Назорат. Ўйин олдидан ўйлар...

  • 13 январь 2019, 16:06
  • 477
  • Спорт
  • Назорат. Ўйин олдидан ўйлар...
    Терма жамоамиз эндигина бир ўйинда майдонга тушган бўлса-да, унинг атрофидаги муҳокамалар, баҳслар жуда кўп, авж палласида деб айтсак ҳам бўлади. Турли ўлчовларда турли хулосалар чиқарилиши мумкин бўлган масалаларда доим шундай бўлади. Зеро, Уммон билан кўрсатилган ўйин ва якуний натижа бир-бирига мутлақо зид кўриняпти. Ғалаба қозонган бўлсак-да, биз ғалабага лойиқ ўйин кўрсатмадик, устунлик рақиб томонида бўлди. Бундай фикрларда доим мураббийнинг қўллаган услуби, ғояси танқид остига олинади, ахир таркиб жиҳатидан кучли бўлмаган терма жамоага қарши бемалол, позицион ўйин кўрсатиш мумкин эди-ку, дейилади.

    Биласизми, «яхши ўйнаш» тушунчаси ҳар хил ва айниқса, томошабин ва мураббий томонидан қаралганда. Гарчи ўша томошабин ҳам кучли мутахассис саналса-да. Чунки у ўйинни четдан кузатади, мураббий эса, вазиятга ўйиндан олдинги режа ва кўрсатмалар қанчалик бажарилганига қараб баҳо беради. Мураббий учун чиройли ўйнаш эмас, ўйинни назорат қилиш муҳим.

    Хўш, ўйин қандай назорат қилинади?

    Биринчи йўл. Тўпни назорат қилиш орқали

    Испан мактаби. Тики-така. Ҳозир бутун дунёда урф бўлган бу услуб орқали ўйинни назорат қилиш мумкин. «Тўп сенда экан, рақиб гол ура олмайди». Жамоа бутун ўйин давомида тўпга эгалик қилишга ҳаракат қилади. Шу тариқа, бутун ўйин жамоанинг назорати остида кечади, рақибга жуда кам имконият тақдим этилади. Мисол учун, «Барселона», «Манчестер Сити» каби жамоалар бу услубни чўққига олиб чиққан ҳозир. Бундай футболни намойиш этиш учун жамоа таркибида маҳоратли ижрочилар етарли бўлиши шарт. Осиё Кубогида масалан, Япония терма жамоаси мана шундай футбол намойиш қилишга интилади.

    Иккинчи йўл. Рақибни назорат қилиш орқали

    Рақибнинг энг устун жиҳатларини ўрганиш ва уни қуролсизлантириш орқали ўйинни бузиш. Ана шундан кейин ўз имкониятларидан фойдаланиш. Ҳатто ҳужумда ҳам рақиб ҳимоясига урғу берилади, рақибнинг ожиз нуқталари қидирилади. Бу услубда тўпга эгалик қилиш ҳам шарт эмас. «Тўп сенда бўлмаса, хато ҳам кам бўлади» – бу мана шу ўйин фалсафасининг илғорларидан бири Жозе Моуриньодан иқтибос. Бундай ўйнаш асосан, жуда кучли ўйинга ва таркибга эга бўлган рақибларга қарши қўл келади.

    Учинчи йўл. Майдонни назорат қилиш

    Бу алоҳида бир ғоя эмас, қайсидир маънода тўпни ва рақибни назорат қилиш учун қўлланадиган восита ҳамдир. Майдоннинг ҳар бурчагида фаоллик, очиқ зоналар умуман қолдирмаслик ва шу орқали рақибнинг енгил нафас олишига йўл қўймаслик. Замонавий футболда Симеоненинг «Атлетико»си ва Аллегрининг «Ювентуси», қайсидир маънода «Тоттенҳэм» ҳам мана шундай йўналишга кенгроқ эътибор беради. Интизомли ва тактик кўникмага эга бўлган футболчилар билан бемалол майдонни назорат қилиш ва ҳар қандай рақибга қарши кучли ўйин кўрсатиш мумкин.

    Купер ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ҳам, Туркманистон билан ўйинолди сўзларида ҳам бир позицияни қаттиқ ушламоқда – «биз аслида ёмон ўйнамадик, ҳаммаси бизнинг назоратимизда эди». Қизиғи, Уммон терма жамоаси мураббийи Пим Вербеек ҳам буни ҳис қилгандек: ундан жамоаси яққол устунлик қилгани, фақат омад улардан юз ўгиргани ҳақидаги одатда бундай ҳолатларда айтиладиган фикрни эшитмадик. Аксинча, «Ўзбекистон ўйинга жуда яхши режа қургани ва майдондаги ҳар бир ўзгаришга, ўз голига ҳам, рақиб голига ҳам мантиқан энг тўғри реакция бергани»ни эътироф этди.

