10:56 / 17.03.2018
3 067

Легионермисан, «ёриб» ташламайсанми?

Легионермисан, «ёриб» ташламайсанми?
«Номи улуғ — супраси қуруқ» футболчиларга фалон пул бериб, олиб ўтиришдан нима фойда?
Фото: «forumdaily.com»

Ўзбекистон футбол мамлакати эмас. Бизнинг футбол Бразилия, Италия ёки Англиядагига ўхшаб ҳар қандай ҳолатда ҳам ривожланиб кета олмайди. Айтмоқчи бўлганим, ассоциация чиқарадиган қарорлар, қўйиладиган қатъий талаб, тақиқ ва турли кўринишдаги лимитлар футболимиз учун жуда муҳим.

Масалан, бир неча йил олдин хориждан дарвозабон сотиб олиш тақиқланган эди. Кўп клублар бунга қарши чиқди, журналистлар бонг урди. Гўёки чет элдан катта маҳоратга эга дарвозабон келиб, футболимизни ривожлантириб берадигандек. Тақиқ олиб ташланди, нима бўлди? Иккита дарвозабон келдими? У ҳам энг кучли клубларимизга эмас, ўртамиёна «Нефтчи» ва «Қизилқум»га. Черемисин учун чиқарилдими бу қоида?

Тан олишимиз керак, клубларимизда ўйнаётган аксарият хорижлик футболчилар ўз давлатида «чиқит»га чиққан ўйинчилар. Клубларимиз арзонгаров болқонликларга ўрганиб қолишди. Черан, Лукич, Йелич, Станоевич, Пайович, Иняц, Раевац ва ҳоказо. Рўйхатга олинган легионерларнинг деярли ярми Сербиядан. Чемпионлар лигасида қатнашётган жамоаларни тушунса бўлади. Аммо «Навбаҳор», «АГМК», «Қизилқум», «Қўқон-1912» каби жамоаларга таркибни ўртамиёна легионерлар билан тўлдириш нима беради? Улар ўта савияли бўлса алам қилмасди. Лекин маҳаллий ўйинчиларимиз орасида ҳам ялт этиб чиққани ва қойиллатиб гол ураётгани йўқ-ку! Энг қизиғи, бешталаб легионерни сотиб олган «Қизилқум» ва «АГМК» жамоалари 2-турдан кейин аутсайдерлар қаторида турибди. Тўғри, икки турдан сўнг хулоса чиқаришга бироз эртадир, аммо мақсад ўзбек футболини ривожлантириш экан, ҳокимият қарамоғидаги клуб «мажбурий ҳомий»дан олинган «садақа»ни хорижлик чала футболчилар учун сарфлаши инсофданми?

Араб давлатларидаги легионерларга бир назар ташланг. Учта легионер ўйин тақдирини ҳал қилади, бир ўзи бир нечта футболчини алдаб, натижага эришади. Биздаги легионерларнинг ўзимизнинг қоракўзларимиздан ортиқ жойи борми? Аслида улар биздан анча кучли бўлишлари керак эмасми? Акс ҳолда «номи улуғ — супраси қуруқ» футболчиларга фалон пул бериб, олиб ўтиришдан нима фойда?

ЎФАдан кескин қарорлардан қочмасликни илтимос қиламан. Масалан, легионерларга қўйиладиган талабни янада ошириш керак. Улар ўтган мавсумларда ўйнаган лигаси, терма жамоадаги кўрсаткичи (агар ўйнаган бўлса), шахсий натижалари, югуриш, сакраш, тўпни тўхтатиш, зарба бериш, қўйингки, футболчи учун зарур бўлган барча кўрсаткичлар бўйича ўзимизнинг футболчиларимиздан юқорироқ кўрсаткичга эга бўлиши лозим. Иложи бўлса ЎФА қошида махсус комиссия ташкил этилиб, ундан тест орқали ўтиш мажбурий қилиб қўйилиши лозим.

Ҳар бир легионер ҳақида тўхталмоқчи эмасман. Аммо «Локомотив»даги Нивалдо ва Сук Жай Чо ҳақида тўхталиб ўтмасам бўлмайди. Чемпионат бошланмасидан жисмоний тайёргарликдан тест топширилишини ҳамма билади. Бир неча футболчи ундан жисмоний ҳолати ёмонлиги сабабли ўта олмаганидан ҳам хабардормиз. Нивалдонинг ана шу тестдан ўта олганига кимдир ишонадими? Бу футболчи ўзини ўзи зўрға кўтариб юради-ку!


Тўғри, у қайсидир жиҳатлари билан бизнинг футболчилардан устун бўлиши мумкин. Аммо қонун-қоида ҳамма учун бир хил бўлиши керак эмасми? Шу футболчи келганидан бери жароҳатдан қутула олмайди. Агар шартнома муддати бир йилга тузилган деб тахмин қилсак, у Тошкентда даволаниб, қайтиб кетиши аниқ. Ҳар қандай жамоа ҳам футболчи сотиб олаётганда унинг соғлиғига қарайдими? Наҳотки мавсум бошидан жароҳати билан келган футболчини «темирйўлчилар» текшириб кўришмаган бўлса?!

Кореялик футболчига келсак, у майдондан кўра захира ўриндиғида кўпроқ кўриниш бераяпти. Ўйнаганда ҳам рақиб ҳужумчисига «голли пас» беришдан нарига ўтмайди. Нима, у ҳам касалми? Соғ бўлса, нега сўнгги дақиқаларда майдонга тушаяпти? Агар рақобатга дош бермаётган бўлса, нима қиламиз ундай легионерни?
Абдумажид Аҳмедов

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Легионермисан, «ёриб» ташламайсанми?