
Биласиз, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси олдига 18-Осиё ўйинлари олтин медалини ютиш вазифаси қўйилганди. Бироқ Равшан Ҳайдаров бошқарувидаги жамоамиз мусобақадаги иштирокини эртароқ якунлашга мажбур бўлди.
Олимпиячиларимиз 1|4 финал учрашувида ортиқча таърифга эҳтиёж сезмайдиган Жанубий Корея термасига имкониятни бой беришди - 3:4. Чиройли ўйин, аламли натижа...
Мағлубият сабабини кимлардир ҳакамдан қидиришди, бошқа бировлар футболчиларимиздан ўпкалашди, яна баъзилар мураббийни бош айбдор сифатида кўрсатишди.
Осиё ўйинларини Жакарта ва Палембанг шаҳарларида бевосита кузатиб борган махсус мухбиримиз Камолиддин Алимов омадсиз баҳсдан кейин Равшан Акмаловични алоҳида суҳбатга чорлаб, олимпия термаси иштироки юзасидан батафсил интервью олди.
- Равшан ака, Жанубий Корея термасига қарши кечган ўйинга тўхталишдан аввал Осиё ўйинларига танланган таркиб ҳақида сўрамоқчиман. Айтингчи, жамоа сафига ўзингиз хоҳлаган барча футболчиларни қўша олдингизми? Албатта, Азиз Ғаниевдан ташқари...
- Ҳа, турнир учун шакллантирилган таркибдан кўнглим тўқ эди. Зеро, якуний рўйхатга айни пайтдаги энг муносиб йигитларни киритдик, менимча. Қисқаси, таркиб масаласида ҳеч қандай эътироз йўқ. Ўзингиз айтгандек, биргина «Насаф» ярим ҳимоячиси Азиз Ғаниев хизматидан фойдаланолмадик.
Унинг «Навбаҳор»га қарши кечган учрашувда кутилмаганда, жароҳатлангани қимматга тушди. Бундан ташқари, Индонезияга жўнаш олдидан Азиз Турғунбоев ва Жасур Яхшибоевда ҳам кичик муаммо бор эди. Лекин уларни якуний таркибга киритдик. Турнир давомида шифокорларимиз ҳар иккисини сафга қайтариш учун катта ҳажмда иш олиб боришди.
Аммо Яхшибоевни майдонга туширолмадик, барибир. Яъни у талаб даражасида тикланишга улгурмади. Қолаверса, Забиҳилло Ўринбоев ҳам кичик жароҳат билан ўйнади. У шу туфайли Тошкентдаги охирги йиғинимизда якка тартибда шуғулланганди. Муҳими, Забиҳилло ўзимиз кутгандан ҳам фаолроқ тўп сурди. Ҳар ҳолда, ўйинларда сира тинмади, бир неча гол урди ва жамоага ёрдам берди.
- Таркибга яна Отабек Шукуров ва Элдор Шомуродовни қўшиш мумкин эди, лекин билишимизча, уларга клублари рухсат бермаган...
- Афсуски шундай. Аслида Шукуров ва Шомуродов масаласида уларнинг клублари билан узоқ музокара олиб бордик. Лекин БАА ва Россия чемпионатлари давом этаётгани сабаб, жамоалар футболчиларни қўйиб юбормади. Чунки Осиё ўйинлари дастуридан ўрин олган футбол турнири ФИФА тақвимига киритилмаган.
Бу ҳолатда футболчига рухсат бериш-бермаслик клуб раҳбарияти ихтиёрида бўлади. Қисқаси, ҳар икки футболчининг клуби таклифимизга рад жавоби берди. Биргина «Анжи» раҳбарияти Достон Ҳамдамовни терма жамоа ихтиёрига қўйиб юборишга рози бўлди. Бунинг учун махачқалъаликларга миннатдорчилик билдирдик.
Мана, Достон фаоллиги билан жамоамизга сезиларли наф келтирди. Агар Шомуродов ва Шукуровни ҳам таркибга қўша олганимизда, эҳтимолки, ҳаммаси бош-қача кечармиди? Ишончим комил, ушбу тажрибали легионерларимиз жамоа ўйинини яққол кучайтиришарди.
- «Заявка»га 3 нафар ёши катта футболчи киритиш борасида анча бош қотиришингизга тўғри келгани аниқ. Бунда кўпроқ нимага эътибор қаратдингиз?
- Ҳеч иккиланишсиз айтишим мумкин, ёши катта футболчиларни танлаш бобида хатоликка йўл қўймадик. Уларни битта йиғин - Туркиядаги машғулотлар воситасида танладим. Табиийки, аввало, йигитларнинг жамоага киришиб кетиш потенциалини инобатга олдим.
Муҳими, улар бу борада муаммо сезишмади. Ҳамма кўрди, Жалолиддин Машарипов ҳам, Икром Алибоев ҳам ўйинларда жамоа етакчиси сифатида гавдаланиб, йигитларни олға бошлади. Шунинг баробарида улар муҳим голларга муаллифлик қилишди. Қисқаси, Жалолиддин ва Икром етакчилик хусусиятига таяниб, футболчиларни ўз ортларидан эргаштиришди.
Яна бир ёши катта футболчимиз - Азиз Турғунбоевга эса жароҳат панд берди. Умумий хулоса шуки, таркиб масаласида жиддий эътирозга ўрин қолдирмадик, яъни футболчилар танловида адашганим йўқ, менимча.
- Энди ташкилотчилик хусусида: асосий ва машғулот майдонлари талабга мувофиқ эканми?
- Турнир давомида 3та шаҳарчада яшашимизга тўғри келди, табиийки, 3та меҳмонхонада турдик. Стадионлар ва машғулот майдонлари чими сифати ўртасида катта фарқ бор. Ҳар ҳолда, машғулот майдонлари идеал ҳолатда эмасди.
Багор шаҳарчасидан Бегасига кўчиб ўтишда эса, йўл муаммосига дуч келдик - автомобиллар тиқилинчи. Ҳаттоки, баъзи кунлар стадионга етиб олиш учун 2 соатлаб вақт сарфладик. Йўқ, буни катта муаммо сифатида кўрсатмоқчи эмасман. Чунки ҳамма деярли бир хил шароитда яшади, шуғулланди, ўйинларда иштирок этди.
- Жанубий Корея термаси финал йўлидаги асосий рақиб эди. Ўйинга муносиб тактика танлашда иккиланмадингизми?
- Ҳа, Жанубий Корея термаси Осиё ўйинларининг асосий фаворити эканлиги олдиндан маълум эди. Корейсларнинг гуруҳ босқичи ҳамда нимчорак финалдаги ўйинларини синчковлик билан ўрганиб чиқдик. Гуруҳ раундидан ўрин олган Малайзия термасига қарши кечган баҳслари бундан мустасно.
Чунки жамоа мураббийлари ўша учрашувда иккинчи таркибни майдонга туширишди. Бундай ҳолатда жамоа ўйинига тўлақонли баҳо бериш мушкул. Қолаверса, корейслар малайзияликларга имкониятни бой беришганди. Умуман, гуруҳ босқичида 3та рақиб ҳам корейслар билан учрашувда ҳимоявий тактика қўллади.
Нимчорак финалда эса Эрон термаси анча муросасиз кураш тақдим этди. Айнан шу баҳсни алоҳида таҳлил қилдик. Бизга ҳимояга асосланган ўйин услуби ярашмасди. Чунки таркибимизда ҳужумни хуш кўрадиган футболчилар жуда кўп. Шунинг баробарида эҳтиёткорлик зарар қилмаслигини билардик. Шулардан келиб чиқиб, тактика танладик, ўйин режасини туздик.
Оддий айтганда, йигитларга ҳимояни асло унутиб қўймасликни алоҳида уқтирдик. Асосийси, тўп назоратини қўлдан чиқармаслик эди. Сир эмас, Жанубий Корея терма жамоаси жуда тез ҳаракатланади, қарши ҳужумлардан унумли фойдаланади. Шуларни инобатга олиб, футболчиларни аввалги ўйинларга қараганда, янада илдамроқ бўлиш, тезроқ фикрлашга чорладим.
Ҳужумда тўп йўқотилса, зудлик билан ўз позицияларига қайтишларини тайинладим. Йигитлар бу кўрсатмаларни қаердадир тўғри бажаришди, айрим вазиятларда эса рақибларга имкониятни бой беришди. Умуман олганда, оддий хатоларимиз оқибатида аламли мағлубиятга учрадик.
Эҳтимолки, бошқа жамоа бўлганида, бу хатолар билинмасди, аммо корейслар рақибни кечирадиганлар тоифасига киришмайди. Айниқса, Сон Хюн Мин каби ҳужумчилар учун бу каби хатолар айни муддао.
Демоқчиманки, рақиб таркибида яримта имкониятдан ҳам унумли фойдаланадиган футболчилар бор. Энг аламлиси, ҳужумкор футбол намойиш этиб, якунда мағлубиятни тан олдик. Бунга ўзимиз сабабчимиз. Назаримда, йигитлар ўйиндан олдинги ҳаяжон ва босимдан тўлиқ халос бўлолмадилар.
- Кўпроқ Сон Хюн Миндан хавф кутганмидингиз ёки бутун жамоадан?
- Сон Хюнга алоҳида таъриф бериш шарт эмас. Юқори савияли ҳужумчи, у бежиз Англиянинг гранд клубида ўйнамаяпти. Табиийки, бу ҳужумчига алоҳида эътибор қаратдик. Қолаверса, Хван ҳамда 10, 11, 30-рақамларда ўйнаган футболчилар тезлиги ва маҳоратини алоҳида таъкидлашни истардим.
Йигитларга уларни имкон қадар майдон марказида зарарсизлантириш хусусида кўрсатма бергандим. Афсуски, ўйин бошида тезкор гол қўйиб юбордик. Натижада ҳужумга ташланиб, рақибга очиқ футбол таклиф қилдик. Ўз ўрнида тан олиш керак, корейслар ҳам ҳужумкор ўйин кўрсатишди. Бундай футболда эса омадлироқ ва камроқ хатога йўл қўйган томон ғалаба қозонади.
Афсуски, омад биз тарафда эмасди. Бирор футболчи атайин хато қилмаслиги ўз-ўзидан тушунарли. Демоқчиманки, кореяликлар шиддатли ва тезкор ҳужумлари билан футболчиларимизни шошириб қўйишди. Тезкор футболда икки жамоадан бирининг хато қилиши муқаррар. Чунки ўйинга берилиб кетиш натижасида совуққонлик эсдан чиқади.
Қисқаси, баъзи вазиятларда майдонда бўш зоналар қолдирилди. Лекин мураббий сифатида ҳеч бир футболчини айбламоқчи эмасман. Зеро, йигитлар астойдил ҳаракат қилишди. Рақиб кучига ҳурмат билан қараб, барчасини тўғри баҳолаш керак.
Қолаверса, майдонда бир киши кам бўлиб қолганимиз ҳам оғирлик юклади. Тенг кучли жамоалар ўртасидаги бундай ўйинларда сон устунлиги бир томонга фойда келтиради, барибир.
- Ўзи Ж.Корея термаси сиз кутган даражада ўйнадими ёки кучлироқ...?
- Тан олишим керак, рақиб мен кутгандан ҳам кучлироқ ўйин кўрсатди. Аввалги учрашувларда Сон Хюн Мин ҳам, Хван ҳам бундай кучли иштиёқ билан тўп суришмаганди. Ўйинларни кўриб чиққанимда, Сон Хюн 60 фоиз имкониятини ишга солганига эътибор қаратгандим. Биз билан учрашувда эса у умуман бошқа футболчига айланди.
