
Тошкент вилояти ҳудудида археологик жамоа тарих учун улкан аҳамиятга эга топилмани аниқлади — милодий X–XI асрларга тегишли қадимий деворий суратлар қайта тикланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти маълум қилди.
Маълумотларга кўра, ушбу ноёб расмлар қадимги Қанқа шаҳри шаҳристонида жойлашган карвонсарой харобаларидан топилган. Археологлар таъкидлашича, бу карвонсарой қадимда шаҳарнинг иқтисодий ва маданий марказларидан бири бўлган. Унинг жанубий дарвозасидан тахминан 60 метр узоқликда жойлашган бинолар меъморий жиҳатдан жуда бой безакларга эга бўлган.
Қазишмалар давомида карвонсарой хоналаридан бирининг деворларидан қулаб тушган сурат бўлаклари топилган. Улар 25×30, 15×20 ва 30×35 сантиметр ўлчамда бўлиб, бинонинг ички қисми замонаси учун бадиий жиҳатдан юксак даражада безатилганини кўрсатади. Мутахассислар фикрича, бу топилма араблар юриши ортидан йўқолган деворий безак санъати 10–11 асрларда Тошкент воҳасида қайта тикланганини исботлайди.
Археологик маълумотлар шундан далолат бермоқдаки, ўхшаш безакли расмлар илгари Самарқанд ва Ахсикент ёдгорликларидан ҳам топилган. Энди эса, Маданий мерос агентлиги ва Самарқанд археология институти реставраторлари иштирокида ўрганилаётган бу топилмалар Тошкент ҳудудида ҳам деворий рассомлик мактаби мавжуд бўлганини кўрсатмоқда.
Эслатиб ўтиш жоиз, 2023 йилда Қанқа ёдгорлигида ўтказилган изланишлар натижасида V–VII асрларга оид ибодатхона ва ҳарбий анжомлар ҳам аниқланган эди. Бу эса Қанқани нафақат савдо йўлларидаги муҳим нуқта, балки санъат ва маданият маркази бўлганини яна бир бор исботлайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!