18:13 / 31.03.2019
3 074

Жанубий Кореяда мураббийлик қилаётган ҳамюртимиз ҳақида

Жанубий Кореяда мураббийлик қилаётган ҳамюртимиз ҳақида
Санжар Асқаралиевни яхши танисангиз керак-а? Наманганлик футболчининг фаолияти давомида «Навбаҳор», «Нефтчи», «Андижон» каби жамоаларда тўп суриб мухлислар меҳрини қозонган ярим ҳимоячи охирги марта Фарғонанинг «Истиқлол» жамоаси шарафини ҳимоя қилганди. Шундан сўнг Асқаралиев майдонда кўринмай қолганди. Кўпчилик эса Санжарни Жанубий Кореяда мураббийлик иши билан шуғулланаётганини билмаса керак. Ўзингиз тушуниб турганингиздек, ушбу мақоламиз Санжар Асқаралиев ҳақида бўлади.

Очиғи, Асқаралиевнинг Жанубий Кореяда мураббийлик қилаётгани эътиборга молик хабар десак янглишмаймиз. Биз эса аввало уни қандай қилиб Кореяга кетгани ҳақида сўрадик.

- Жанубий Кореяга оилавий сабаблага кўра кетдик. У ерда рафиқамнинг қариндошлари истиқомат қилишади. Ўшалар менга бу ерга келиб бемалол ишлашим мумкинлигини айтиб қолишди. Уларнинг таклифига кўра кетдим ва эндиликда ёш болаларни шуғуллантиряпман. Ҳаммаси яхши, ўз ишимни яхши кўрганим боис у ердаги фаолиятим мазмунли ўтяпти. Кореянинг Ансан шаҳридамиз ва у ерда «Шинсунг» деган хусусий футбол мактаби бор. Ўша ерда болалар билан ишлаяпман. 2009 ва 2010 йилларда туғилган болаларга мураббийлик қиляпман.

Болалар футболига мураббийлик қилаётган Асқаралиевда бу борада тегишли лицензия борми, деган ҳақли савол ҳам туғилади. Мазкур масала ҳақида ўзидан сўраганимизда шундай деди:

- Ҳа, улар мендан мураббийлик лицензиямни сўрашганди. Лицензиям эса бор, фақат Ўзбекистонда қолганини айтганман. Футбол мактабининг раҳбари мен билан яхши муносабатда бўлгани учун менга ишонч билдирган. Барибир қачондир Ўзбекистонга қайтиб мураббийлик ўқув-курсларида ўқишим керак. Бунгача «С» лицензияга ўқиганман ва яна ўқишим керак.

Шундай қилиб, Санжар футболчилик фаолиятини тугатган кўринади. Лекин у бу ҳақида ҳали ҳеч кимга айтмаганди. Шу баҳонада Асқаралиев футболчилик фаолиятини тугатганини эълон қилди.

- Ҳа, футболчилик фаолиятимни тугатдим деб ҳисобласам бўлади. Бўлди энди, тугатадиган пайтим келганди. Аммо футболни эрта тугатдим деб ўйламайман. Айни пайтда 38 ёшдаман. Шундай экан, фаолиятимни якунлайдиган давр ҳам келганди ва буни ўзим ҳам яхши тушуниб тургандим. Ёшларга ҳам йўл бўшатиб бериш керак эди. Ҳадеб футбол ўйнаб футболни ҳам қийнамайлик (кулади).

Хўш, собиқ футболчига айланган Асқаралиев майдонда ўтказган фаолиятидан қай даражада кўнгли тўлди? Бу ҳақида у қуйидагича жавоб берди.