Яъни Англия чемпионатида ўйнайдиган ҳақиқий Сон Хюнни кўрдик. Умуман, кореялик барча футболчилар майдонга ўзгача иштиёқ билан тушишди. Улар бизни асосий рақиб сифатида билиб, алоҳида тайёргарлик кўришгани яққол сезилди. Стадиондан кетаётганимизда, Сон Хюн Мин автобусимизга чиқиб, футболчиларга далда берди, кайфиятларини кўтаришга уринди.
У шу билан ҳақиқий профессионалларга хос иш тутди. Жуда мураккаб, қийин баҳсда ғалаба қозонишганидан бениҳоя хурсандлиги шундоқ юз-кўзидан сезилиб турди. Энди бу табиий ҳолат. Январь ойида бўлган Осиё чемпионатида корейсларни енггандик. Улар ўша мағлубият учун реванш олиш илинжида юришганди.
Ҳа, бизнинг футболчиларда ҳам иштиёқ, интилиш юқори эди. Лекин қайтараман, ўз хатоларимиз қимматга тушди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, йигитларни айбламайман. Улар имкон даражасида ҳаракат қилишди, интилишди.
- Мағлубият сабабларини таҳлил қилиш жараёнида қайси омиллар салмоқлироқ кўринди? Бунда хусусан, ҳакамлар «ҳисса»си ҳам борми?
- Афсуски, мағлубиятда ҳакамлик таъсири ҳам йўқ эмас. Аслида финалга хос бундай ўйинларга савияли рефери қўйилиши керак. Саудиялик ҳакам эса икки кучли жамоа ўйинини бошқаришга муносиб эмаслигини билинтириб қўйди.
Ахир унинг бригадаси кўплаб вазиятларда адашди, айниқса, бизнинг зараримизга кераксиз ҳуштак тез-тез янгради. Хуллас, рефери ўйин бориши ва натижага салбий таъсир ўтказди.
- Охирги савол: жамоамиз чорак финалда тўхтади. Хўш, Осиё ўйинларидаги иштирокка қандай баҳо берасиз?
- Аслида камида финалда ўйнашни кўзлагандик, мақсадимиз шу эди. Афсуски, чорак финал якуний марра бўлди. Ўзи футбол шунақа - ғалаба ва мағлубият ҳамиша ёнма-ён. Узлуксиз равишда ғалаба қозонадиган жамоанинг ўзи йўқ. Менга таскин берадиган жиҳат шуки, бу жамоанинг келажаги порлоқ.
Таркибда ўзбек футболининг яқин келажагини белгилаб бериш салоҳиятига эга йигитлар бор. Асосийси, футболчилар одоби ва муомаласи ҳам жуда яхши. Айтмоқчиманки, тарбияли, хушфеъл йигитлар йиғилишган. 4 йилдан буён бу жамоа билан биргаман. Йигитларни яқиндан билганим учун шундай дадил гапиряпман.
Биз бунга қадар жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этдик. Биласиз, Янги Зеландияда бўлиб ўтган мундиалда дунёнинг кучли 8та жамоаси қаторига киргандик. Шу йил январь ойида эса Осиё чемпионатида ғалаба қозондик. Умумий баҳо берганда, Осиё ўйинларида ҳам ёмон ўйин кўрсатмадик, менимча.
Бир сўз билан айтганда, жамоа таркибидаги аксарият футболчиларни ёрқин келажак кутмоқда. Мана, ҳозирнинг ўзида бир қатор йигитларимиз миллий жамоада ҳам ўйнашяпти. Учрашувдан кейин уларга шу ҳақда гапириб, тушкунликка берилмай, йўл қўйилган хатолардан тўғри хулоса чиқаришларини сўрадим.
Ўйлайманки, футболчилар тегишли сабоқ олишади. Ўз ўрнида мен ҳам мураббий сифатида Осиё ўйинларидаги иштирокимизни ўзим учун обдон таҳлил қиламан ҳали...
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Манба: www.interfutbol.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар