date

Абдуқодир Ҳусановнинг жароҳатдан сўнгги аҳволи бўйича маълумот...

Абдуқодир Ҳусановнинг жароҳатдан сўнгги аҳволи бўйича маълумот... 

Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Англия Премьер-лигаси 3-туридан ўрин олган “Брайтон”га қарши баҳснинг 85-дақиқасида жароҳат олиб, захирага олинган эди. Кейинги тиббий кўриклар унинг чап оёқ мушакларида шикаст борлигини тасдиқлади.

Шифокорлар ва мутахассислар маслаҳатидан сўнг Ҳусановни миллий терма жамоа ўйинларига чақирмасликка қарор қилинди. Шу сабабли ёш ҳимоячи “CAFA Nations Cup 2025” халқаро турнирида иштирок этмаяпти. Бу мусобақа эса ўзбекистонлик футболчилар учун 2026 йилги жаҳон чемпионатига тайёргарликнинг муҳим босқичи сифатида кўрилмоқда.

Англия футболи таҳлилчилари Ҳусановнинг жароҳатини “Манчестер Сити” учун катта йўқотиш, деб баҳолашди. Чунки келаётган тўртинчи турдаги Манчестер дербисида рақиб — “Манчестер Юнайтед” асосан ҳимояга таянади ва қарши ҳужум орқали ҳаракат қилади. Бундай вазиятда Ҳусановнинг тезлиги, курашчанлиги ва майдонда вазиятни англай олиш қобилияти катта аҳамият касб этади.

“Сити” мутахассислари ҳам ўзбек легионерини тезроқ сафга қайтариш устида ишлаяпти. Айниқса, Жон Стоунз ҳам жароҳат туфайли Англия терма жамоасидан клубга қайтарилгани Хосеп Гвардиолага қўшимча муаммо бўлди.

Manchester Evening News мухбири Тайрон Маршаллнинг ёзишича, Ҳусановнинг тўлиқ соғайиши камида икки ҳафта вақт талаб этади. Бу орада ФИФА кунлари муносабати билан Премьер-лигада қисқа танаффус эълон қилингани “шаҳарликлар” учун катта имконият бўлди.

— Ҳозир барча умид Абдуқодир Ҳусановнинг Манчестер дербисигача сафга қайтиши билан боғлиқ. Икки ҳафталик ҳордиқ ва даволанишдан сўнг ёш ҳимоячи майдонга қайтади, деган ишонч юқори, — дея ёзди somosfanaticos.fans сайти.

Англиядан келган охирги маълумотларга кўра, Ҳусановнинг соғайиш жараёни жадал суръатда кечмоқда. У тез орада индивидуал машғулотларни бошлайди, шундан сўнг умумий гуруҳ машғулотларига қўшилиши ва “Манчестер Юнайтед”га қарши учрашувга тайёргарлик кўриши кутиляпти. Бу эса ўзбекистонлик футбол мухлислари учун қувончли хабардир.

Эслатиб ўтамиз, Англия Премьер-лигаси 4-туридан ўрин олган “Манчестер Сити” — “Манчестер Юнайтед” учрашуви 14 сентябрь куни, соат 20:30 да (Тошкент вақти) старт олади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абдуқодир Ҳусановнинг жароҳатдан сўнгги аҳволи бўйича маълумот...