- Фаолиятимдан қанчалик қониқдим? Менимча, 50х50 бўлса керак. Нима бўлганда ҳам «Нефтчи»даги фаолиятим эсда қоларли бўлди. Аммо, афсуски, бу жамоа билан чемпионликни қўлга киритиш насиб қилмаган. Кумуш ва бронза медалларини қўлга киритганмиз. Барибир чемпионлик насиб қилмагани мен учун аламли бўлган. Кўп мамлакатларда бўлдик, Осиё Чемпионлар лигаси ҳамда ОФК Кубоги мусобақасида иштирок этдик. Албатта, бу вақ давомида яхши натижаларимиз ҳам бўлган.

Энди яна Кореядаги фаолиятига қайтадиган бўлсак, ёш болалар билан ишлаш бўйича у ерда тизим қандай? Ҳамюртимизни эътиборини тортган жиҳатлар бўлдими?

- Кореяда ёш болалар футболи бошқача экан, - дейди Санжар. - Бу ерда болаларни эрталаб махсус автобус олиб келади ва машғулотлардан сўнг ўша автобус олиб кетади. У ерда машғулот учун эътиборни кўрсангиз, ҳеч нимадан муаммо йўқ. Ҳамма шароитлар фақат аъло даражада. Агар Ўзбекистонда ҳам шароит ва эътибор шунақа бўлганида аллақачон Месси ва Роналдулар етишиб чиққан бўларди.

Бундан ташқари, у ерда яратилаётган шароитлар ҳам юқори даражада эканлиги ҳақида алоҳида таъкидламоқда. Бунга қуйидаги сўзлари орқали гувоҳ бўлиш мумкин.

- Кореяда майдонлардан ҳеч қачон муаммо йўқ. Болалар учун 4-5 хил кўринишдаги майдонлар бор. Машғулотнинг ҳар 40 ёки 45 дақиқасидан кейин болалар учун чой-кофе, банан ва мева-чевалар берилади. Болалар учун умуман муаммо йўқ. Тўпми, форма дейсизми, ҳамма-ҳамма нарсаси бор. Шундай экан, қанақасига бола ўсмасин?! Лекин бу ерда боланинг футболчи бўлиш ёки бўлмаслигини кўпинча ота-оналари ҳал қилишади.

Хўш, Асқаралиев устозлик қилаётган жамоа турли хил мусобақаларда қатнашишяптими? Ҳар ҳолда болалар учун ўйин амалиёти жуда муҳим ҳисобланади.

- Ҳа, мусобақалар бўлиб туради. Ҳозирча Ансан вилояти бўйича ташкил этилаётган турли турнирларда қатнашиб турамиз. Кейин бир марта Корея пойтахти Сеул шаҳрида ўтказилган мусобақада ҳам иштирок этиб келдик, - дейди Асқаралиев.

Болалар футболи билан боғлиқ яна бир асосий муаммо шундаки, кўпинча улардан натижа ҳам талаб қилинади. Мураббийлар боланинг футболчи сифатида ўсишининг ўрнига жамоасининг натижа кўрсатишини устивор вазифага айлантириб олишади ва бундай ҳолатларга ўзимизда кўп бор гувоҳ бўлганмиз. Бу борада Кореяда қандай? Асқаралиев эса шундай жавоб берди.

- Бу ерда натижа ҳақида умуман ҳеч ким ҳеч нима демайди. Нега ютди ёки нега ютқазди деган гап йўқ. Бола машғулотга келяптими, қилаётган меҳнатидан ўзи хурсандми ва бунда нота-онаси мамнунми, бўлди шунинг ўзи улар учун етади. Болалар билан ишлашда мураббий маза қилиб ишлайди. Ҳеч қандай босимни ҳис қилмайди. Шунинг учун мен ҳам болалар билан ишлашда асло қийналаётганим йўқ. Биласизми, Кореяда иқтидорли болалар жуда кўп экан, уларни кўриб ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Болаларнинг ўзларида футбол учун қизиқиш жуда катта. Бу эса уларнинг асосий ютуғи ҳисобланади. Аммо, барибир у ерда боланинг эмас, балки ота-онасининг айтгани бўлар экан. Мен эса болаларнинг ота-оналари фарзандининг иқтидори борлигини ва футбол билан охиригача шуғулланишини айтаман. Аммо улар боласини кўпроқ ўқитишга қизиқишади.

