ҳеч ким ўзгартира олмайди: миллий жамоамиз илк жаҳон чемпионати йўлланмасини Темур Кападзе қўл остида қўлга киритган. Тамом.
Шу билан бирга, яна икки инкор қилиб бўлмас ҳақиқат бор. Нега Катанец сўнгги пайтларда танқидлар остида қолди? Ахир у ҳам деярли ҳамма ўйинда қониқарли натижани қўлга киритган эди-ку? Ҳа, у асосан эҳтиёткор тактикаси, ҳимояга қаттиқ эътибор бериши билан кўпчиликка ёқмади ва шу туфайли унинг меҳнатлари камситилганини кўп ўқидик. Энди савол, Қирғизистон билан Тошкентда бир киши кўп ўйнаб, атиги 1:0 ютган ким эди? БАА ҳам худди Қатар каби сўнгги дақиқаларда гол уриб, бизни ютиши мумкинмиди?
Яъни аслида эҳтиёткорлик вазият тақозоси бўлган, Катанец ҳам босим камроқ бўлган аввалги ўйинларда керак бўлганда ҳужумкор бўла олганини кўрганмиз. Буни Кападзенинг ўзи ҳам, муҳим пайтларда эҳтиёткорлик қилиб исботлади. Бу билан Катанец ҳам сўнгги, ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган ўйинда Қатарни йирик ҳисобда ютган бўларди, деб ишонаман.
Кападзе сўнгги нуқтани қўйган бўлса-да, аслида жамоада қандайдир бурилиш ясаб, ўз услубини олиб кириб, якунда йўлланмани ютиб бермади. Мавжуд бўлган жамоа, айрим яхши ўзгаришлар билан ўз йўлида давом этди ва энг бошидан эгаллаб келган ўрнини сақлаб қолди. Менимча, саралашга бир бутун сифатида қарашимиз, Кападзенинг ролини эса ошириб, ё тушириб юбормасдан, ўзига берилган вазифани уддалай олган мутахассис сифатида қабул қилишимиз тўғрироқ. Унинг ҳолатида бошқачаси ҳам нотўғри бўларди, буни Кападзенинг ўзи ҳам тан олган.
Нима демоқчиман? Аргумент сифатида Темур Кападзе жамоани мундиалга олиб чиққани туфайли давом этиши кераклигини айтаётганлар кўп. Бу худди ўз вақтида «Челси» вақтинчага Ди Маттеони мураббий этиб тайинлаб, у кутилмаганда Чемпионлар Лигасини ютгач, мукофот сифатида келаси мавсумда ҳам олиб қолишганини эслатиб юборади. Ди Маттео кейинги мавсум уч ойдан кейин истеъфога чиқарилган.
Яъни айни пайтда Кападзени шартли бошқа бир мутахассис билан солиштирар эканмиз, ҳар икки мураббий учун аргументлар келтирилади. Масалан, қайси мураббийнинг тактик услуби жамоа учун мос, қайси мураббийнинг тайёргарлик дастури қанақа, футболчилар қайси мураббий билан яхшироқ бўлиши мумкин ва ҳоказо. Мана шу ва яна бир қатор жиҳатлар тарозига қўйилади ва Кападзенинг палласида унинг «бизни жаҳон чемпионатига олиб чиққани», «агар кетказилга ноинсофлик бўлиши», «ўзимизники экани» каби аргументлар бўлмаслиги керак.
Миллий жамоага спорт бўлими нега керак?
Шахсан мен учун миллий жамоамизда қанчалик малакали, тажрибали мураббий ишласа, шу яхшироқ. Яъни Иоахим Лёв каби мураббий жамоамизни бугунгидан ҳам кучлироқ қилишига ишонаман. Лекин таҳририятнинг ўзидаги бошқа журналист бутунлай аксини тўғри деб билиши, Кападзе варианти яхшироқ деб ҳисоблаши мумкин. Афсуски, икки параллел оламда ҳар икки вариантни кўра олмаймиз, бунинг иложи йўқ. Бир йил ўтиб мундиалдаги натижага қараб яна баҳс давом этаверади, нормал ҳолат.