    Бу услублар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтганимнинг сабаби, гоҳида, ўйинга қараб туриб ҳам, ўйин айнан қайси жамоанинг назоратида эканини англаш осон бўлмайди. Бир жамоа тинмасдан тўпга эгалик қилаётган бўлиши мумкин, аммо майдон ичидан туриб баҳо берилганда, аслида ўша жамоа рақиб қаршилигини синдиришга қийналаётган, яъни тўлиқ рақибнинг назорати остида эканини ҳис қилса бўлади.

    Тан олиш керак, қисқа вақт ичида, бундан ташқари, бизнинг таркибимиз билан Осиёда тўлиқ ташаббусга эга бўладиган жамоа ташкил қилиш қийин. Бутун майдонни назорат қила оладиган даражада интизомли ҳаракатланадиган механизм қуриш ҳам осон эмас. Эсингизда бўлса, Кейруш янги келганида, Эрон терма жамоаси ўта ҳимоявий ўйин кўрсатар ва бу ўйин натижа келтиришни бошлаган пайтларида ҳам, кўпчиликка ёқмасди. Лекин вақт ўтиб, мураббий ва жамоа ўртасидаги муносабатлар кейинги босқичга кўтарилди, ниҳоят футболчилар мураббийнинг кўрсатмаларига кўникма ҳосил қила бошлашди ва энг муҳими, мана шундай футбол, юкламалар, талаблар асосида янги авлод футболчилари ҳам пайдо бўла бошлашди. Натижада, ҳозир Эрон юқорида саналган учинчи йўлга – яъни, бутун майдонни назорат қилган ҳолда ўйнай бошлади. Эронга қарши ўйинда ҳозир ким бўлишидан қатъи назар, ҳатто дунёнинг энг кучли жамоалари бўлса ҳам, бемалол ўйнай олишмайди, майдоннинг ҳар бир зонасида қаттиқ қаршилик ва босимга дуч келишади.

    Хуллас, терма жамоамиз кўнгилдагидек ўйин кўрсатмай туриб, лекин яхши натижага эришгач, аслида маъносиз бўлган баҳслар пайдо бўлди. Чиройли ўйнаб ютқазиш яхшими ёки яхши ўйнай олмай ютиш яхшими? Ўйин қандай бўлишидан қатъи назар, энг муҳими, натижа, дейилмоқда ёки. Бу гаплар нотўғри. Вазиятга бундай қарашнинг ўзи абсурд. Чунки, чиройли ўйнаб ҳам ғалаба қозониш мумкин. Ёки хунук ўйналса, мутлақо натижа яхши бўлади деган қоида ҳам йўқ. Аслида қўйиладиган савол, бу чегаралар ўртасидаги чизиқ бошқа жойда.

    Энг муҳими, ўйин картинаси қандай бўлиши, тўпга ким эгалик қилишида эмас, ўйин айнан қайси жамоа назорати остида ўтишидир. Шунинг учун, мен, умуман ҳар қандай ўзбекистонлик терма жамоамиздан қандайдир чиройли комбинацияларни, беш-олтиталаб голларни ёки тинмасдан ҳужум қилишни эмас, ўйинни назорат қилишларини талаб қилишга ҳақлимиз, деб ўйлайман. Мураббийга қандай футбол ўйнашни, қандай тактика танлашни ўргата олмаймиз, бу ишни унга ишониб топширганмиз. Аммо футболда ҳар қандай фалсафа, услуб, ғоя, тактиканинг тагида ўйинни назорат қилиш ётади.

    Ўйинни назорат қилиш шарт. Бусиз иложи йўқ. Мана шу вазифа бажарилсагина, жамоамиз муваффақиятли ўйин кўрсатди, деб ҳисоблашимиз мумкин. Шу вазифа ҳал қилинсагина, ўйиндан ўйинга ўсиб боришимиз аниқ. Шундагина футболчилар ҳам ўз кучларига ишона бошлашлари, мураббий режалари ўринли эканини ҳис қила олишлари мумкин. Ана шундагина, бугунги кўникмалар эртанги тажриба бўлиб хизмат қилиши, ўйиндан ўйинга кучли рақибларга қарши тайёрланиб боришимиз шубҳасиз.

    Акс ҳолда, бу «уч очколар»дан фойда йўқ, барибир плей-оффда куйиб кетади.
    Қаҳрамон Асланов

    Манба: Kun.uz

    » » Назорат. Ўйин олдидан ўйлар...