Дусан Влаҳовик келажаги борасида ноаниқлик сақланиб қолмоқда

Ювентус ҳужумчиси Дусан Влаҳовик жамоанинг асосий таркибига ажойиб тарзда қайтганига қарамай, ўз келажаги борасида аниқ вада беришдан тийилди. У олти ойлик танаффусдан сўнг илк бор бошланғич таркибда майдонга тушиб, Лексе дарвозасига ғалаба голини киритди. Ўйиндан сўнг келажаги ҳақидаги саволларга жавоб берар экан, сербиялик футболчи "Сўнгги икки ўйинимми? Кўрамиз..." дея мавҳум жавоб билан чекланди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Италия матбуотига кўра, томонлар ўртасидаги музокаралар маош масаласида тўхтаб қолган. Влаҳовик йиллик 12 миллион евро миқдоридаги маошини сақлаб қолмоқчи, бироқ Ювентус бу суммани икки баравар қисқартириш ниятида. Газзетта делло Спорт нашри хабарига кўра, футболчи ёзги трансфер ойнасида яхшироқ таклиф кутмоқда ва Бавария ҳамда Барселона клублари унинг асосий вариантлари ҳисобланади.
Бавария раҳбарияти ҳужум чизиғини кучайтириш устида ишламоқда. Николас Жакксон ижара муддати тугагач, Челси клубига қайтиши кутилмоқда ва Бавария уни сотиб олиш бандини фаоллаштирмайди. Шу боис, Дусан Влаҳовик немис гранди учун асосий номзодлардан бири бўлиб қолмоқда.
Шу билан бирга, Бавария нишонида Антҳонй Гордон (Нюкасл Юнайтед) ва Ян Диоманде (РБ Лейпциг) каби футболчилар ҳам бор. Бироқ, бу трансферлар учун катта маблағ талаб этилади. Ҳозирча Влаҳовикнинг жисмоний ҳолати ва унинг маош талаблари Бавария молиявий сиёсати билан қай даражада мос келиши номаълумлигича қолмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!