15:24 / 24.11.2018
5 312

Диёр Имомхўжаев: ПФЛнинг янги регламенти, қарзга ботган клублар, трансфер қинғирликлари ҳақида

Диёр Имомхўжаев: ПФЛнинг янги регламенти, қарзга ботган клублар, трансфер қинғирликлари ҳақида
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси 2019 йилги мавсум учун мўлжалланган регламент тасдиқланганини эълон қилди. Тuron24 ушбу регламент борасидаги саволлар билан ПФЛ директори ўринбосари Диёр Имомхўжаевдан интервью олди.

Тuron24: Диёр ака, яқинда ПФЛ томонидан стадионлар учун талаблар кучайтирилгани тўғрисида хабар чиқди. Суперлигада нечта стадион ПФЛ талабларига жавоб беради?

Диёр Имомхўжаев: 2018 йилда клубларнинг деярли барчаси стадионларида яхши ўзгаришларни амалга оширган. Умумий инфратузилма бўйича қайсидир стадион ортда қолиб кетгани йўқ. Аммо чим масаласида энг яхшилар стадионлар Пахтакор, Локомотив ва Насафда. Бундан ташқари, АГМК ва Қизилқум ҳам чим ҳолатини яхшилаш бўйича бир қанча ишларни амалга оширди. Бошқа ҳеч бир клуб чимни яхшилаш бўйича муайян ҳаракатни амалга оширганича йўқ. Ҳатто "Миллий" стадионида ҳам чим ҳолати талаб даражасида эмас.

Т24: Ҳозир сиз бешта клубни санаб ўтдингиз. Агар бошқа клублар кейинги мавсумга қадар чимини ПФЛ талаблари даражасигача олиб чиқмаса, Суперлигадан четлатиладими?

Д.И.: Агар ҳозирдан ишни бошлашмаса, четлаштирилади. Масалан, Навбаҳор ва Қўқон-1912 клублари Насаф клуби стадиони каби майдон ҳолатини яхшилаш учун реконструкция қилишни декабрь ойидан бошлашлари лозим. Насафдаги майдон реконструкциясига шу қадар эътибор берилганки, у ерда ҳатто тупроқни элакдан ўтказишган. Чунки тупроқда озгина ажриқ илдизи қолиб кетса ҳам, 80 см чуқурликдан тепагача ўсиб чиқади. Бундан ташқари, Насафдаги майдон чими ичимлик суви билан суғорилади. Сабаби, оқава сув билан суғорилган майдонни ёввойи ўт босиб кетиши эҳтимоли юқори. Агар бошқа клублар ҳам шундай кўламда иш бошлашса, июль-август ойларида яхши даражадаги стадионга эга бўлишади. Биз майдонларда таъмирлаш ишлари бошланганини билсак ва ҳар ўн кунда мунтазам ҳисобот келиб турса, клубларнинг мусобақада иштирок этиши учун рухсат берамиз. Аксинча, ҳеч қандай ишни амалга оширмасдан, майдоннинг айни ҳолатида ўйинларни ўтказмоқчи бўлишса, бунга йўл қўймаймиз.

Т24: Сиз айтган талабларга қайси клубларнинг бюджети жавоб бера олиши мумкин?

Д.И.: Агар ресурслар тўғри йўналтирилса, ҳамма клубларнинг бюджети бу харажатларни кўтара олади. Клубларнинг бюджети кўтара олади ёки олмайди дейилганда, бир жиҳатга эътиборингизни қаратаман. Масалан, Бухоро футбол клубининг бюджети тахминан 15 млрд сўм атрофида дейлик. Улар бу бюджетни нима қилади? Айтайлик, 12 миллиардни футболчи ва мураббийларга, қолган 3 миллиардини бошқа харажатлар учун сарфлашади. Бу вазиятда футзал ва аёллар жамоалари жабр кўради. Биз ҳозир амалга ошираётган иш айни шу ҳолатда қиммат футболчиларни ким қўйибди сенга, дегандай гап.

