Ҳурматли Умид Аҳмаджонов! Авваламбор, сизни Ўзбекистон Футбол Федерациясидек катта «тўда»…узр ташкилотга бир овоздан раҳбар этиб сайланганингиз билан табриклайман.
Хуш келибсиз!
Энди асосий гапларга ўтсак. Қуйида қораламоқчи бўлган эслатмалар аслида жуда эски. Минг йиллардан бери журналистлар томонидан ёзилавериб сийқаси қолмаган. Бети безлашиб кетганлар-ку, уларни анчадан бери сариқ чақага олмай қўйган.
Аммо сиз янгисиз. Қотмагансиз. Умид қиламанки, баъзилар шу пайтгача биқиниб олган ертўладан чиқиб, ҳар қандай янги раҳбар каби ислоҳотларни шашт билан бошлаб юборасиз. Шунинг учун бизни, мухлисларни қийнаб келаётган масалаларни, муаммоларни яна бир бор сизга эслатишни лозим деб топдим.
1. Келишилган ўйинлар.
Одилни интервьюсини кўрдингиз. Жаҳон чемпионатига чиқолмаслигимизни энг аввало — Олий лигада келишилган ўйинларнинг кўплиги билан изоҳлади. «Келишилган ўйинларни тафтиш қилиш комиссияси» раҳбарлари каби — «Буни исботлаш керак», «Далилимиз йўқ», «Топиб олсак, кейинги йили жазоланади» деб хотинчалишлик, хоинлик қилмади. Дангал гапирди!
Ўзбек футболини кўтармоқчимисиз, ишни энг аввало мана шу иллатни йўқотишдан бошланг. Керак бўлса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорлик қилинг. Жанубий Корея, Италия каби мамлакатларнинг шу борадаги тажрибаларини қўлланг. Ҳалолдан жирканадиганлардан сиз ҳам ҳазар қилинг.
2. Ёшни кичрайтириш.
Аббос Махсталиев деган футболчи бўларди. Эх-ҳе, не-не умидларимиз бор эди ундан. Ҳатто «Монако» ҳам бу йигитни ўз сафига чорлаган эди, билсангиз. Аммо ҳозир у қаерда? Умуман, ўсмирлар, ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида тобланган футболчиларимиз қаерга ғойиб бўлди?
Муаммонинг асл сабаби — уларнинг паспортдаги ёши билан ҳақиқий туғилган санаси бир-биридан катта фарқ қилиши ҳақида кўп ёзилди. Ёш-ёш истеъдодларнинг ота-оналари фарзандларининг ёшини «кичкина» кўрсатишдан ор қилгани учун уларни футболдан юлқиб олгани тўғрисида кўп гапирилди. Аммо бирор «каттакон» бу ҳақда ғиринг деб оғиз очмади. Умидимиз сиздан, Умид ака!
3. Қоронғулик.
Бутун дунёда футбол мухлислар учун ўйналади. Жамоа мағлубиятга учраса энг аввало дили куйган ишқибозларга ҳисоб берилади. Фақат Ўзбекистонда эмас. Федерациямиз ҳисоб бериш нари турсин, шу пайтгача мухлисларни, ҳатто журналистларни ҳам баъзан яширин, баъзан эса ошкора кўксидан итариб келди.
Биз, масалан, ҳалигача Терма жамоалар марказининг вазифаси нима бўлган-у ва у нега ёпилганини ҳалигача билмаймиз, футболчиларимизнинг трансфер нархини Германиянинг қайсидир сайтидан кўришга мажбурмиз, терма жамоа аъзоларининг гонорарини фақат тахмин қиламиз, ички чемпионатда ўйнаётган легионерларнинг маоши, трансфер қилинган суммаси қаттиқ сир сақланади, терма жамоамиз қайсидир жамоа билан ўртоқлик ўйини ўтказишни келишиб қўйган бўлса, бу хабарни энг аввало хориж сайтларидан ўқиймиз ва ҳоказо…
Ўзбек футболи ёруғликка муҳтож!
4. Мақсадсизлик.
Бизга ваъда беринг. Ҳозироқ. Акс ҳолда тўрт йил кўз-очиб юмгунча ўтиб кетади. Ўшанда сиз ҳам худди бугун Мираброр Зуфаривич каби “Мен — терма жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиқишга ваъда бермаганман” деб вазиятдан силлиққина қутулиб қолмаслигингизга кафолат йўқ!
Аслида, шу пайтгача ЎФФ терма жамоа манфаатига, юрт манфаатига хизмат қиладиган қандайдир олий мақсадлар билан фаолият юритганига ишонмайман. Мақсади бор федерациянинг камида уч-тўрт йиллик, пухта ишлаб чиқилган ва албатта кенг омма муҳокамасидан ўтган режаси бўлади. Мақсади бор федерация ўртоқлик учрашувларидаги рақиблар номини камида икки-уч йил олдин эълон қилади. Мақсади бор федерация терма жамоани футболдан кўра, бизнесни яхшироқ тушунадиган олиб сотар қўлига бериб қўймайди ва ҳоказо!
Хўш, сизнинг олдингизга қандай мақсад қўйилган? Саволни бошқачароқ бераман. Сиз олдингизга қандай мақсад қўйгансиз? Мамлакатда футбол тизимини янгилашми? Болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантиришми? Терма жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиқишми? Бу ҳақда одамларга ҳозирдан, аниқ қилиб айтиб қўйинг. Навбатдаги ҳисобот-сайлов даврида фаолиятингиз шунга қараб баҳоланади.
5.
6.
7.
8…
Бу бандларни ҳам бемалол тўлдириш мумкин. Аммо ҳозирча юқорида айтилганларнинг ўзи етарли. Агар мазкур муаммоларнинг камида ярмига барҳам берилса ҳам, ишонинг Терма жамоаларимиз ўз-ўзидан жаҳон чемпионатига чиқиб кетаверади. Футболимизни ислоҳ этиш учун ўта катта куч керак эмас, виждонан ишлашнинг ўзи кифоя!
Ўткир Қаламтебратар
Манба: fayzbog.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда