
Испания чемпионатидаги ёш иқтидорлар орасида энг кўп муҳокама қилинaётган номлардан бири — “Леванте” ҳужумчиси Карл Эдуард Этта Эйонг. Камерунлик футболчи жорий мавсумдаги самарадор ўйини билан нафақат мухлислар, балки Европанинг етакчи клубларини ҳам ҳайратда қолдирди.
22 ёшли тўпурар Ла Лиганинг деярли ҳар бир турида ўз номини таблога ёздира оляпти. Унинг тезкорлиги, позиция танлашдаги зийраклиги ва рақиб ҳимоячилари учун доимий хавф туғдирадиган ҳаракатлари уни трансфер бозорининг янги "олтин боласи"га айлантирди.
Mundo Deportivo нашрининг маълумотича, Эйонг билан “Реал Мадрид” ва “Барселона” жиддий қизиқиш билдирган. Ҳар икки клуб уни ёзда жамоасига қўшиб олиш имконини кўриб чиқмоқда. “Реал”да уни келажакда Винисиус ёки Родригони орқада қолдирадиган ҳужумчи сифатида кўришмоқда, “Барселона” эса уни тезкор қайта қуриш жараёнидаги янги марказий фигура сифатида баҳоламоқда.
Фақат Испания эмас — Англия Премьер-лигасининг грандлари ҳам ҳаракатда. “Манчестер Сити”, “Манчестер Юнайтед” ва “Арсенал” скаутлари бир неча ҳафтадан бери Эйонгнинг ҳар бир ўйинини таҳлил қилмоқда. Хусусан, “Сити” мураббийи Пеп Гвардиола унинг универсал ҳужумдаги имкониятларини юқори баҳолаган.
Барча клублар футболчини аллақачон қишки ойларда трансфер қилишга тайёрланмоқда. Бироқ Эйонгнинг ўзи шошилмоқчи эмас. Манбаларга кўра, у мавсумни “Леванте” билан охиригача ўтказиш ва кейинчалик — 2026 йилги жаҳон чемпионатидан сўнг катта клубга ўтиш ниятида.
Transfermarkt портали ҳозирча унинг бозор қийматини 20 миллион еврога баҳоламоқда. Бироқ экспертлар бу рақам мавсум охирига қадар камида икки ёки уч баравар ошиши мумкинлигини таъкидламоқда. Чунки агар Эйонг шундай темпда тўпурарлик маҳоратини давом эттирса, у Европадаги энг талабгир ҳужумчилардан бирига айланиши турган гап.
“Леванте” мураббийи ҳам ёш футболчининг ўсиши билан фахрланишини яширмаяпти: “Карл ҳозир фақатгина гол урмаяпти, у бутун жамоа учун руҳий етакчига айланди. Биз унинг катта келажакка эга эканини яхши биламиз”, — деди мураббий сўнгги матбуот анжуманида.
Кўринадики, Эйонгнинг номи яқин ойларда трансфер сарлавҳаларидан тушмайди. Унинг кейинги манзили “Бернабеу”, “Камп Ноу” ёки “Этихад” бўладими — буни вақт кўрсатади. Бир нарса аниқ: Испания чемпионатида янги юлдуз порлаб чиқди.