Испанияда футбол юлдузлари доим бўлган. Лекин йирик турнирларнинг энг омадсиз жамоаси эди, 2008 йилга келибгина Европа чемпионатида ғолиб чиқишди. Кейинги чемпионликларни қайсидир маънода «Барселона»нинг порлаши билан боғлаш мумкин, кўп меҳнат керак бўлмагандир, лекин Евро-2024 йилдаги ғалабани қиёслаб бўлмайди. Испания таркибида фақат Родри, Ямал ва Педри том маънода биринчи тоифали футбол юлдузлари эди. Бошқа чизиқларда эса Испаниядаги ўртамиёна клублар вакили ёки топ-клубларнинг ўртамиёна футболчилари ўрин олганди. Аммо Франция, Англия, Германия, Португалия каби юлдузли жамоалар фонида ҳам Испания энг яхши футбол намойиш эта олди.
Сабаби, жамоанинг спорт бўлими ҳам яхши ишлаган, тўғри мураббий танлай олган. Испанияни бошқаргунча ҳеч қанақа соврин ютмаган, фақат ёшлар жамоалари билан муваффақият қозонган де ла Фуэнте икки йилда ҳам Миллатлар Лигасини, ҳам Европа чемпионатини ютди.
Бу мисол гўёки Темур Кападзени Иоахим Лёв қаршисида фаворит қилиб ҳам қўяди. Ана, испанлар машҳур, топ мураббийларга эмас, ёшлар билан ишлаган ўзининг мутахассисига ишониб, чемпион бўлди-ку, нега Лёв келиши керак, деб. Балки бу фикр ҳам ўринлидир.
Аммо аслида айтмоқчи бўлаётганим шу – ЎФА ва спорт бўлими ҳар томонлама ҳисоб қилиши, ҳамма омиллар устида чуқур таҳлил қилиши ва шундан кейингина тўғри деб ҳисоблаган қарорни қабул қилиши лозим. Мана, чет эллик энг зўрини олиб келдик, қўлдан келганини қилдик, лекин боримиз шу, деб ҳам, ахир Кападзе бизни мундиалга олиб чиқди, уни бўшатиб юборсак ноинсофлик, деб ҳам баҳоламаслик керак. Бу таваккал бўлади. Эртага ё хато қилган бўласиз, ё ютасиз.
Ҳаммаси профессионал даражада ўйланган, асослантирилган, қувватли қарор бўлиши лозим. Ана шунда, эртанги натижадан қатъи назар, бугун энг тўғри ишни амалга оширган бўласиз.
Бундан ташқари, яна бир муҳим нуқта – янги мураббий билан қанча муддатга келишилади? Мисол учун, айни пайтдаги жамоа етакчилари ёши катта футболчилардан иборат. Табиийки, яқин йилларда авлодлар алмашинувини бошдан кечириши керак. Катанец Шукуров, Шомуродов, Машарипов, Искандеров, Сайфиев каби футболчилар учун мос услуб олиб кирган бўлса, жамоа клуб эмас, доим бир йўналишда яшаб, мос футболчиларни топишнинг иложи бўлмайди. Демак, мундиалда қатнашиш билан биргаликда, кейинги режалар ҳам стратегик аҳамиятга эга бўлади.
Миллий жамоа спорт бўлими эса бу саволларга ҳам жавоб излаши, кейинги жараёнларни ҳам қамраган ҳолда қарорлар қабул қилиши шарт. Мураббий ўз олдига муайян мусобақада муносиб қатнашишни мақсад қилиб қўяр, аммо ЎФА энди, ҳозирдан ҳар сафар жаҳон чемпионатига чиқиш, Осиё кубокларида соврин учун курашиш ҳақида ўйлашни бошлаши лозим.
Қайси бири тўғри? Кападземи ёки Лёв? Мен билмайман. Ё биламан. Юқорида айтганимдек, битта фикр айтишим ва ўз аргументларимни тиркашим мумкин. Яхшики масъул эмасман. Лекин кимдир тошнинг тагига қўлини қўйиши керак. Қийин. Ҳа, масъулиятли. Лекин ҳеч ким осон бўлади, деб айтмаган-ку...
Қ.Асланов
Манба: Kun.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар