date

Абдуқодир Ҳусанов дербида ўнг қанотда синаб кўрилиши мумкин

Абдуқодир Ҳусанов дербида ўнг қанотда синаб кўрилиши мумкин

Маълумки, ФИФА кунлари муносабати билан Европанинг етакчи чемпионатларида икки ҳафталик танаффус эълон қилинди. Барча клублар бу оралиқда халқаро баҳслардан сўнгги дастлабки турга тайёргарлик кўрмоқда.

Англия Премьер-лигасининг тўртинчи туридан ўрин олган Манчестер дербиси эса ҳозирданёқ кўплаб ишқибозлар ва мутахассислар диққат марказида турибди. Бу ҳақда нуфузли manchestercity.news сайти таҳлилий мақоласи эълон қилди ва унда ўзбек футболчиси Абдуқодир Ҳусановнинг жамоадаги аҳамияти алоҳида тилга олинди.

Экспертларнинг қайд этишича, дерби ҳар икки жамоа учун ҳам ҳаётий аҳамият касб этади. “Манчестер Сити” дастлабки уч турдан иккитасида мағлуб бўлиб, чемпионлик пойгасида орқага сурилиб қолмаслик учун майдонга фақат ғалаба учун тушади. “Манчестер Юнайтед” эса мавсум бошида кўрсатган натижалари билан мақтана олмайди — Рубен Аморим қўл остидаги жамоа дастлабки тўққиз очкодан бештасини йўқотиб бўлди. Демак, бу учрашувда ғалаба ҳар икки тараф учун сув ва ҳаводек зарур.

Қизиқ жиҳати, дерби олдидан “Сити” Жанлуижи Доннаруммани, “Юнайтед” эса Сенна Ламменсни олиб, дарвозабон позициясини мустаҳкамлади. Аммо асосий сюрпризлардан бири сифатида Абдуқодир Ҳусановнинг ўнг қанот ҳимоячиси сифатида синаб кўрилиши кутилмоқда.

Ҳусанов ҳозирча жароҳатдан тикланиш жараёнида. Агар у дербигача сафга қайтиб улгурса, Хосеп Гвардиола уни ҳимоя марказида эмас, балки ўнг қанотда ўйнатишни режалаштирган. 21 ёшли ўзбек легионери “Сити” сафида иккита баҳсда айнан шу позицияда майдонга тушган ва юқори даражада ҳаракат қилган. Жумладан, ўтган мавсум Чемпионлар лигасида “Реал”га қарши баҳсда Винисиус Жуниорга ҳеч қандай имконият қолдирмагани эслатиб ўтилди.

Гвардиола ўз шогирдининг тезкорлиги, майдондаги вазиятни тез англай олиши ва курашчанлигини юқори баҳоламоқда. Бу хусусиятлар унинг “Юнайтед”га қарши ўнг қанот ҳимояси учун энг муносиб номзодга айланишини таъминлайди.

“Юнайтед”нинг чап қанотда ўйнайдиган футболчиси Патрик Доргу рақиб ҳимоясига катта хавф туғдира олади. Шундай вазиятда ҳимояда тажрибаси ва устунлиги бор Ҳусановнинг ўйини ҳал қилувчи омил бўлиши мумкин.

Экспертлар таъкидлашича, Рико Льюис ва Матеуш Нуньеш каби қанот ҳимоячилари ҳозирча барқарор ўйин кўрсатмаяпти. Шу боис, 33,8 миллион фунт эвазига олинган ўзбек футболчисини асосий таркибга қўйиш “Сити” учун энг тўғри қарор бўлиши мумкин.

Шу тариқа, 14 сентябрь куни Тошкент вақти билан 20:30 да “Этиҳад” стадионида старт оладиган Манчестер дербиси нафақат жамоалар тақдири, балки Абдуқодир Ҳусановнинг янги позицияда қандай ҳаракат қилиши билан ҳам қизиқарли кечиши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абдуқодир Ҳусанов дербида ўнг қанотда синаб кўрилиши мумкин