13:37 / 21.07.2020
2 329

Ўзбекистондан Калифорниягача: Шаҳрам Ғиёсовнинг фаолияти хорижий нашр нигоҳида

Ўзбекистондан Калифорниягача: Шаҳрам Ғиёсовнинг фаолияти хорижий нашр нигоҳида
Куни кеча спортга ихтисослашган хорижий fansided.com сайти Рио Олимпиадаси совриндори, жаҳон чемпиони, профессионал боксда мағлубиятсиз одимлаётган ҳамюртимиз Шаҳрам Ғиёсов фаолиятига оид мақолани чоп этди. Биз ушбу қизиқарли мақоланинг таржимасини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ўзбекистон бокс бўйича уйғониш даврини бошдан кечирмоқда. Равшан Хўжаев қўл остида бокс сирларини ўрганиб, юлдуз даражасига кўтарила олган Шаҳрам Ғиёсов бу йўлни босиб ўтганлардан бири бўлса-да, у ҳамон чемпионлик учун курашишда давом этмоқда.

Ҳар бир боланинг орзуси бор. Шу билан биргаликда боксчи Шаҳрам Ғиёсов ҳам ўз орзуларини амалга ошириш йўлида меҳнат қилмоқда. Аҳамиятли жиҳати, энди у ўзининг асосий мақсадига эришишга ҳар қачонгидан ҳам яқинроқ…

Ўзбекистонда ўсиб-улғайган Ғиёсов ҳар доим жаҳон чемпиони бўла олишни билар эди. Бироқ, ўша вақтларда бу шунчаки унинг хаёлотидаги орзу бўлган. Ғиёсов эса, ўз келажагини тақдир измига шунчаки ташлаб қўймади.

"Биринчи марта тўққиз ёшимда бокс спорт залига борган эдим", деб эслайди қаҳрамонимиз. “Мен бокс залига ҳеч қандай рухсатсиз тўғри кириб борганман. Залга кириб, бокс қопини муштлай бошладим, бир мураббий келиб: «Бу ерда нима қилиб юрибсан? Кимсан? Сен бу ерда ота-онангсиз бўлишинг мумкин эмас", деган эди. Ўшанда мен “Ҳозир ҳайдаб чиқаришингиз мумкин, аммо қандай қилиб чемпион бўлишимга гувоҳ бўласиз", деганимни эслайман."

Ғиёсов ҳали профессионал боксда жаҳон чемпиони эмас, аммо у ўзининг олдига қўйган мақсадини рўёбга чиқариш учун борлиғини бағишлаган.
Ўша мураббий билан мунозарадан сўнг, у бокс билан шуғулланиш учун ота-онасидан рухсат олди ва ниятларини амалга ошириш йўлида кўплаб ютуқларни қўлга киритди.

Ғиёсов машғулотни бошлаганда, унга чин дилдан ишонч билдирган атиги икки инсон бор эди - отаси ва амакиси. Бошқаларни эса, ўз потенциалига ишонтириш учун бироз вақт керак бўлди.

"Фақат амаким ва отам менга ишонган ва ҳар доим қўллаб-қувватлаганди", - деди Ғиёсов. Биринчи марта 15 ёшимда миллий чемпионатда ғолиби бўлдим. Мамлакатнинг ўз вазн тоифамдаги биринчи рақамли боксчиси бўлишим учун 6 йил вақт керак бўлди. Шундан сўнггина одамлар менга эътибор беришди ва ишона бошладилар. Яъни, мени жангимни гувоҳи бўлганлар: "Бу бола ундай ёки бундай бўлиши мумкин", деб айтишни бошладилар.

Ғиёсов ҳаваскор боксчи сифатида улкан ютуқларга эришди. 2016 йили Рио-де-Жанейродаги Олимпия ўйинларида кумуш медални қўлга киритиши унга бўлган эътиборни янада оширди. Бу жуда катта ютуқ, аммо Ғиёсов ҳали бу натижадан қониққани йўқ эди. Aксарият боксчилар мисолида, унга ҳам Олимпиада профессионал фаолиятни бошлаш учун асос бўлиб хизмат қилди.

Ғиёсов ва Ўзбекистон ҳаваскор бокс терма жамоасининг баъзи аъзолари AҚШда профессионал йўналишда ҳам жаҳон чемпиони бўлиш умидларини амалга ошириш йўлида меҳнат қилмоқда. Бухоролик чармқўлқоп устаси Нью-Йоркдан бошлаб, қисқа вақт ичида Лас-Вегасда машғулотлар ўтказиб, кейин эса, Калифорнияга йўл олди. Бу эса, Ғиёсовнинг ҳаёти яхши томонга ўзгаришига сабаб бўлди.

У "Олтин штатда" баъзи номдор мураббийлар билан фаолият олиб борди. Жумладан, у қисқа вақт бўлса-да, Фредди Роач ва Мэнни Роблесдан профессионал бокс сабоқларини олди. Кейин у қумли саҳроларда қад ростлаган Индио шаҳрига мураббийлар Жоэль ва Aнтонио Диас қўл остида машғулотлар ўташ учун келди. Ўшандан буён, Ғиёсов учун ҳеч нарса олдингидай эмас, у ўзгарган ва маҳорати тобора ортиб бормоқда.

