“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола мавсумнинг илк ҳафталаридаёқ таркиб танлашда жиддий қийинчиликларга дуч келиши аниқ бўлиб турибди.
Ҳозирда “шаҳарликлар”нинг бир қатор асосий ўйинчилари миллий терма жамоалар сафида бўлса, яна бир нечалари жароҳат олиб, тикланиш жараёнида. Улар орасида ўзбек футболчиси Абдуқодир Ҳусанов ҳам бор. Шу билан бирга жамоа 14 сентябрь куни бўлиб ўтадиган дерби — “Манчестер Юнайтед”га қарши баҳсга тайёргарлик кўрмоқда.
Шу орада Гвардиолага яна бир хунук хабар етиб келди. Журналист Исмоил Маҳмуд тарқатган маълумотга кўра, Миср миллий жамоаси сафида тўп суриб келаётган ҳужумчи Умар Мармуш 2026 йилги жаҳон чемпионати саралашидан ўрин олган Буркина-Фасога қарши беллашувда тиззасидан оғир шикаст олган. Унинг жароҳати баҳснинг бошланғич дақиқаларидаёқ юз берган ва натижада ўйин голсиз дуранг билан якунланган.
Маълумот учун, 26 ёшли форвард 2021 йилдан буён Миср терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Шу вақт мобайнида у халқаро миқёсда 37 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 6 та гол ёздириб қўйган.
Гвардиоланинг таркиб танлашдаги муаммолари тобора ортиб бораётгани, айниқса, олдиндаги “Манчестер дербиси” олдидан жамоа учун жиддий синов бўлиб қолиши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!