
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Мисрга қарши қимматли ғалабадан сўнг матбуот анжуманида иштирок этиб, ўйинга оид муҳим фикрларини баён қилди. Итальян мутахассис ўз жамоасининг ҳаракатидан мамнунлигини билдириб, ўйинчиларнинг меҳнати ва интилишини алоҳида таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, футболчилар тўлақонли ривожланиш йўлида ҳар куни тинимсиз меҳнат қилишмоқда ва бу меҳнат майдондаги ҳаракатларида яққол кўзга ташланмоқда. Каннаваро, айниқса, Миср каби юқори савиядаги футболчиларга қарши ўйнаш қанчалик қийин бўлишини айтди.
«Мен ўйинчиларим учун жуда мамнунман. Мен термага келган кундан буён улар имкониятлари борича ҳаракат қилишяпти. Ҳар куни янги нарсаларни қабул қилишга ва ўйинни такомиллаштиришга интилишяпти. Бугунги рақибимиз Миср — топ даражадаги футболчиларга эга жамоа. Уларга қарши майдонга тушиш осон эмас, лекин жамоамиз ўйиннинг илк дақиқалариёқ диққат билан ҳаракат қилишди. Биринчи гол, иккинчи гол, ҳатто тўпсиз вазиятларда ҳам барча зоналарни ёпиб, жипс ўйнадик», — деди Каннаваро.
Шу билан бирга, мураббий жамоанинг жисмоний тайёргарлиги борасида ҳали ҳам хавотирда эканини яширмади. Унинг таъкидлашича, барча ўйинчилар майдонда катта куч сарфлашмоқда ва ушбу ҳолатни яхшилаш жамоанинг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.
Ўруновнинг ҳолати ҳақида
Матбуот анжуманида Остон Ўруновнинг Эронга қарши финалда майдонга тушиши масаласи ҳам ўртага ташланди. Каннаваро бу борада аниқ жавоб бермади:
«Билмадим (кулади). Остон жуда чарчаган эди. У майдонда қўлидан келган барча нарсани қилди. Жароҳатдан қайтганига кўп бўлмагани учун ҳали жисмоний ҳолатини кучайтириш керак», — деди мураббий.
Эронга қарши финал ҳақида
Каннаваро финалдаги рақиб — Эрон ҳақида ҳам фикр билдирди:
«Эрон — Осиёдаги энг кучли жамоалардан бири. Биз уларни жуда ҳурмат қиламиз. Аммо финалга бир мақсад билан чиқамиз — рақибга муаммо яратиш. Биз уларга қийинчилик туғдира олишимизга ишонаман», — деди у.
Муҳаммад Салоҳни назорат қилиш режаси борми?
Мураббийдан жамоанинг ҳимояси ва Салоҳга қарши тактика ҳақида ҳам сўрашди. Каннаваро бу борада очиқ гапирди:
«Муҳаммад Салоҳни тўлиқ қўриқлашнинг иложи йўқ. Лекин бундай даражадаги футболчиларнинг имкониятларини чеклашга ҳаракат қилдик. Биз тўпсиз жуда яхши ишладик. Бироқ бу даражадаги жамоаларга қарши бир-икки зарба беришга рухсат берсангиз, улар бу имкониятдан фойдаланади. Хавфли вазиятлар бўлди, лекин жуда катта таҳдидлар кўзга ташланмади. Бу мен учун муҳим эди», — дея таъкидлади Каннаваро.
Нега айнан Ўзбекистон?
Матбуот анжуманининг энг қизиқарли саволларидан бири — Каннаваро нега Ўзбекистон терма жамоасини бошқаришни танлагани ҳақида бўлди.
«Ўзбекистонда қандай иш олиб борилаётганини кўрдим. Ёшларга катта эътибор қаратишяпти, жамоа асосан маҳаллий футболчиларга таянади. Бу мен учун жуда ёқимли ва қизиқарли лойиҳа бўлди. Шунинг учун айнан Ўзбекистонни танладим», — деди итальян мутахассис.
Каннаваронинг сўзларидан кўриниб турибдики, жамоада ижобий руҳият шаклланган, футболчилар ўзаро ишонч ва янги тактик йўналишларга шижоат билан ёндашмоқда. Эндиликда барча мухлислар 18 ноябрь куни бўлиб ўтадиган финални катта шавқ билан кутмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.