АҚШда ўзга сайёраликлар ҳақидаги маълумотлар оммага очиқланди

АҚШ уруш вазирлиги номаълум учувчи жисмлар (НУЖ) бўйича ҳужжатларни расман эълон қилиш жараёнини бошлади. Идора вакилларининг фикрича, энди жамоатчилик “номаълум аномал ҳодисалар” бўйича мустақил хулоса чиқариши мумкин. Бу ҳақда AP News хабар берди.
Пентагон 8 май куни Xда пост қолдирди. Унда айтилишича, аввалги маъмуриятлар Америка аҳолисини адаштиришга уринган, аммо президент Дональд Трамп максимал шаффофликни таъминлашга эътибор қаратмоқда.
“Фуқаролар ушбу файллардаги маълумотлар асосида мустақил хулоса қилишлари мумкин. Қўшимча ҳужжатлар босқичма-босқич эълон қилиб борилади”, дея маълум қилинган постда.
Бу лойиҳани Пентагон билан бирга Оқ уй, Миллий разведка директори, Энергетика вазирлиги, НАСА ва ФҚБ раҳбарлари қўллаб-қувватламоқда.
Номаълум аномал ҳодисалар бўйича ҳужжатлар жойлаштирилган янги веб-сайт ретро услубида яратилган. Унда учар жисмларнинг оқ-қора тасвирлари ва ёзув машинкаси шрифтидаги баёнотлар мавжуд. Илк тақдимотда 162 та ҳужжат жойлаштирилган. Улар орасида Давлат департаментининг эски хабарлари, ФҚБ ҳужжатлари ва НАСАнинг коинотга парвозлари стенограммалари бор.
Ҳужжатлар орасида ФҚБнинг дрон учувчиси билан суҳбати ҳам келтирилган. У 2023 йил сентябрь ойида осмонда “чизиқли объект”ни кузатганини айтган. Нур шунчалик ёрқин бўлганки, ҳатто объект ичидаги қатламлар ҳам кўринган. Объект 5-10 сония кўринган ва сўнг ғойиб бўлган.
Яна бир ҳужжат НАСАнинг 1972 йилдаги “Аполлон-17” миссиясига тегишли фотосуратини ўз ичига олган. Унда учбурчак шаклидаги учта нуқта акс эттирилган. Пентагоннинг баёнотига кўра, бу аномалия ҳақида ҳозирча бир хил фикр йўқ, аммо дастлабки таҳлиллар бу физик объект бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Трамп февраль ойидан бери эълонлар ҳақида ишора бериб келаётган эди. У президент Жон Кеннеди, сенатор Роберт Кеннеди ва Мартин Лютер Кингнинг ўлдирилиши билан боғлиқ ҳужжатларни ҳам очиқлаган. Аммо ҳужжатларда янгилик деярли йўқ эди.
Пентагон кўп йиллардан бери НУЖга оид ҳужжатларни махфийликдан чиқариш устида ишламоқда. 2022 йилда Конгресс махсус офис ташкил этган ва 2024 йилдаги ҳисоботда юзлаб янги воқеалар очиқланган. Аммо АҚШ ҳукумати ўзга сайёраликлар технологиясини кўрганига ёки улар ҳаёти ҳақида далилга эга эканига оид бирорта тасдиқ йўқ.
Экспертлар эътибор қаратмоқда: илғор ҳарбий технологиялардан бехабар инсонлар бундай видеоларни кўпинча нотўғри талқин қилади. Пентагоннинг 2024 йил ҳисоботида ҳам ўзга сайёраликлар технологияси ёки ҳаёти ҳақида далиллар йўқлиги қайд этилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!