"Нестеров синдроми". Плюс ва минуслар

  • 24 январь 2019, 20:57
  • 2 573
  • Спорт
  • "Нестеров синдроми". Плюс ва минуслар
    Ўзбекистон миллий жамоасининг Осиё Кубогидаги иштироки якунлангандан сўнг Нестеров ҳақида бир йўла иккита хабар пайдо бўлди. Биринчиси, у миллий жамоадаги фаолиятини якунлади. Иккинчиси, сал кейинроқ чиққани, йўқ, якунлагани йўқ. Ҳар икки хабар ҳам дарвозабонга яқин битта манбадан таралганини инобатга оладиган бўлсак, Игнатий Нестеровда мусобақадан олдин дарҳақиқат шундай ният бўлган. Аммо кейин ўзгарган.

    Хўп, Нестеров дарҳақиқат миллийда ўйнашдан бош тортганда бу биз учун қанчалик ёмон бўлар эди? Ёки қолгани енгил тин олиш учун сабаб бўла оладими? У шунчалик алмаштириб бўлмас дарвозабонми? Бу саволларга жавоб топиш учун аввал дарвозабоннинг плюс ва минус томонларини кўриб чиқиш лозим. Демак, аввал яхшисидан бошлаймиз.

    1. Нестеровнинг энг устун жиҳати – дарвоза чизиғида жуда яхши ўйнай олади. Айниқса яқин масофадан йўлланган зарбаларга реакциясига қойил қолиш лозим. Айнан шу жиҳати Уммонга қарши кечган баҳсда бизга жуда асқотди. Ҳамма дарвозабон ҳам бу қадар маҳорат билан ўйнай олмайди. Нестеров Ўзбекистон миллий жамоаси сафида энг кўп ўйин ўтказишига ҳам худди шу жиҳати сабаб бўлиб келмоқда.

    2. Агар Игнатийнинг ундан-да қадрланадиган яна бир жиҳати бўлса, у ҳам ҳимоя чизиғини 90 дақиқа назорат қила олишидир. Умрида бир марта бўлса ҳам дарвозада туриб кўрганлар яхши билади, ҳимоя чизиғидаги ожиз нуқталар ҳаммадан ҳам дарвозабонга яхши кўринади. Ва у ҳимоячиларни йўналтириб туриши шарт ва лозимдир. Дарвозабон ишининг эллик, олтмиш ва ҳатто етмиш фоизи шундан иборат бўлиши керак. Зарбани қайтаришдан кўра унинг олдини олиш муҳимроқ. Қўшиласизми?

    Нестеровда айнан шу жиҳат жуда яхши шаклланган. Ҳимоячилар ҳам унинг кўрсатмалари остида анча эркин ҳаракат қилишади. Чунки Нестеровнинг обрў-эътибори ҳеч қачон муҳокамага сабаб бўлмаган ва унинг айтгани дарҳол бажарилади. Ҳимоячи ўлар ҳолатда бўлса ҳам унинг бақириғига жавобан охиригача югуради. Нестеров шунга мажбур қила олади. Айнан шу ҳолат дарвозабоннинг яна бир кучли жиҳати ҳисобланади.

    3. Авторитет. Игнатийда бор ўша авторитет. Ва энг муҳими – ана ўша авторитетга энг аввало дарвозабоннинг ўзи шубҳа қилмайди. Айнан шу жиҳат мен қойил қоладиган энг кучлисидир. Ҳатто “қовун туширган” ўйинларидан сўнг ҳам дарвозабон ўзига бўлган ишончни сақлаб қолаверади. Бу эса жуда муҳим. Нестеров ўз айби билан ўтказилган голдан сўнг ҳам ҳимоячиларга талабни тушириб юбормайдики, бу ҳолат ҳисоб янада йириклашишининг олдини олишда жуда муҳим. Ёдингизда бўлса, 2011 йили Австралияга қарши кечган ўша машъум ўйинда (0:6) дарвозани Нестеров қўриқламаган эди. Унинг ўрнига тушган дарвозабон эса иккинчи голдан сўнг буткул сўниб қолган, оқибатда ҳимоя чизиғи ҳам сочилиб кетган эди. Нестеров билан ҳеч шунақа бўлганини кўрганмисиз?