Биз ҳозир мутахассислар билан газон борасида иш олиб бораяпмиз. 3,5-5 млрд атрофидаги маблағ эвазига худди Насафники каби йиллар давомида сифати бузилмайдиган газонни ўстириш мумкин. Шундай экан, яхшиси, клуб 5 миллиардни сифатли газонга сарфласин-да, керак бўлса, ёш, унча кўп маош талаб қилмайдиган футболчилар билан ўйнасин. Бир йил натижа кўнгилдагидек бўлмаса, ҳеч нарса ўзгармайди. Аммо бир йиллик қониқарсиз натижа эвазига ўн йиллаб сифатли майдонда тўп тепади. Бунинг натижасида клубдан яхши футболчилар етишиб чиқади, ўйин тезлиги ошади. 15 миллиарднинг ҳаммасини футболчиларга сарфлагандан кимга наф? Марҳамат, катта маош талаб қилувчи футболчилар кетсин.

Биз бировнинг чўнтагига аралашмоқчи эмасмиз. Ана, Малайзия, Қозоғистон, Туркманистон каби катта маош таклиф қилувчи лигалар бор. Четга чиқиб кетаверишсин. Биз қайтага ёш, ҳали тотализаторга ўрганмаган, катта пул олиб, ўсишдан тўхтамаган ёш футболчиларни майдонга туширмоқчимиз. Шунинг учун биринчи ўринда, ниятимиз – “перестройка”: стадионини қурсин, академиясини ишга туширсин-да, майли, бир қадам орқага ташласин. Ҳамма камчиликлар тўғриланганидан сўнг хоҳласа, жаҳоннинг исталган юлдуз футболчисини олиб келсин.

Т24: Буёғига ПФЛ аралашмайди, тўғрими?

Д.И.: Албатта. Бизда икки дона клуб бор: бири – Суперклуб бўлишга интилаётган Пахтакор. Яъни унда стадион, аёллар ва футзал жамоалари бўлиб, бунинг устига, хусусий бўлса, у – суперклуб. Яна бир клуб бор – Насаф. Стадиони ўзиники, базаси ўзиники, барча стадионлари талабга жавоб беради. Аёллар жамоаси... Ҳамма нарсаси бор, лекин давлат корхонаси томонидан молиялаштирилади. Бу – ҳақиқий профессионал клуб. Қолган барча клублар шунчаки ФК. Одамнинг энсасини қотириб, худди шу билан профессионал клубга айланиб қоладигандай ПФК қилиб қўйган. Аслида ҳеч нарсага арзимайди. Ҳақиқий ПФК бўлиш учун озроқ интилиш керак. Биз шунинг учун ҳам регламентдаги талабларни ишлаб чиқдик.

Солиқ идоралари биздан президентнинг ПҚ- 3610-сонли қарорига кўра профессионал клубларга яратилган солиқ имтиёзлари бўйича ҳисобот сўрашмоқда. Улар нима қилишяпти? Қайсидир лигада ўйнаяптими, ўйнамаяптими, аҳамияти йўқ, битта арзимаган футбол клуби очиб қўйишяпти-да, мана, бизнинг футбол клубимиз бор, деб солиқ имтиёзидан фойдаланмоқчи бўлишяпти. Бизга бу нарса керак эмас. Бизга пул ажратиб, аниқ футбол ўйнатаётган тадбиркорлар керак. Марҳамат, ўшалар имтиёзлардан фойдаланишсин. Шунинг учун, агар биз қўйган талабларни бажаришса, Суперлига, Про лига ва 2-лига клубларига биз ПФК мақомини бермоқчимиз. Ана ундан кейин президент томонидан берилган имтиёзлардан бемалол фойдаланишсин. Ҳозир нима бўляпти? Про лигада футбол клуби очиб қўйишган, стадионни ривожлантириш, футболчи етиштириб бериш, инфратузилмани яхшилаш каби спорт принциплари улар учун муҳиммас. Улар ҳар бир ўйинда, очиқчасига айтаман, 5 000, 10 000, 20 000 АҚШ долларигача тотализатор ўйнашяпти. Биз ҳозирча далил билан ушлаб ололганимизча, йўқ. Бу бизнинг ваколатимизга ҳам кирмайди, имкониятимиз ҳам етмайди.

