
Ўзбекистонда тўй ва маъракаларда ортиқча исрофгарчиликни чеклаш, меъёрийлик ва миллий қадриятлар асосида маданиятни шакллантиришга қаратилган янги дастур ишлаб чиқилди. Бу ташаббус Республика Маънавият ва Маърифат маркази томонидан бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда эълон қилинди.
Маълум қилинишича, Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида ўтказилган давра суҳбатида “маромийлик маданиятини кенг ёйиш” мақсадида 90 кунлик чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Бу режада аҳолини исроф ва ортиқча дабдабадан тийилишга чақириш, ижтимоий онгни уйғотиш, маъракаларни ихчам ва самимий руҳда ўтказишни тарғиб қилиш каби вазифалар белгиланган.
Ушбу дастур Маънавият маркази, Маҳаллалар уюшмаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, шунингдек, “Нуроний” жамғармаси иштирокида ҳаётга тадбиқ этилади. Дастур доирасида тарғибот тадбирлари, очиқ суҳбатлар, семинарлар ҳамда ёшлар билан учрашувлар ташкил этилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, “Кинокарвон” медиа лойиҳаси орқали исрофгарчиликка қарши ғояларни тарғиб қилувчи фильмлар ва роликлар орқали ёшлар онгига соғлом қарашларни сингдириш кўзда тутилган.
Ушбу ташаббус, аввало, миллий қадриятларни асраш, тўй-маъракаларни самимий ва камхарж тарзда ўтказиш, ортиқча юк ва молиявий босимларни камайтириш орқали жамиятда соғлом муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ўзбек тўйларида исрофгарчиликка барҳам: 90 кунлик “маромийлик” ташаббуси бошланди
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар