18:24 / 04.01.2021
2 106

Ўзбекистоннинг 2020 йилги энг яхши спортчиси Токио Олимпиадасига бора оладими?

Ўзбекистоннинг 2020 йилги энг яхши спортчиси Токио Олимпиадасига бора оладими?
Юртимизда дзюдо спорти ҳам жуда яхши ривожланган. Ҳар қандай йирик турнирларда ўзбекистонлик дзюдочилар муносиб қатнашишга ҳаракат қилади. Шунинг учун ушбу спорт тури ривожланган Япония, Мўғулистон, Россия, Жанубий Корея, Франция, Грузия каби мамлакат вакиллари ҳам ҳамюртларимизни жиддий рақиб сифатида билишади.

Олдимизда тўрт йилликнинг энг муҳим турнири Токио Олимпиадаси кутиб турибди. Мазкур мусобақага йўлланма олиш барча дзюдочиларимизнинг бош мақсади ҳисобланади. Қувонарлиси, юртдошларимиз барча вазн тоифасида рейтингнинг лицензияни қўлга киритиши мумкин бўлган поғоналарни забт этиб турибди. Ана шулардан бири 90 кг вазн тоифасида ажойиб ютуқларни қўлга киритаётган, 2020 йилнинг “Энг яхши спортчи”си Давлатбек Бобоновдир.

Биз ушбу спортчимиз билан фаолияти ва келажак режалари борасида суҳбат қурдик. Қуйида, ушбу интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Ассалому алайкум. Аввало, йил спортчиси бўлганлигингиз билан табриклаймиз!
- Во алайкум ассалом. Ассалому алайкум. Катта раҳмат!

- Ҳозирги кунда энг долзарб мавзу Токио Олимпиадаси деб айта оламиз. Яъни, лицензияни назарда тутмоқдаман?
- Тўғри, ҳозирги кундаги биринчи вазифа Токио Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритиш бўлиб турибди. Бунинг учун ўзига хос режалар ишлаб чиқилган. Бир нечта мастерс турнирлари бор, уларда муносиб иштирок этиш учун хорижда ўқув-машғулот йиғинлари ўтказилади. Ҳозир ҳам Қатар пойтахти Доха шаҳрида ўқув-машғулот йиғинида бўлиб турибмиз.

Умуман олганда икки нафар қиз ва барча вазн тоифасидаги ўғил болалар рейтингнинг лицензия берувчи зонасида турибди. Агар, ҳозир йўлланма бериш якунланса эди, Ўзбекистон терма жамоаси тўлиқ таркиб билан Олимпиадада иштирок этарди. Бироқ Олимпиадага қадар, яна олтита мусобақамиз бор. Уларнинг дастлабкиси 11-13 январь куни бўлиб ўтадиган Дохадаги мастерс турниридир. Ундан сўнг бешта мусобақа қолади. Биз ушбу турнирларда яхши қатнашиб, ўзимизга керакли бўлган қимматли очколарни қўлга киритишга ҳаракат қиламиз.

- Ҳозирги кунга келиб, рейтингда неча очко жамғаргансиз?
- Олимпия рейтингида ўз вазн тоифамда 2689 очко билан 18 ўринда қайд этилганман.

- Аслида, рейтингда нечанчи ўриндагилар лицензияни қўлга киритади?
- 22 ўрингача бўлганлар ушбу йўлланмани қўлга киритади. Юқорида таъкидлаб ўтдим, мен 18 поғонадаман. Лекин юқорида бир давлатдан икки нафарлар ҳам борлигини инобатга олсак, бормайдиганларини ҳисобига 14-ўринга кўтариламан.

- 90 кг вазн тоифасида жаҳонда жуда кучли рақиблар мавжуд. Жумладан, Ҳусейн Холмурзаев, Николас Шеразадашвили, Муҳаммадали Мехдиев, Неманья Маждов, Шаичиро Мукаи ва яна кўплаб моҳир дзюдочилар бор. Уларнинг қай бирлари сиз учун ноқулай рақиб ва кимларни Токио Олимпиадаси фаворитлари сафига қўшган бўлардингиз?
- Рақибларни барчасини фаворитлар сафига қўшган бўлардим. Санаб ўтганларингиз ва яна бошқа рейтингда юқори ўринларни банд этиб турганлар билан баҳс юритганман. Ютганман ва мағлубиятга ҳам учраганман. Бир сўз билан айтганда ҳаммасини ўзига яраша ноқулай томонлари бор.

- Барибир ҳар бир спортчини принципиал рақиби бўлади. Мисол учун Ришод Собировни Хираоки Хираока ва Арсен Галстян ёки Абдулла Тангриевни франциялик Тедди Ренер, қирғизистонлик Юрий Краковецкига қарши тўқнашувларини эсалаб ўтишимиз мумкин. Сизда ҳам бордир?
- Тўғри, шунақа рақиблар бўлади. Мисол учун, венгриялик Кристиан Тот ва испаниялик Николас Шеразадашвилини шундай рақибларим қаторига қўшишим мумкин. Улар билан ҳамма мусобақаларда медаллар учун курашиш босқичида тўқнаш келамиз. Аммо уларга қарши тайёрланиб бориб, дастлабки босқичларда бошқа рақибларга ютқазиб қўйиш эҳтимоли ҳам бор. Шунинг учун барча рақибларга жиддий қараш лозим.

