
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги россиядаги ўз фуқароларга жиддий огоҳлантирув билан чиқди. Маълум бўлишича, сўнгги ойларда Telegram орқали “ҳужжат тайёрлаб бериш”ни таклиф қилувчи гуруҳ ва каналлар фаолияти кескин кўпайган. Бу эса Россия ҳудудидаги ўзбек ватандошлар орасида қалбаки ҳужжатлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар сонини оширмоқда.
ТИВнинг маълумотига кўра, россиянинг бир қатор шаҳарларидаги консуллик муассасалари сохта ҳужжатлар тақдим этилган ҳолатларни расман қайд этган. Шу жумладан, Қозонда “Ватанга қайтиш гувоҳномаси”ни сохталаштирган фуқаро парвоз чиптаси расмийлаштириш жараёнида фош этилган.
Кейинчалик аниқланишича, у мазкур ҳужжатни Telegram орқали “ёрдам таклиф қилган” шахслар орқали олган. Воқеадан сўнг Бош консулхона бу ҳолатни Россия ҳуқуқ-тартибот идораларига етказган ва натижада Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 322-моддаси (чегарани ноқонуний кесиб ўтиш) ҳамда 327-моддаси (сохта ҳужжат, штамп ёки бланк тайёрлаш ёки уларни сотиш) бўйича жиноят иши очилган.
Шунингдек, яна бир ҳолатда фуқаро O.B.B. бошқа бир шахс билан қалбаки никоҳ тузилганини кўрсатувчи сохта гувоҳнома асосида фарзанди учун туғилганлик ҳақидаги ҳужжат расмийлаштиргани маълум бўлди. Ҳар икки ҳолат бўйича консуллик муассасалари томонидан тезкор чоралар кўрилган.
Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳолатлар ортидан расмий баёнот чиқарди. Унда барча ватандошлар ҳужжатларни фақат Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари орқали расмийлаштириши лозимлиги қатъий таъкидланди. Telegram ёки бошқа ижтимоий тармоқлардаги “ҳужжат тайёрлаб бериш” ҳақидаги эълонлар эса кўпинча фирибгарлик схемалари бўлиши мумкинлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, сохта ҳужжат тайёрлаш, сотиш ёки фойдаланиш жиноят саналиши, бундай қилмиш учун нафақат Ўзбекистонда, балки Россияда ҳам оғир жазо қўлланиши эслатиб ўтилди.
ТИВ ватандошларга шундай шубҳали ҳолатларга дуч келганда дарҳол энг яқин элчихона ёки консулликка мурожаат этишни тавсия қилди. Вазирлик фикрича, айни дамда бундай ҳодисалар фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги етишмаслиги ва ижтимоий тармоқлардаги ёлғон маълумотларга ишонувчанлик сабаб юзага келмоқда.
Шу сабабли, расмий идоралар барча фуқароларни энг кичик шубҳа туғилган пайтнинг ўзидаёқ тегишли консуллик муассасаси билан боғланишга, сохта ҳужжатлар билан боғлиқ фирибгарликларга қарши ҳушёр бўлишга чақирмоқда.
ТИВнинг таъкидлашича, бу каби огоҳлик нафақат фуқароларнинг ҳуқуқий манфаатларини, балки уларнинг шахсий хавфсизлигини ҳам таъминлайди.