
U-17 жаҳон чемпионати 1/16 финали арафасида Хорватия ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Марижан Будимир жамоасининг кайфияти ва Ўзбекистонга қарши бўлажак беллашув ҳақида ўз фикрларини билдирди. Унинг сўзларига кўра, жамоа гуруҳ босқичидаги барча учрашувларда яхши ўйин намойиш этган ва энди асосий мақсад — плей-оффда ғалаба қозониш орқали мусобақада узоққа бориш.
“Авваламбор, футболчиларимни плей-офф босқичига чиққани билан табриклайман. Улар гуруҳда ўз кучларини тўлиқ намоён этишди. Охирги учрашувда тўп устидан тўлиқ назорат ўрнатдик ва рақиб дарвозасини янада кўпроқ ишғол қилишга ҳаракат қилдик. Сенегалнинг натижасини эшитгандан кейин яна бир гол уришга уриндик, аммо бунга эриша олмадик. Сенегал БААга қарши фантастик ўйин кўрсатди ва бешта гол урди. Шу орқали улар тўплар фарқи ҳисобидан гуруҳда биринчи бўлиб чиқди”, — деди мураббий.
Шу билан бирга, Будимир натижаларга қарамай жамоаси билан фахрланишини таъкидлади:
“Биз учун бу натижа ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Гуруҳ босқичида учта кучли ўйин ўтказдик. Ўйинчиларим ҳар сафар майдонга чин юракдан чиқишди. Энди эса олдинга интилиш, плей-офф босқичида ўз сўзимизни айтиш вақти келди. Бу мусобақада узоққа бориш учун ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш кераклигини яхши биламиз.”
Хорватия мураббийи жамоасининг асосий устун жиҳатларини ҳам қайд этди:
“Бизда интизом, жамоавий руҳ ва ғалабага бўлган ишонч бор. Футболчиларимиз ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик кучли, ҳар бир ўйинчи майдонда ўз бурчини сидқидилдан бажаради. Шу сабабдан биз ҳеч қандай рақибдан, жумладан, Ўзбекистондан ҳам қўрқмаймиз. Бу босқичда хатоларга йўл қўймаслик муҳим, шунинг учун ҳар дақиқани ютуққа айлантириш ниятидамиз.”
Хорватия терма жамоаси мусобақа давомида барқарор ўйин намойиш этиб келмоқда. Улар “C” гуруҳида 7 очко тўплаб, Сенегалдан сўнг иккинчи ўринда плей-оффга чиқди. Энди уларнинг навбатдаги синови — Осиё чемпиони, жисмонан бақувват ва техник жиҳатдан тайёрланган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бўлади.
Марижан Будимир сўзларига кўра, жамоа барча ўйинлар орқали катта тажриба тўплади ва энди ҳар бир футболчи плей-офф босқичининг масъулиятини ҳис қилиб турибди. “Бундай мусобақаларда ҳар бир майда детал муҳим. Биз жамоа сифатида ишлаяпмиз ва ҳар бир ўйинчи ўз ролини аниқ билади. Плей-офф — янги босқич, бу ерда фақат кучли ва сабрли жамоалар қолади”, — деди мураббий.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Хорватия ўсмирлар терма жамоалари ўртасидаги баҳс 15 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 20:45 да старт олади. Бу ўйин ғолиби чорак финалга йўлланма олади ва Австрия — Чехия жуфтлиги ғолиби билан тўқнаш келади.
Ўзбекистон терма жамоаси ҳозирги пайтда яхши кайфиятда мусобақани давом эттираётган бўлиб, ўтган турда Панамага қарши 6:1 ҳисобидаги йирик ғалаба билан мухлислар ишончини янада оширган эди.
Шундай қилиб, бу кечада икки турли футбол мактаб ва услуб тўқнашади — европача тактик интизом ва осиёча энергия. Мухлислар эса тарихий беллашув олдидан шиддатли, рақобатли ва ҳиссиётларга бой ўйинни кутмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.