date

Нури Шаҳин шогирдлари ғалабасидан мамнун эканини айтди...

Туркия Суперлигасининг навбатдаги турида “Истанбул Башакшеҳир” ўз майдонида “Самсунспор”ни қабул қилиб, 3:0 ҳисобида ишончли ғалаба қозонди. Нури Шаҳин бошчилигидаги жамоа бу учрашувда ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам тартибли ва самарали ўйин кўрсатди.

Беллашувдан кейин туркиялик мутахассис ўйин ҳақида фикр билдириб, футболчиларининг ҳаракатларидан мамнун эканини таъкидлади. Унинг айтишича, “Башакшеҳир” баҳсни бошидан охиригача юқори савияда ўтказган.

“Учрашув бошидан охиригача жуда яхши ўйин кўрсатдик. Чиройли голлар урдик ва муносиб ғалабага эришдик. Бугун жуда қийин рақибга қарши ўйнадик. Улар майдоннинг ҳар бир нуқтасида босим қилади, тўп билан ҳам жуда кўп ротация қилади. Шунга қарамай, футболчиларим ҳам ҳужумда, ҳам ҳимояда ажойиб ҳаракат қилишди”, — деди Нури Шаҳин.

“Самсунспор”га қарши баҳс “Башакшеҳир” учун оддий ғалаба эмас, балки мавсум якунидаги курашда жуда муҳим натижа бўлди. Жамоа рақибни йирик ҳисобда мағлуб этиб, ўз мақсади йўлида ҳали таслим бўлмаганини кўрсатди.

Шаҳин мавсум давомидаги қийинчиликларга ҳам тўхталиб ўтди. У жамоа мавсумни биргаликда бошламагани сабаб айрим очколар йўқотилганини айтди. Бироқ мураббийнинг фикрича, агар “Башакшеҳир” май ойи охиригача юқори ўринлар учун курашда қолган бўлса, демак, жамоа маълум ишларни тўғри бажарган.

“Биз мавсумни биргаликда бошламаганмиз ва шу сабабли кўп очко йўқотдик. Лекин май ойининг охиригача ҳали ҳам бу пойгада иштирок этаётган бўлсак, демак айрим ишларни тўғри қилганмиз. “Самсунспор” ҳам, “Гёзтепе” ҳам жуда кучли ва ҳурматга лойиқ клублар”, — дея таъкидлади у.

Нури Шаҳин рақобат охирги тургача давом этишини ҳам алоҳида қайд этди. Унинг сўзларига кўра, 34 тур якунланганидан кейин ким муносиб бўлса, ўша юқори поғонани эгаллайди. Мураббий рақибларга ҳурмат билан қарашини, аммо ўз жамоаси сўнгги дақиқагача курашишини билдирди.

“34 турдан кейин ким муносиб бўлса, ўша юқори ўринни эгаллайди. Агар “Гёзтепе” биздан юқорида якунласа, мен уларни табриклайман. Демак, бунга муносиб бўлишган. Биз эса сўнгги тургача курашамиз ва “Газиантеп”га қарши баҳсга фақат ғалаба учун чиқамиз”, — деди “Башакшеҳир” устози.

Матбуот анжуманида Шаҳинга сўнгги турдаги эҳтимолий ротациялар ҳақида ҳам савол берилди. Мутахассис бу борада эҳтиёткор фикр билдириб, ҳар бир клуб ва мураббий ўз қарорига эга эканини айтди.

“Менинг гапларим нотўғри тушунилмасин. Баъзида мавсумнинг охирги ўйинларида ротациялар бўлади, ёш футболчилар майдонга тушиши мумкин. Аммо бу ҳар бир клуб ва мураббийнинг қарори. Мен ҳеч қандай баҳс ёки миш-мишларга сабаб бўлишни истамайман. Ҳар ким ўз ишини қилади, кейин натижага қараймиз”, — дея фикр билдирди Нури Шаҳин.

Умуман олганда, “Башакшеҳир”нинг “Самсунспор” устидан қозонган йирик ғалабаси жамоага катта ишонч берди. Энди Нури Шаҳин шогирдлари сўнгги турда ҳам максимал натижа учун майдонга тушади. Мавсум охирида баҳонага жой йўқ: ким кучли, ким тайёр ва ким охиригача кураша олса, ўша юқорида қолади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Нури Шаҳин шогирдлари ғалабасидан мамнун эканини айтди...