Ёзги трансферлар дарчаси доирасида музокаралар давом этмоқда. Айрим клублар ўзининг асосий харидларини амалга ошириб бўлишди, айримлари эса ҳали тўхтамоқчи эмас, бу ёзда айниқса «Реал» фаоллик кўрсатмоқда. Қуйида ёзги трансферлар доирасида амалга оширилган энг қиммат 10 трансфер келтирилади.
10. Карим Демирбай
«Ҳоффенҳайм»дан «Байер»га 32 млн евро эвазига
Фото: bayer04.de
Демирбай 3 йил давомида «Ҳоффенҳайм»га садоқат билан хизмат қилиб, бу жамоанинг асосий футболчисига айланди. У ўзининг ўйинни ташкил қилиш функциялари ва универсаллиги билан қадр топди: у ҳимоя ҳудудида тўпни эгаллаб, ҳужумга бориши мумкин – у майдоннинг ҳар бир жойида фойдали, исталган нуқтадан туриб ажойиб кесик паслар бера олади. «Байер» бундай диспетчерга эга бўлиш учун футболчининг шартномасида кўрсатилган 32 млн евро миқдоридаги бадал пулини тўлашга қизғанчиқлик қилмади. Энди жамоада «Боруссия»га ўтиб кетиши кутилаётган Брандтга муносиб ўринбосар бор.
9. Бенжамен Павар
«Штутгарт»дан — «Бавария»га 35 млн евро эвазига
Очиғини айтиш керак, Павар ўтган йилиёқ, жаҳон чемпионатидаги ўйинларидан кейин қайсидир гранд клубда пайдо бўлмагани ҳайрон қолдиради. Унинг айниқса Аргентина терма жамоасига урган голи турнирнинг энг чиройли голи сифатида тан олингани бу ёш французнинг даражасидан гувоҳлик беради.
«Бавария» Паварни қишдаёқ таркибга қўшиб олиш учун «Штутгарт»га қўшимча 10 миллион евро таклиф қилганди, аммо лигада жон сақлаб қолиш учун курашаётган клуб исталган позицияда ўйнай оладиган ҳимоячиси билан хайрлашишга шошилмади.
«Бавария» мени Аргентинага урган голим учун эмас, Бундеслигадаги энг яхши ҳимоячилардан бири бўлганим учун сотиб олди. Мен ҳимояда яхши ҳаракатланаман, қолаверса техникам ҳам ёмонмас», — деди Бенжамен шартнома имзолаганидан кейин.
Энди у янги жамоасида фаолиятидаги янги чўққиларни забт этишга ҳаракат қилади ва Киммих билан рақобатлашади. Мураббий германиялик ҳимоячини таянч зонасига ўтказиш орқали муаммони ҳал этиши ҳам мумкин.
8. Рауль Хименес
«Бенфика»дан «Вулверҳэмптон»га 38 млн евро эвазига
Фото: Michael Regan/Getty Images
«Бўрилар» ўтган йил ёзида мексикалик ҳужумчини «Бенфика»дан ижарага олганди. Бу келишув жуда муваффақиятли чиқди: Англияда Хименес Португалиядагидан кўра самаралироқ ҳаракат қилди ва 20 балл тўплади (13 гол ва 7 пас), чемпионшипдан чиққан жамоа эса сенсацион равишда еттинчи ўринни эгаллади ва Европа Лигаси саралашида қатнашадиган бўлди. Ўз-ўзидан, клуб форвардни трансфер қилишга қарор қилди. 38 миллион евро – «Вулверҳэмптон» учун рекорд.
7. Родриго
«Сантос»дан «Реал»га 45 млн евро эвазига
Родригонинг трансфери – «Реал»нинг келажак учун катта инвестициясидир. 18 ёшида бу футболчи «Сантос» учун барча турнирлар доирасида 80та ўйинда майдонга тушишга улгурди (шундан 41таси – Бразилия А сериясида) ва 17 гол урди. Майдонда Родриго барча ишни қилади: тезлик олиб югуради, жойини алмаштириб ҳаракат қилади, бир гуруҳ ҳимоячилар орасидан ёриб ўтиб рақиб жарима майдонига киради, икки оёғида ҳам зарба беради, ҳал қилувчи яширин паслар беради. Мадридда у бошқа бир бразилиялик Винисиус Жуниордан ўрнак олган ҳолда ўзини дарҳол кўрсатишга шошилмаслиги ҳам мумкин.
6. Ферлан Менди
«Лион»дан «Реал»га 48 млн евро эвазига
Менди юқори даражада фақат икки мавсум ўйнади (2017/18 йилги мавсумгача у Франциянинг иккинчи лигасида ҳаракат қиларди), аммо бу «Реал»нинг эътиборини жалб этиш учун етарли бўлди. Ҳимоячига Мадриддан ташқари «Барселона» ҳам қизиқиб кўрди, аммо Ферланнинг ўзи кўк-анорранглиларни эмас, «қаймоқранглилар»ни танлади. Энди «Қироллик клуби»нинг чап қанотида жиддий рақобат кузатилади – Менди Марселога қарши. Бу қанотда ўтган мавсумда ўзини кўрсатган Маркос Льоренте эса 40 миллион евро эвазига Мадриднинг бошқа бир клуби «Атлетико»га ўтиши кутилмоқда.
