
Қатарда бўлиб ўтаётган U-17 жаҳон чемпионатининг 2-тур баҳсларида Исломбек Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Ирландия ёшларига қарши майдонга тушди. Биринчи турда Парагвай устидан иродавий ғалаба қозонган жамоамиз бу гал ҳам яхши бошланғич олишганига қарамай, натижани сақлаб қололмади ва 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради.
Беллашувнинг дастлабки қисмида ўсмирларимиз ташаббусни қўлга олиб, гол уриш учун бир неча бор хавфли ҳужумлар ташкил этди. 20-дақиқада Аббосбек Шукруллаев жамоамизни олдинга олиб чиқди ва Ўзбекистонга ишонч бағишлади. Бироқ ортидан Ирландия футболчилари тезлик билан ўзини қўлга олди, 33-дақиқада Греди Макдонелл ҳисобни тенглаштирди.
Иккинчи бўлимда ҳам майдондаги кураш шиддат билан давом этди. Ўзбекистон ўсмирлари бир неча бор рақиб дарвозасига хавф солди, аммо зарбалар аниқлик етмаслиги сабабли голга айланмади. 75-дақиқада эса ирландиялик Микаел Нунан жарима майдони яқинидан жамоасига ғалаба келтирувчи голни урди.
Учрашув 2:1 ҳисобида Ирландиянинг фойдасига якунланди.
Бу натижа орқали Ирландия ўсмирлар терма жамоаси икки ғалаба билан 6 очко тўплаб, гуруҳда пешқадамликни мустаҳкамлади. Ўзбекистон ўсмирлари эса 3 очко билан иккинчи поғонада қолди. Шу билан бирга, биринчи турда терма жамоамизга мағлуб бўлган Парагвай Панамани 2:1 ҳисобида енгди ва 3 очко билан 3-ўринга кўтарилди. Панама эса ҳали очко тўплай олмаган ҳолда гуруҳнинг сўнгги поғонасида қолди.
Исломбек Исмоилов шогирдлари учун кейинги ўйин ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Жамоамиз 11 ноябрь куни Панамага қарши майдонга тушади ва бу баҳс кейинги босқичга чиқиш масаласини белгилаб беради.
Ўсмирларимиз Парагвай устидан қозонган иродавий ғалабани такрорлаб, гуруҳдан чиқиш учун барча имкониятларини сўнгги дақиқагача ишга солиши кутилмоқда. Мухлислар эса терма жамоамизнинг сўнгги ўйинида янги ғалабани кутмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!