
Тошкентдаги «Humo Arena» яна бир тарихий кечага гувоҳ бўлди. «Lift Promotions» ва «Matchroom Boxing» ҳамкорлигида уюштирилган профессионал бокс оқшоми ўзининг ҳақиқий уюшқоқлиги, юқори савияси ва эҳтиросли муҳити билан мухлисларни ром этди. Аммо кечанинг энг кутилган, марказий жанги — ярим ўрта вазн тоифасидаги WBA камари учун мажбурий даъвогар бўлган Шаҳрам Ғиёсовнинг чиқиши эди.
Ўзбекистон халқининг севимли боксчиси Шаҳрам Ғиёсов бу гал Россия вакили Марк Урвановга қарши рингга қадам қўйди. Очиғи, жанг бошиданоқ юксак темпда ўтди ва ҳар икки боксчининг иродаси, техник маҳорати жиддий синовдан ўтди. Аммо Ғиёсовнинг ҳаракатлари яна бир бор унинг даражасини қандай эканини эсга солди.
8 раундга мўлжалланган тўқнашув тўртинчи раунддаёқ ўз ниҳоясига етди. Шаҳрам бир неча маротаба кучли комбинациялар билан рақибини титратиб ташлади ва ўша ҳал қилувчи лаҳзада техник нокаут қайд этилди. Шу тариқа, Урванов жавоб қайтаришга улгурмай, баҳс муддатидан аввал тугади.
Ушбу ғалаба Шаҳрам Ғиёсовнинг профессионал фаолиятидаги 18-ўйини ва 18-ишончли ғалабаси бўлди. Россиялик рақиб Марк Урванов эса ўз карьерасида 5-бор рингни мағлуб ҳолда тарк этди.
Ғиёсовнинг бу ғалабаси нафақат унинг WBA жаҳон камари учун асосий даъвогарлик мақомини мустаҳкамлади, балки унинг янги даражаларга тайёр эканини ҳам яна бир бор тасдиқлади. Унинг рингдаги ҳаракатлари, муддатидан олдинги ғалабаси ва мухлисларга улашган ҳиссиёти — кечанинг энг ёрқин онларидан бири бўлди.
Шаҳрам энди катта жанглар остонасида. Мухлислар эса тайёр — у ҳар гал рингга кўтарилганида, тарих ёзилишига шубҳа йўқ.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.