Шундай экан, бунақа клубларни футболда олиб ўтиришнинг бизга нима кераги бор? Биз ўзимизни ўзимиз алдаганмиз. Лицензиялаш талабини бажардик, деб ОФКни алдаймиз ёки бошқа... Энди унақаси кетмайди. Ўзимизни ўзимиз алдамаймиз. Боримизча кўрсатамиз. Ҳолимиз шу. Жанубий Корея билан ўйинни кўрдик. "Ҳақиқий юзимиз қандай?" деган саволни ўртага қўямиз-да, ўша юзимизни кўрсатамиз. Бўлди, энди одам бўлиш керак.

Мана, агар давлат корхоналари молиялаштиришни тўхтатиб қўйса, Насафга ўхшаган академияси, базаси бор клублар яшаб кетади. Аммо Бухоро ёки бошқа клублар ўйнолмайди. Чунки уларда ҳеч нарса йўқ. Шунинг учун лицензиялаш талабини қатъийлаштирдик.

Мен ўртадаги одамман. Менга спорт принциплари муҳим. Агар клубда айтилган ҳамма талаблар бажарилса-ю, пастга тушиб кетадиган бўлса, мен бунга йўл қўймайман. Спорт принциплари бўйича улар қолиши керак. Лекин натижаси зўр бўлиб, ҳеч вақоси йўқ бўлса, бундай клубнинг нима кераги бор? Фақат футболчилар галасини йиғиб олишни мен ҳам биламан. Давлатдан тайёр 15 млрд пул олиб, зўр футболчиларга сочиб, ўйнаб юришни мен ҳам биламан. Бундан нима фойда? Келган футболчилар, мураббийлар пулни олади, кетади. Кейинги йил яна шу ишни қилиш керак. Қачон нимадир қурамиз? Қачон келажакка пойдевор қўямиз?

Т24: Диёр ака, янги регламентга кўра, Суперлига ва Про лига клубларида академия бўлиши шарт, дейилган. Бу талабни бажариш имконига эга бўлмаган клублар учун ЎФАнинг таклифи борлиги айтилган. Шу таклиф ҳақида маълумот берсангиз.

Д.И.: Мен ПФЛга келгунимга қадар Ўзбекистон Футбол ассоциацияси томонидан Ўзбекистон бўйлаб спорт мактаб-интернатлари ўрнида 14 та ҳудудий болалар футбол академияси очилган. Ушбу академиялар фаолият юритиши учун давлат томонидан маълум даражадаги маблағлар йўналтирилган. Ажратилаётган бу маблағлар учун аввало, раҳмат. Лекин бу билан зўр академия ташкиллаштириш ҳам мушкул масала. Ҳозир кўпчилик "Спорт мактаб-интернатлари ўрнига академия бўлди, нима ўзгарди?" деяпти. Бирор ишдан дарҳол натижа кутиш ўринсиз. Бу ишлар босқичма-босқич амалга оширилиши мўлжалланган.

Яъни биз нима қиламиз? Мисол учун, Навбаҳор футбол клубини чақирамиз-да, у билан Намангандаги футбол академиясини тенг бўлишамиз. Масалан, давлат томонидан 4 млрд сўм ажратилса, Навбаҳор яна 2 млрд берсин-да, биз бу пул эвазига ҳам академиядаги шароитни яхшилаймиз, ҳам малакали мутахассисларни жалб этамиз. Бундан ташқари, академияни битирган энг яхши футболчиларни Навбаҳор ўз сафида олиб қолиши мумкин. Агар биз академия тарбияланувчисини қайсидир клубга сотадиган бўлсак, тушган пул тенг иккига бўлинади: ярми академияни ривожлантириш учун ЎФАга, қолган қисми Навбаҳорга. Шунда Навбаҳорда академия бўлади ва у талабни бажарган бўлади, биз ҳам академияни ривожлантириб борамиз. Бундай мисоллар кўп, Сурхондарёдаги академияни Сурхон билан, Бухородаги академияни Бухоро билан... Шунда битта ўқ билан 3-4 та қуённи урамиз.

Т24: Яъни клублар ўз академиясини қурмай туриб ҳам, ушбу академиялардан фойдаланиб юриши мумкин, шундайми?

