
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг етакчи ҳужумчиси ва сардори Элдор Шомуродов Мисрга қарши муҳим беллашувдан сўнг журналистлар билан мулоқот қилиб, майдондаги вазиятлар, жамоа тактикаси ва финалга оид фикрларини баён қилди. Унинг сўзларидан кўриниб турибдики, бу ўйин нафақат натижа, балки ўзаро тушуниш ва биргаликда ҳаракат қилиш бўйича ҳам жамоа учун катта тажриба бўлган.
Шомуродов ўйиннинг биринчи қисмида жамоа катта устунликка эга бўлганини таъкидлар экан, амалдаги вазиятлардан унумли фойдаланилмаганини энг асосий камчилик сифатида тилга олди.
«Биринчи бўлимда ташаббус тўлиқ бизнинг томонда эди. Агар имкониятлардан яхшироқ фойдаланганимизда, 2 гол билан чекланмасдан, яна бир неча бор дарвозани ишғол қилишимиз мумкин эди. Иккинчи бўлимда эса, бироз ҳимояга кўпроқ эътибор қаратдик. Миср ҳам тактикасига ўзгариш киритди ва бироз босим остида қолдик. Лекин энг асосийси — гол ўтказмадик», — деди Элдор.
Унинг фикрича, вазият яратиш — жамоанинг энг катта ютуғи бўлди. Чунки ўзаро тушуниш ва жамоавий ҳаракат тўғри йўлга қўйилганини айнан шу жараёнлар кўрсатиб турибди.
«Имкониятларни голга айлантира олмаганимиз — хатомиз. Лекин вазият ярата олдик, бу эса жамоамиз ўзаро бир-бирини қай даражада англаётганини кўрсатади. Бу Остон билан ҳам, Азизбек билан ҳам майдонда қанчалик яхши уйғунликка эга эканимизнинг яна бир исботи», — дея қайд этди у.
Шомуродов замонавий футболда жамоа ҳар икки фазада — ҳимоя ва ҳужумда — барча сценарийга тайёр туриши кераклигини алоҳида таъкидлади.
«Замонавий футболда барча нарсага тайёр туриш шарт. Баъзи ўйинларда актив прессинг қилишга тўғри келади, баъзида эса рақибнинг устун сифати туфайли ҳимоядан туриб ўйнаш керак бўлади. Мисрга қарши дастлабки бўлимда яхши прессинг қилдик, ташаббусни олиб юрдик. Иккинчи қисмида эса ҳимояда ишончли тўпландик. Энг муҳими — ҳар икки фазада ҳам тайёр бўлиш», — деди сардор.
Суҳбат якунида Элдор жамоанинг финалдаги мақсади аниқ ва ўзгармайдиганини билдирди:
«Эрон билан ўйин доимо қизиқ ва масъулиятли бўлади. Бир нарса аниқ — биз ғалаба учун курашамиз».
Шомуродовнинг бу фикрлари жамоа ичидаги руҳий тайёргарлик юқори эканини, ўйинчилар бир-бирига ишонаётганини ва финал олдидан жамоада мустаҳкам бирлик шаклланганини кўрсатади. Мухлислар эса энди 18 ноябрдаги ҳал қилувчи баҳсни мантиқан катта кутиш билан қарши олмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.