18:43 / 23.08.2020
1 890

Бардам бўл, «Барселона»! Клубга янги мураббий эмас, балки янги президент кераклиги ҳақида

Бардам бўл, «Барселона»! Клубга янги мураббий эмас, балки янги президент кераклиги ҳақида
Бугунги кунга келиб, «Барселона» ҳақида ёзишнинг энг қийин қисми бу такрорламаслик бўлиб қолди. Қатор сабабларга кўра бу жуда мураккаб. «Барселона»нинг ишлари орқага кетиши Вальверденинг ишдан бўшатилганда ёки Гризманн сотиб олинганда эмас, балки анча олдинроқ бошланган. Йиллар давомида тўпланган қарама-қаршиликлар аллақачон чуқур ва тушуниб бўлмас ҳолатга айланишга улгурди ва барча ёриқлар орасидан чиқа бошлади. Шунинг учун охирги вақтларда «Барса» ҳақида жуда кўп ёзилди.

Ўзгаришлардан эса дарак йўқ. Фақатгина мураббий ўзгарди. Клуб можароларга тўлиб кетди, молиявий муаммолар пайдо бўла бошлади, етакчилар эса раҳбарият билан келиша олмаяпти. Албатта, буларнинг барчаси жамоа ўйинига таъсир ўтказмай қолмади.

Сетьенни ишдан бўшатиш керак эди, аммо бу унинг айби эмас. Вальверде билан ҳам шундай ҳолат

Фото: Getty Images
Сетьеннинг жуда қисқа муддат ичида Вальвердега «айлангани» кишини ҳайратга солади. «Бавария»га қарши муваффақиятсиз ўйиндаги гибрид (ҳужумда 4-3-3 ва ҳимоядаги 4-2-2 орасидаги) тактик схема ўтган йили «Ливерпуль» билан ўйиндаги (муваффақиятсиз) режанинг нусхаси эди. Ўша пайтда бўлгани каби «Барселона» ўйиннинг барча жабҳаларида рақибдан кучсизлиги кўриниб турди. Яъни муаммо нафақат бартараф этилмаган, балки ҳозир ҳам ўша иш бермаган усуллардан фойдаланилмоқда. Бу жуда ғалати, шундай эмасми?

Табиийки, бу дилемма ҳолатига олиб келади. Ёки Сетьен футбол ҳақида ҳеч нарсани тушунмайдиган оддий жисмоний тарбия ўқитувчиси. Бироқ қуйи поғоналарда юрадиган жамоага («Бетис») топ-клубларнинг ўйин услубини сингдирган ва маълум натижаларга эришган шахсни жисмоний тарбия ўқитувчиси деб аташга тил бормайди.

Дарвоқе, Вальверде ҳам «Барселона»гажимгина асосий таркибда майдонга тушадиган ўйинчилар фамилиясини ёзадиган мураббий сифатида эмас, балки «Атлетик»ни том маънодаги прессинг жамоасига айлантирган мутахассис сифатида келганди. У Сетьенга қараганда узоқроқ ишлаган ва бир нечта эсда қоларли юришларни ҳам амалга оширганди. Бироқ унга ҳам якунда Сетьен билан бўлгани каби, шунчаки чиқиш эшиклари кўрсатилди. Демак, у ҳам услубий, ҳам натижа жиҳатидан жисмоний тарбия ўқитувчисими? Албатта, йўқ.

Агар турли мураббийлар мавсумнинг айнан муҳим палласида бир хил, яъни самарасиз қарор қабул қила бошласа, демак, улар ишлаётган муҳит айбдор. Иш муҳити эса раҳбарият томонидан яратилади.

Ким айбдорлигини ҳамма билади
Бартомеуни ёмонлашни бошлашдан олдин, у ҳақида баъзи яхши жиҳатларни айтиб ўтиш ўринли бўларди. У клуб муваффақият чўққисига яқин турган вақтда клубни қабул қилиб олди ва молиявий ютуқларга эришди. У 2013 йилнинг бошида, «Барселона»нинг йиллик даромади 483 миллион еврони ташкил қилган вақтда президент бўлганди. Ҳозир эса клубнинг йиллик даромади 840 миллион еврони ташкил қилади. Ҳа, бу даврда индустрия ривожланди, аммо клуб бошқаларга қараганда тезлик билан ўсди. Таққослаш учун, «Реал»нинг ушбу даврдаги даромади йилига 512 миллиондан 757 миллион еврогача ўсди. «Барселона»нинг 2020 йилги бюджети 1,01 миллиард евро бўлиши режалаштирилганди. Афсуски, бу миқдор пандемия туфайли пасайди. Аммо бунда (пандемияда) Бартомеунинг айби йўқлиги аниқ.

Фото: Twitter
Бартомеу бундай пул ишлаш қобилияти билан идеал президентга айланиши мумкин эди. Бироқ икки жиҳат унга панд берди. Биринчиси, стратегик ривожланишнинг етишмаслиги. Иккинчиси, узоқ муддатли режалаштириш ваколатига эга бўлган ёрдамчининг йўқлиги.

Тўғри, бу жуда бир қўрқинчли тарзда эшитилмайди, аммо барчаси (муаммолар) шундан келиб чиқади. Клуб жуда қисқа вақт ичида қисқа муддатли режадан иккинчисига ўтди, ўзгаришларга эса шунчаки муносабат билдирди.

Неймар кетдими? Демак, бошқа юлдузни олиб келиш керак. Юлдуз ўйнаб кета олмадими? Майли, унда бошқасини сотиб оламиз.

Бу шунчаки бемаъни юзаки ёндашувдир.

Ушбу ёндашув билан клуб янги ўйинчиларни сотиб олаётганда, жамоа Неймарсиз дастлабки олти ой ичида юқори сифатли ва тартибли футбол ўйнаганига эътибор қаратишни унутиб қўйди.

Режанинг йўқлигига яққол исбот: Неймар кетганидан сўнг «Барселона» янги футболчиларга 780 миллион евро сарфлади, таркиб эса кучайиш ўрнига фақат заифлашди.

«Барселона» мухлислари учун яхши хабар, буларнинг барчаси бир йилдан сўнг тугайди. Лекин бунга ҳеч қандай кафолат йўқ. Президентликка номзодларнинг аксарияти етарли даражада мунозарали.

Фонт – клубнинг қадриятлари ва ДНКсига мурожаат қилиб, Хави билан биргаликда янги лойиҳа қуришни ваъда бермоқда. Бу жуда чиройли эшитилади, аммо у агар сайловда ғалаба қозонса, жамоанинг натижаларидан қатъи назар Куманни ишдан бўшатишини айтган. Бу унинг клубга бўлган муносабатини аниқ қилиб кўрсатиб беради: шахсан унга клубнинг натижалари қанча ёмон бўлса, шунча яхши. Шунинг учун ҳам Куман тайинланган кундан бошлаб, уни «чўктириш»га ҳаракат қилмоқда. Бошқа бир номзод Россел. У пул «ювиш»да айбланиб, икки йил қамоқда ҳам ўтириб чиқди. У «Барса» президенти бўлганида Неймарнинг шов-шувли трансфери амалга ошганди ва Гвардиола билан можаро юз берганди, айнан шу сабабли Пеп клубни тарк этган. Бартомеу Росселнинг вице-президенти эди ва қайсидир маънода ҳозир ҳам унинг сиёсатини давом эттириш билан шуғулланмоқда.

Лапортани ҳам эслаб ўтиш лозим, у 2008 йилда ёш ва тажрибасиз Гвардиолага ишониб, унга жамоани «тозалаш»ни топширганди. Унда инқироз-менежменти билан тажрибаси бор.
Сайловда ким ғалаба қозонишидан қатъи назар ўзгаришлар бошланиши аниқ ва ҳозир клуб учун бу энг муҳими.

Мураббий нима қила олади?
Куман айнан шундай вазиятга тушиб қолди. Ҳа, ниҳоят янги мураббий ҳақида. Куман «Барселона»га мос келадими? У нималарни ўзгартира олади? Унинг истиқболлари қандай? Мураббий алмашган кейин бериладиган одатий саволлар, лекин ҳозир улар мантиққа эга эмасдек гўё. Сетьен услубга мос келар, хўш нима бўлибди. Куман ҳозир бир тонна мармарни қайта ишлаши керак бўлган ҳайкалтарошга ўхшайди, унинг воситалари эса қаламтарош ҳамда бир йилдан сўнг ишдан олинишини билишидир.

Фото: «Барселона»
Куманнинг устун жиҳати ҳам бор: у аввал терма жамоа билан ишлаган. Бу жуда муҳим, чунки терма жамоада ишлаш клубдагидан тубдан фарқ қилади: трансферлар амалга оширилмайди, мавсумолди машғулотлар ўтказилмайди, жамоани мураббий қурмайди, балки футболчиларнинг ҳолатига қараб, ўйин уларнинг энг яхши хусусиятларига мослаштирилади. Ҳозирги «Барселона» эса терма жамоага жуда ўхшайди. Катта ёшли афсоналар ва услуби ва позициясидан қатъи назар сотиб олинган бир нечта ёш футболчилар. Терма жамоаларда ҳам айнан шундай. Бунинг устига сўнгги йилларда «Барселона»нинг Мессига тотал қарамлиги Аргентина терма жамоасини эсга солиб юбормоқда.

Куманнинг Каталониядаги ўтмиши ҳеч бўлмаганда унга босимни енгишда ёрдам беради. У катта эҳтимол билан «Барселона»да кўпроқ ҳимоявий услубни жорий этишга ҳаракат қилса керак. Нидерландия терма жамоасида бўлгани каби, 4-2-3-1 схемасини қўллайди.

Терма жамоадаги тажриба ва ўз услубида қатъий тура олиш (Сетьенга етмаган жиҳатлардан бири) – Куманга ўтиш давридан муваффақиятли ўтиб олишга ёрдам беради. «Барселона»нинг ёш бўлмаган таркиби тезлиги билан мақтана олмаса ҳам, юқори даражада прессинг қила олмаса ҳам, саккиз кишилик ҳимоя билан ҳам исталган кучсиз рақибни мағлуб этиш учун етарли даражада маҳоратга эга.

Бу ерда савол сал бошқачароқ бўлади: «Барселона»га келгуси нима учун керак? Агар ҳамма уни имкон қадар муваффақиятсизликларсиз ўтказишга ва амал-тақал қилиб кейинги йилга етиб олишга ҳаракат қилса?

«Барселона»га биринчи навбатда сайловлар керак. Шундан кейингина мураббий.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Бардам бўл, «Барселона»! Клубга янги мураббий эмас, балки янги президент кераклиги ҳақида