    Буларнинг барчаси ижобий жиҳатлар эди. Энди салбийларига ўтамиз. Оддий мухлис дабдурустдан бу фикрга кўника олмаслиги мумкин. Қандай қилиб 36 ёшида ҳам бу қадар кўтаринки ўйин намойиш қилган дарвозабон ҳақида ёмон гап айтиш мумкин? Бердисини айтиб олгунча кутиб турасиз...

    1. Нестеров узоқдан йўлланган зарбаларни қайтаришда ҳар доим ҳам муваффақият билан ҳаракат қила олмайди. Баҳрейнга қарши кечган ўйинлар ва Абдулраҳмоннинг голлари ёдингиздадир? Бахтимизга Осиё Кубогида шунга ўхшаш зарбалар бўлмади. Игнатий бундай зарбаларни фақат нигоҳлари билан кузатиб қолган лаҳзалар кўз олдингизга келгандир. Секинлаштирилган кадрда. Такрорий вазиятда. Жуда аламли.

    2. Ҳаводан келадиган тўпларга чиқишда муаммолар бор. Шу боис ҳам Нестеров иккинчи қаватда келган тўпларни ушлаб олишга кўпинча уринмайди ҳам. Шунчаки муштлари билан уриб юборади. Аммо бу ҳам жуда муваффақиятли чиқади, деб айта олмайман. Рақиб ҳужумининг иккинчи тўлқини айнан шундай вақтда бошланади ва яхшигина асабийлашишга сабаб бўлади. Оқибатда хавфли вазият бартараф этилгунга қадар жамоа катта куч йўқотади. Позицион ўйиндаги устунлик ва тўп назорати рақиб томонига ўтиб кетиши ҳақида-ку, индамадик. Кетма-кет ҳужумлар, зарбалар, ҳимоячилар юзидаги асабийлик. Буларнинг барчаси дарвозабоннинг биргина аниқ ҳаракати билан бартараф этилиши мумкин эди.

    Нестеровнинг айнан тўпга чиқишдаги камчилиги боис ҳам миллий жамоада Анзур Исмоилов ва Егор Кримец каби бош билан яхши ўйнайдиган ҳимоячилар алоҳида қадрланади. Гарчи марказий ҳимоячи учун жуда зарур бўлган тезлик ва эгилувчанлик борасидаги муаммоларга қарамай кўпинча шу иккиси тандем сифатида майдонга тушишининг сабаби ҳам балки шундадир.

    Мақолани якунлаш олдидан бир ишни албатта қилиш шарт – Игнатий Нестеровга раҳмат айтиш. У бўлмаса катта эҳтимол билан Уммонга қарши кечган ўйин бой берилган бўларди. Миллий жамоа юзини сақлаб қолишда Нестеровнинг ўрни катта. Аммо уни бизга боғлаб бермаган. Бугун бўлмаса эртага албатта катта футболдан кетади. Айтмоқчи бўлганимиз эса, унинг ўринбосарини тайёрлаш жуда ҳам имконсиз иш эмас.

    Нестеров ҳам ўз вақтида хўп хатолар қилган. Фақат ўша хатолардан сўнг синиб қолмаган, xолос. Унинг ўрнини боса оладиган дарвозабонлар ҳозир ҳам ўзбек футболида бор. Шунчаки, бугунга қадар иккинчи, учинчи, тўртинчи ва бешинчи ўринларда юрганлар ўзига бўлган ишончни ошириб, кўпроқ меҳнат қилса бўлгани.

    Кўп айтилганидек, ҳозир алмаштириб бўлмас одамнинг ўзи йўқ...
    Зафар ҚОСИМОВ

    Манба: www.uff.uz

    » » "Нестеров синдроми". Плюс ва минуслар