Шунингдек, у ерда мураббийлар учун ҳам қандай шароитлар яратилгани билан қизиқдик. Қолаверса, қанча миқдорда ойлик маош олаётгани борасида ҳам билишни хоҳлагандик.

- Мураббийлар учун шароитлар ҳам яхши. Нолишга алсо ҳожат йўқ. Ойлик маош ҳақида эса гапирмай турганим яхши. Одамлар мени у ерга пул ёки бошқа нарса учун кетибди деб ўйлашмасин дейманда. Лекин тан олишим керакки, ойлик маошим анча баланд. Сентябрь ойида визам тугайди. Кейин шунга қараб иш қиламиз.

Умуман олганда, ҳамюртимиз Жанубий Кореяда яна қанча муддат фаолият олиб бормоқчи? Кейинги режалари қандай? Бу саволга эса қуйидагича жавоб қайтарди.

- Тўғриси, ҳали кейинги режаларим ҳақида бир нима дея олмайман. Аммо Кореядаги ишим ўзимга ҳам ёқяпти. Шунга қарамай, ота-онам, қариндошлар, умуман олганда, ватан соғинчи деган туйғулар барибир ўз сўзини айтяпти. Сентябргача яна ҳаммасини ўйлаб кўраман. Унгача эса ҳали вақтим бор.

Шу ўринда кўпни кўрган собиқ ўйинчимиздан бугунги ўзбек футболи ҳақидаги фикрлари била ҳам қизиқиб кўрдик. Унинг билдирган фикрлари эса сизни ҳам беэътибор қолдирмаса керак.

- Тўғриси, бугунги футболимиз ҳақида нимадир дейишни ҳам билмайман. Спорт тамойиллари деган тушунчалар бор. Қандай қилиб, биринчи лигадан курашмасдан туриб Суперлигага чиқиш мумкин? Мана шундай ишлардан ҳайрон қоляпман. Ҳар доим спорт тамойилларига амал қилиш керак. Бугун иккита жамоани чиқарди, эртага эса яна бошқаларни ҳам курашсиз Суперлигага чиқаришади. Агар шундай бўлаверса, у ҳолда про-лигани нима кераги бор? Про-лигадан курашиб чиққан жамоа анна шундан кейингина Суперлиганинг қадрини билади. Футболимиздаги ўсишни эса миллий терма жамоага қараб белгилаш мумкин. Терма жамоа ўйинига қараб, ўзбек футболига баҳо берса бўлади.

Маълумки, бизда ҳам ёшлар билан ишлаш ва болалар футболини кўтариш борасида турли ўзгариш ва ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хўш, болалар футболига бўлган эътибор ва улар билан ишлаш борасида Жанубий Корея билан Ўзбекистонни қандай солиштириш мумкин? Ҳаммасига ўз кўзлари билан гувоҳ бўлаётган Санжар Асқаралиев шундай жавоб қайтарди.

- Жанубий Кореяда ишга бўлган муносабат жуда юқори даражада. У ерда футболчилар ва ёш болаларнинг машғулотга бўлган муносабатини кўрсангиз ҳайрон қоласиз. Жавобгарлик ҳиссисни жуда яхши ҳис этишади. Шу боис у ерда ёшларнинг ўз ишига жиддий ёндашаётганини кўриб ҳайрон қолаверасиз. Шунинг учун ҳам бугунги кунда Корея футболининг мавқеи биздан анча баланд. Бундан ташқари, у ерда мураббийнинг роли жуда катта ва футболчилар устозига нисбатан бошқача ҳурматда бўлишади. Уларга ёшликдан таълим тарбия ҳам юқори даражада берилар экан.

Манба: Sports.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Жанубий Кореяда мураббийлик қилаётган ҳамюртимиз ҳақида