date

“Манчестер Сити”да тозаланиш: Ҳусанов яна бир рақобатчидан қутилади

“Манчестер Сити”да тозаланиш: Ҳусанов яна бир рақобатчидан қутилади

“Манчестер Сити” раҳбарияти бош мураббий Хосеп Гвардиоланинг ташаббуси билан таркибни қисқартириш сиёсатини изчил давом эттирмоқда. Испаниялик мутахассис жамоа ўзагини ташкил қиладиган футболчиларни аниқлаб олган ва асосий таркибда ўз ўрнини топа олмаган, ўйин амалиёти етарлича берилмаётган футболчилар билан хайрлашиш жараёнини бошлади.

Маълумки, Европанинг йирик лигаларида ёзги трансферлар ойнаси ёпилди. Бироқ баъзи мамлакатларда ҳали кириш трансферлари очиқ бўлиб турибди. Яна бир неча кундан сўнг бу имконият ҳам тугаши кутилмоқда.

Ёзги трансферлар давомида “шаҳарликлар” бир қатор номдор ўйинчилар билан хайрлашди. Жумладан, Кевин де Брюйне, Жек Грилиш, Илкай Гюндоған, Эдерсон, Мануэль Аканжи каби йирик футболчилар клубни тарк этди. Шу билан бирга, ёш футболчилардан Витор Рейс ва Макс Аллейн ҳам сотиб юборилди.

Айнан марказий ҳимоячи позициясидаги Аканжи, Рейс ва Аллейн кетиши натижасида Абдуқодир Ҳусанов учун кенгроқ имкониятлар яратилди. Гвардиола бу мавсум ўзбек футболчисини жамоада олиб қолиш қарорини маъқул топди.

Эндиликда эса шу позицияда ҳаракат қиладиган яна бир тажрибали ҳимоячи – Натан Акенинг жамоани тарк этиши ҳақида хабарлар тарқалмоқда. 30 ёшли нидерландиялик футболчи ички рақобатда ўз ўрнини йўқотмоқда, айниқса Ҳусанов каби ёш ва бақувват рақобатчиларнинг ортида қолмоқда.

Ҳозирги пайтда “Тоттенхэм” бу вазиятдан унумли фойдаланиш ниятида. Лондонликлар Натан Акени қишки трансферлар ойнасида жамоага олиб келиш учун ҳаракат бошлади. Улар ҳимоя чизиғида барқарорлик олиб келиш учун тажрибали футболчини таркибга қўшиб олиш муҳим деб ҳисоблаяпти.

CaughtOffside’нинг маълумотларига кўра, “Тоттенхэм” бош мураббийи Томас Франк ёздаёқ Акенинг трансферига қизиқиш билдирган. Энди клуб директорлари ҳам бу ғояни қўллаб-қувватлаяпти. Улар Натаннинг Премьер-лига ва Европа майдонларидаги катта тажрибаси “шпорлар” учун фойда келтиради, деган фикрда.

Гвардиола эса, жамоада ёши ўтиб қолган ўйинчилардан аста-секин воз кечаётганини яширмаяпти. У асосан Жон Стоунз, Абдуқодир Ҳусанов, Йошко Гвардиол ва Рубен Диаш каби ҳимоячиларга таяниш ниятида. Шу сабаб, Акенинг асосий таркибда мунтазам ўйнаш эҳтимоли жуда паст.

Натаннинг ўзи ҳам вазиятни тўғри баҳолаб, захирада қолиб кетиш ўрнига жамоа ва муҳитни ўзгартиришга қарши эмас. Айниқса, жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрилаётган мавсумда унга мунтазам ўйин амалиёти зарур.

Шундай қилиб, “Манчестер Сити”даги таркибий тозаланиш Абдуқодир Ҳусанов учун катта имконият эшикларини очиб бермоқда. Агар Аке кетса, ўзбек ҳимоячиси учун янада кўпроқ ўйинларда майдонга тушиш имконияти пайдо бўлади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Манчестер Сити”да тозаланиш: Ҳусанов яна бир рақобатчидан қутилади