"Жоэль Диас билан танишиб, у билан биринчи машғуотимда «митт»ларда (чарм қўлқопли лапа) ишладим ва у мен билан ҳамкорликни давом эттириш истагида эканини айтди. Мураббий танлаш жараёнида ҳар доим сиз унга ишонч билдира оладиган ва инсон сифатида ҳам қандайдир яқинлик ҳис қиладиган шахсни қидирасиз. Жоэль билан ҳам шундай бўлди. Aка-ука Жоэл ва Aнтонио Диас мексикалик бўлиб, уларнинг менталитети ҳам бизга жуда яқин. Ўзбеклар ва мексикаликлар деярли бир хил фикрлайди. Улар ҳам жуда самимий инсонлар”, - дейди Ғиёсов.

Шаҳрам Ғиёсов Индио шаҳри, Калифорния штатида, Жоэль ва Aнтонио Диаслар қўл остида ўзининг ўзбекистонлик бошқа боксчи дўстлари билан машғулот олиб борар экан, ўзини ҳудди уйидагидек ҳис қилади...

Бугунги кунда Ғиёсов кўплаб юртдошлари билан бирга Индиода яшаб фаолият олиб бормоқда. Мисол учун, иккинчи енгил вазн тоифасида жаҳон чемпиони Муроджон Aҳмадалиев, Исроил Мадримов, Ботир Aҳмедов, Бектемир Мелиқўзиев ва Баҳодир Жалолов шулар жумласидандир. Aка-ука Диаслар истеъдодли ўзбек боксчиларининг ишончини қозонишди ва уларни ўз вазн тоифаларида етакчилар қаторига олиб чиқиш учун тинимсиз меҳнат қилишмоқда.

Ғиёсов билан бир қаторда айтилган барча номлар ҳаваскор боксда аллақачон улкан ютуқларни қўлга киритиб улгуришган. Ўзбекистон иқтидорли боксчиларни етиштириб чиқараётгани шунчаки тасодиф эмас. Ғиёсов ҳукумат ушбу спортчиларни қандай қўллаб-қувватлаши ва рағбатлантиришини тушунтирар экан, Ўзбекистонда ўсиб-улғайишнинг ўзига хос ютуқлари бор, дея қўшимча қилди.

"У ерда улғайишнинг ўзига хослиги мавжуд. Бизда бу ердаги каби вазият эмас, ҳаммаси бутунлай бошқача. Болалар бу ерда ўзи мустақил тарзда камол топадилар. Бизда эса, маҳалла аталмиш ёшлар учун жамоат назорати ва қўшничилик каби тушунчалар бор. Бу мени ҳеч қачон таслим бўлмасликка ундаган омиллардан биридир", деб тушунтирди Ғиёсов.

Индиода ватандошлари қуршовида бўлган Ғиёсов юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, ўзини уйдаги каби ҳис қилади. Уларнинг ўзаро яқин ришталари бир-бирининг қўллаб-қувватлашлари, ўзаро жамоавийлик муҳитини яратади.

"Жамоамиздаги муҳит, қўллаб-қувватлаш ва кўтаринки руҳ биз учун жуда муҳим омилдир. Кўплаб йигитлар фақатгина юқори маҳорати билангина эмас, балки, жасорат ва кучли руҳияти билан юқори чўққиларни забт этишмоқда", - деди Ғиёсов.

Ҳозирда Ғиёсов профессионал боксда 9 жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган. Жангларининг 7 тасида рақибларини муддатидан олдин мағлуб этган. Унинг навбатдаги жанги 15 август куни Оклахома штатининг Талса шаҳрида «Матчроом» томонидан ташкил этилувчи ва ДAЗН томонидан эфирга узатиладиган бокс оқшомида бўлиб ўтади. Унга 10-жангида Франсиско Эрнандес Рохо (22-3, 15 КО) рақиблик қилади. Ғиёсов ҳозирда юқори спорт формасида ва жаҳон чемпионлик камари йўлида муносиб одимлашга тайёр.

Яхши тайёргарлик билан бир қаторда у 2018 йилги Aтлантик Сити шаҳрида Мигел Замудиога қарши ўтказган жангидан сўнг, ўзининг идеалидаги боксчи Рой Жонснинг эътирофига сазовор бўлганлиги ҳам Ғиёсовга янада куч бағишлади.

"Барча жангдан сўнг, менежер Рой билан учрашди. Рой ҳамма жанглар жуда яхши ўтгани, аммо менинг чап қўл ён томондан берган зарбам энг ажойиби бўлганини айтиб ўтди", дея ғурур билан сўзлаб берди Ғиёсов.

"Boxrec.com” томонидан ўз вазн тоифасида 33-ўринда қайд этилган, 27 ёшли Ғиёсов тезроқ чемпионлик жангида рингга кўтарилишга умид қилмоқда. Жош Тэйлор ва Хосе Рамирес ушбу дивизионда барча камарларни эгаллаб турибдилар, аммо у Тэйлордан кўра, Рамиресга яхшироқ қаршилик кўрсатишини айтади.

Чемпионларга келсак, мен келажакда жанг қилишим учун бирини танлашим керак бўлса, эҳтимол Хосе Рамиресдан бошлаган бўлармидим… Менимча, унинг услуби менга қулайроқ. Мен уни мағлуб эта олишимга ишонаман. У кучли, жисмонан бақувват йигит. У билан жангда жисмоний ҳолатлар биринчи ўринга кўтарилишини биламан», деди Ғиёсов.

15 августдаги ғалаба уни Рамиресга яна бир қадам яқинлаштириши ва жаҳон чемпиони бўлиш иштиёқини янада кучайтиришига ишонамиз.


Хориж нашридан Жалол Аҳмедов таржимаси

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистондан Калифорниягача: Шаҳрам Ғиёсовнинг фаолияти хорижий нашр нигоҳида