5. Эдер Милитао
«Порту»дан «Реал»га 50 млн евро эвазига
«Реал» футболчилари рўйхатнинг деярли ярмини ташкил этмоқда, чунки «Қироллик клуби» харобалар орасидан бош кўтариб туришга қарор қилди ва трансферлар бозорида қимирлаган жонни ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат қилмоқда - жамоа шу вақтга қадар 305 миллион евро сарфлаб бўлди ва бу рекорд натижадир. Эдер Милитаонинг хариди Зидан жамоага қайтганидан кейин амалга оширилган илк харид бўлганди, бу бразилиялик футболчи трансфери март ойидаёқ эълон қилинганди.
21 ёшли футболчи ҳимоя марказида ҳам, ўнг қанотда ҳам ўйнай олади. «Реал» эса кўп эҳтимол билан уни қанотда ўйнатмоқчи, бугунги кунда Карвахаль ва Одриосола – ўз позициясидаги энг кучли футболчилар саналишмайди. Бир йил олдин «Порту» Милитаони «Сан-Паулу»дан 7 миллион евро эвазига сотиб олганди ва энди 50 миллион еврога пуллади.
4. Лука Йович
«Айнтрахт»дан «Реал»га 60 млн евро эвазига
Фото: realmadrid.com
Одатда «Бенфика» футболчиларининг истиқболларини тўғри чамалай олар ва уларни яхши нархда пулларди. Аммо Йович билан боғлиқ вазиятда уларнинг омади келмади, дейиш мумкин. Португаллар Йовични 2016/17 йилги мавсумдан кейин «Айнтрахт»га ижарага бериб юборишганида келишувда немислар футболчини кейинчалик беш миллион еврога трансфер қилиш ҳуқуқини қўлга киритишганди. Лука Германияда порлади ва ўзини ҳақиқий бомбардир сифатида намоён этди. Якунланган чемпионатдаги «17+5» натижасидан кейин унга қатор топ-клублар талабгор бўлиб чиқди.
Май ойида «Айнтрахт» «Бенфика»га беш миллион евро ўтказиб берди ва футболчининг трансфер ҳуқуқини ўзиники қилди. Июнда эса «Реал»дан 60 миллион евро олди. Буни бизнес деса бўлади.
3. Френки де Йонг
«Аякс»дан «Барселона»га 75 млн евро эвазига
Фото: fcbarcelona.com
Чемпионлар Лигаси финали остонасига келган «Аякс»
якунланган мавсумда Европада энг чиройли ўйин кўрсатган жамоа бўлди, аммо бунинг эвазига асосий юлдузларини йўқотмоқда. Жамоанинг энг яхши марказий яримҳимоячиси Френки де Йонгнинг трансфери қишдаёқ маълум бўлиб улгурган, аммо у фақат 1 июль куни расман «Барселона» футболчиси сифатида таништирилади. Энди Френки жамоадоши ва ўртоғи – де Лигтни ҳам каталонияликлар сафига ўтишга кўндириши керак бўлади. Кўп эҳтимол билан, биз яна «голландча» «Барселона»га гувоҳ бўламиз.
2. Лукас Эрнандес
«Атлетико»дан «Бавария»га 80 млн евро эвазига
Франциялик универсал ҳимоячининг трансфери бутун Германияни таажжубга солди, ахир «Бавария» ўз пулларини ҳеч қачон бундай ақлсизлик билан сарфламаган. Аммо бу сафар мюнхенликлар раҳбарияти ёш футболчининг истиқболига ишонч билдиришди. Лукас Эрнандес «Атлетико» ва Франция терма жамоасининг муҳим қисми ҳисобланарди, у чап қанотда ҳам, мудофаа марказида ҳам ишончли ўйнай олади. Аммо албатта 80 миллион евро – барибир жуда кўп. Шу билан бирга, мюнхенликлар таркибида энди жаҳон чемпионлари бўлган икки нафар ҳимоячи бор.
1. Эден Азар
«Челси»дан «Реал»га 100+ млн евро
Фото: realmadrid.com
Энди Азар «Қироллик клуби» етакчиси бўлади, «Челси» эса унинг трансферидан оладиган пуллар миқдори 130 миллион еврогача етиши мумкин. Аммо биз бу ёзда ҳали бунданда йирик трансферларга гувоҳ бўлишимиз мумкин. Ҳали Погбанинг тақдири ҳал бўлмади, Неймар эса Париждан қочиб қолишни мўлжаллаб юрибди, Антуан Гризманн масаласи очиқ турибди. Умуман, замонавий Европа футболида пуллар беармон сарфланмоқда. Шундай экан, рекордлар янгиланишига тайёр туриш керак. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?