Д.И.: Агар қайсидир клуб ўз академиясини қурмоқчи бўлса, нур устига нур. ЎФА ўз академиясини ўзи юрита олади. Лекин ҳозирги шароитда ҳамма чала академияларни ташкиллаштириб, имконияти камроқ академия билан яшаб юрганидан кўра, битта вилоятда битта академия бўлиши, бу – зўр натижа. Чунки шу вақтга қадар 2 та академия яхши ишлаб келаётганди: Насаф ва Бунёдкор. Мана шу икки академиянинг яхши ишлаб келаётганининг ўзиданоқ биз ёшлар ва ўсмирлар терма жамоасида яхши савиядаги анча-мунча футболчиларга эга бўлдик. Агар барча вилоятда 14 та академия шу йўсинда ишласа, биз анча олдинга қадам ташлаймиз. Шунчаки, одамлар буни озгина кутмаяпти, тушунмаяпти. Бизга қарши билдирилаётган баъзи муносабатларда ўшаларнинг манфаати ётганини исботлаб бера оламан. Бу ерда футболчи сотиш, ахборот бериш ё бермаслик каби манфаатлар бўлмаслиги керак.

Мен ҳар қандай мутахассис билан футболнинг келажаги бўйича юзма-юз баҳслашишга тайёрман. Мисол учун, сайтлардан бири Про лига клубининг аҳволини қаранг, деб стадион расмини эълон қилаяпти. Стадионларга талаб кучайтирилгач, бу ишни босқичма-босқич амалга ошириш керак, деяпти. Стадионларни ўзгартириш бўйича ишлар 2002 йилдан бери босқичма-босқич амалга оширилади. Аммо шунча вақт оралиғида ҳеч нарса ўзгармади. Энди босқичма-босқич деган гап йўқ. Ё бўлади ёки йўқ. Президентнинг талаби ҳам шундай, футбол ё бор бўлиши керак ёки йўқ.

Камчиликларни қидириб топишни ҳамма ҳам эплайди. Лекин амалга оширилган ишларни ким санаяпти? Олдин қачон Суперлиганинг барча ўйинлари жонли эфирда узатилган, қачон Суперлиганинг ҳомийси бўлган, деган саволни кимдир бердими? Никимбаев формат дейди, бошқаси яна бошқа масалани кўтаради. Ўзбек футболининг ривожи биргина форматга боғланиб қолмаган. Бу масала бўйича ҳам исталган мутахассис билан баҳслашишга тайёрман. Бу ерда клубларнинг қанчалик қарзга ботиб кетгани, қанчалар нопрофессионал шартномалар қилингани, қанақа одамлар футболни бошқарганини кўриб турибман-ку! Ҳолат шу даражада ачинарли. Энди келиб нимадир ўзгаришни амалга ошираман деганда, кимлардир эътироз билдиришни бошлайди. Шунинг учун менга фарқи йўқ. Кетказишса, футболдан ҳам кетавераман. Лекин шу ерда эканман, шу ишларни амалга оширишимиз шарт!

Т24: Суперлига ва Про лига клублари учун аёллар ва футзал жамоаларини юритиш талаби бундай жамоаларнинг иккинчи планга тушиб қолишига сабаб бўлмайдими?

Д.И.: Агар биз Суперлига клубларидан аёллар ва футзал жамоаларини ажратиб юборсак, сунъий нафас орқали жон сақлаётган инсонни бутунлай ўлдириб қўйгандек бўламиз. Аёллар футболи шунинг эвазига яшаяпти. Агар бир бу тизимни бекор қиладиган бўлсак, ҳеч ким аёллар футболи учун пул ажратмайди. Ваҳоланки, ОФК ҳам ФИФА ҳам айни шу талабни илгари сурмоқда. Боя мен сизга айтган 15 миллиардлик бюджет оқилона тақсимланса, ҳамма харажатларни қоплаш мумкин.

Оддий клуб бюджети учала жамоани юритиш учун етарли эмас, деганлар қаттиқ адашади. Битта одам 1 йилда битта клубдан 2 млрд сўм топиши мумкинми? Футболчи бўлса-ку, майли, мен раҳбарлар ҳақида айтаяпман. Ҳеч кимнинг пулига аралашиш ниятимиз йўқ. Жамоа шунчаки стадионга мухлисларни жалб этиш ортидан 5-6 млрд пул топсин, майли, шундан кейин 80-90 миллионлаб ойлик қилиб олишсин, биз бунга аралашмаймиз. Лекин давлат томонидан ажратилаётган пуллар ўз ўрнида сарфланиши керак. Ўзлари топган пулни исталганча сарфлашсин, биз қарши эмасмиз.

Т24: Алоҳида футзал ва аёллар терма жамоаси учун ПФЛ томонидан қўйиладиган талаблар қандай?

Д.И.: Биз ҳам клубларга учта жамоани юритиш қанчалик қийин эканлигини тушуниб турибмиз. Шунинг учун жамоаларга бир вилоятга битта аёллар футбол жамоасини ташкил этиши мумкинлиги бўйича енгиллик яратмоқдамиз. Масалан, Қўқон-1912, Нефтчи, Истиқлол жамоаларининг ҳар бирида биттадан эмас, бутун Фарғона вилояти учун битта аёллар жамоаси ташкил этилсин. Ўша жамоанинг бутун харажатлари эса вилоятдаги айни жамоалар зиммасига тенг даражада тақсимлансин. Агар ушбу талаб бажарилмаса, ПФЛ ҳар бир клубга ўз таркибида шундай жамоа ташкил этиш мажбуриятини юклайди. Агар учта клуб ўзаро келишиб, битта жамоа ташкил этса ҳам, биз уларнинг мусобақада иштирок этишларига рухсат берамиз.

Т24: Молиялаштирилиши пасайиб кетаётган футбол клубларига бундай серхаражат талабларнинг қўйилиши ўзини қанчалик оқлайди?

Д.И.: Биз жамоаларни молиялаштирмаймиз. Биз фақат регламентга амал қилинишини назорат қиламиз. Масалан, ОФК ҳам қайси жамоанинг бюджети қанча эканлиги билан ҳисоблашмайди. ОФК маълум талабни қўяди ва шу талаб бажарилгандагина клубларнинг Осиё миқёсидаги мусобақаларда иштирок этишига рухсат беради.

Биз барча талабларимизни бажарган клубларни, масалан, Насафни охиригача ҳимоя қилишга тайёрмиз. Бироқ жуда кўп клублар қарзга ботиб кетган. Бухоро эса бутунлай картотекада, яъни қарзларидан буткул қутулмагунига қадар ҳеч қандай молиявий операцияларни амалга ошира олмайди. Шунинг учун клублар аввал ўзларидаги мавжуд қарздорлик ҳолатини бартараф этиб, кейин ўйнайди.

Т24: Мен айнан Бухоро каби жамоалар ҳақида сўрамоқчи эдим...

Д.И.: Бухорода молиялаштириш сусайгани рост. Яъни аввалгидан кўра камайиб кетган. Лекин бу клубни юритишнинг имкони йўқ, дегани эмас. Шунинг учун ҳам биз янги регламентда кўтарма ва мукофот пуллари ёзиш мумкин бўлган штатларгача белгилаб беряпмиз. Ушбу нормага кўра, жамоа директоридан тортиб стадион қоровулига қадар дуч келган одам кўтарма пули олмайди. Масалан, Бухорода кимлардир олаётган 1-2 млрд пулга анча ишларни битириш мумкин.

Т24: 2019 йилги регламентга кўра 1 ва 2 йиллик шартномалар учун кўтарма пуллари берилмаслиги тўғрисидаги банд ҳам мавжуд. Шу ҳақда ҳам батафсил маълумот берсангиз.

Д.И.: Кўтарма пуллари узоқ йиллик, 3 йил ва ундан кейинга мўлжаллаб тузилган шартномалар учун белгиланади. Ўшанда ҳам чекланган миқдорда. Мисол учун, олдинги ҳолат бўйича битта футболчи 15 йил ҳар хил клубда ўйнаб, ҳаммасидан 100 млн сўмдан кўтарма пули олади. Ўзи аслида 1 миллионлик ҳам ишни бажармайди, лекин 100 миллионлик кўтарма пули олиб, кейин ўйнайди. Бунда футболчи на ўзбек футболига ва на клубга бирор фойда келтиради.

Ўйлаб кўринг, нима учун чет эл клублари савияли футболчини харид қилганда узоқ йиллик шартнома тузишга интилади? Чунки улар керакли футболчини харид қилаётганига ишонишади ва сотганда ҳам мўмай даромад эвазига пуллашади. Мана, оддий мисол, ПСЖ Неймарни 222 млн еврога осонлик билан харид қилди. Бразилиялик футболчининг шартномасидаги чекиниш баҳоси тўлаб берилгач, Барселона бутунлай ожиз қолди. Худди шу нарса бизда ҳам бўлади.

Т24: Демак кейинги мавсумдан ўзбек клубларида ҳам футболчи бир жамоадан иккинчисига ўтганда унинг трансфер нархи эълон қилинадими?

Д.И.: Футболчининг трансфер нархи, у неча йилга шартнома тузгани эълон қилади. Бундан ташқари, клуб ва футболчи ўртасидаги шартнома ўзаро келишувга кўра бекор қилинган ҳолатлар алоҳида ўрганилади. Бундан мақсад – клублар зарар кўришининг олдини олиш.

Т24: Бу қоида бузилган тақдирда, ПФЛ томонидан қандайдир чоралар кўриладими?

Д.И.: Албатта, ПФЛ талабини бажармаган жамоаларга нисбатан санкциялар қўлланилади. Мисол учун, Драган Черан Насаф билан 1 йиллик шартнома тузиб, мавсум ўртасига қадар 6 ой ўйнади. Шу вақт оралиғида клуб унга маошлари билан қўшиб ҳисоблаганда 500-600 млн сўм пул тўлади. Черан эса тўсатдан Пахтакорга ўтиб кетди. Бу ерда Пахтакор ҳам, Черан ҳам ютяпти. Бундан ташқари, Насафдан ҳам бир йиллик шартномани бекор қилиб, кимдир ютяпти. Шахсан сиз Пахтакорнинг Черан учун Насафга қанчадир миқдорда пул ўтказиб бергани ҳақидаги хабарни қаердадир ўқидингизми? Пахтакор олдинроқ Насафнинг 1-2 та футболчиси учун 1 млрд сўм ўтказиб берганди. Черанни эса ўзаро келишув асосида олиб қўйишди. Насаф футболчига 500 млн сўм тўлаб қўйгач, ҳеч бўлмаганда ўша пулини трансфер баҳоси сифатида қайтариб олиши керак эмасми?

Бундан кейин Пахтакор футболчи учун ҳеч бўлмаса 501 млн ўтказиб берганини исботлаб бермаса, футболчи жамоага ўтмайди.

Т24: Агар исботлаб беролмаса, қандай санкция қўлланилиши мумкин?

Д.И.: Керак бўлса, мусобақадан четлаштириб юборилади.

Т24: Қоидабузарлик учун қўлланиладиган санкцияларнинг аниқ критериялари мавжудми?

Д.И.: Баъзиларига бор, баъзиларига йўқ. Чунки инсон ҳар хил хатоликларга қўл уриши мумкин. Буни олдиндан тахмин қилиш қийин. Бу – секин-аста ривожланиб борувчи жараён. Масалан, биз Россия ёки Испания чемпионатлари регламентини тўғридан-тўғри Ўзбекистонга жорий этишимиз ҳам мумкин. Бироқ Ўзбекистон шароити билан ўша мамлакатлардаги вазият бир-биридан тубдан фарқ қилади.

Т24: Демак, асосан қандай ҳолатлар учун қатъий санкциялар белгиланган?

Д.И.: Клубларнинг футзал ва аёллар жамоаси, академияси мавжуд бўлмаса, у Суперлига ва Про лигада иштирок этолмайди. Бундан ташқари, майдон чими талабга жавоб бермаган ҳолатда ҳам, жамоа турнирда иштирок этмайди. Асосий санкциялар ҳозирча шулар.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Диёр Имомхўжаев: ПФЛнинг янги регламенти, қарзга ботган клублар, трансфер қинғирликлари ҳақида