- Ўзбек дзюдосининг ривожида барибир ўзбек миллий курашининг ҳам ўрни бор. Демоқчиманки, ўзбек курашида тобланган кўплаб, ҳамюртларимиз дзюдода ҳам муваффақиятларга эришган. Сиз ҳам аввал миллий кураш билан шуғулланганмидингиз?
- Албатта, ўзбек дзюдосининг ривожида миллий курашимизнинг ҳам ўрни бор. Ҳозирги терма жамоада ҳам фаолиятини миллий курашда бошлаганлар бор. Лекин мен Самарқанд олимпия заҳиралари коллежида дзюдо бўйича шуғулланишни бошлаганман.

- Самарқанд ҳақида айтиб ўтдингиз. Ушбу вилоятда кураш турлари жуда яхши ривожланган. Бунга сабаб нима?
- Бу борада Самарқанд олимпия заҳиралари коллежи муҳим ўрин тутади. Бу даргоҳда кураш турлари жуда яхши ривожланган ва шароитлар ҳам аъло даражада. Шунингдек, тажрибали мураббийларнинг меҳнатини ҳам айтиб ўтган бўлардим.

- Шароитлар ҳақида ҳам сўз юритдингиз, дзюдо федерацияси раҳбарияти янгиланди ва янги раҳбарият сизларга қандай қулайликларни яратиб бермоқда?
- Албатта, янги раҳбарият келганига ҳам бир йилдан ошди. Ҳозирда терма жамоа учун федерация томонидан ажойиб, ҳавас қилгулик даражада шарт-шароитлар яратилган. Ўзига хос рағбатлантириш, молиявий жиҳат, барча қулайликларга эга залларни айтишим мумкин. Хуллас, барчаси аъло даражада.

- Терма жамоа мураббийи ҳақида ҳам фикрингизни билдириб ўтсангиз. Яъни, Илиас Илиадис қандай мураббий? Одатда, терма жамоани бошқариш учун кучли психолог бўлиши зарур. Унда бу хислат қандай ривожланган?
- У жуда тажрибали мураббий. Тажрибалиги шундаки, у ўз вақтида кучли спортчи бўлган. Шунингдек, Ўзбекистон терма жамоасига келишдан аввал, Чеченистонда икки йил фаолият юритди. У ажойиб руҳшунос ва мотиватор. Унинг ўзи бизга намуна бўлиб, биздан-да кўпроқ машғулотларни ўтказади. У машғулотлар вақтида мураббий, ундан ташқарида эса ўзини дўстингиз каби тутади. Мусобақаларда мураббий сифатида Илиадиснинг ўтириши ҳам жуда катта мотивация беради.

- Янглишмасам, Илиадиснинг ўзи ҳам спортчилик фаолиятида 90 ва 100 кгда татамига чиққан. Шу нуқтаи назардан унинг сиз билан ишлаши янада қулай бўлса керак. Эҳтимол, спарринг ҳам тушиб кўргандирсизлар. Шундай бўлса, у ҳали ҳам яхши формадами? :)
- Тўғри, у ҳам шу вазн тоифаларида курашган. Албатта, машғулотларда биргаликда кўп ишлаймиз. Барибир аввалги Илиадис бўлмаса ҳам, ёшига нисбатан жуда юқори жисмоний ҳолатга эга.

- Илиадис сизлар кутмаган, ноодатий қандай машғулотларни олиб кира олди?
- Куч ва жисмоний ҳолатга боғлиқ биз кутмаган машғулотлар жараёнини олиб кирди. Бунинг натижаси бизга жуда ҳам сезилмоқда. Карантин вақтида ҳам бизга кўрсатмалар бериб, жуда қаттиқ назорат қилди.У ўз ишига жуда масъулиятли инсон.

- Умуман олганда сиз ўзбек дзюдочиларидан кимларга ҳавас қилардингиз?
- Ришод ака Собировга ёшлигимдан ҳавас қилардим. У нафақат Ўзбекистонда, балки бутунжаҳон дзюдосининг афсонаси ҳисобланади.

- Фаолиятингизни фақат дзюдо билан боғлаганмисиз ёки вақти келиб, ММАда ҳам ўзингизни синаб кўришингиз мумкинми? Чунки, ММА оламида ҳам кўп дзюдо вакиллари ўз жангларини ўтказади. Қолаверса, бу яккакураш тури билан "партер"да яхши натижалар қайд этиш мумкин?
- Ҳозирча бутун диққат эътиборимни дзюдога қаратганман. Бош мақсадим Олимпиадада ижобий натижа қайд этиш. Фаолиятимни бошлаганимдан буён, оила билан доим бирга бўлишдан, дўстлар даврасида юришдан воз кечиб, шу Олимпиадага қадар бўлган босқични босиб ўтдик. Энди, Токиода ҳам ўзимизни кўрсатишимиз лозим. Шунинг учун бошқа спорт турларини ўйлаганимиз йўқ.

- Неча маротаба Ўзбекистон чемпиони бўлгансиз, умуман қайси турнирларда ғолиб ва совринли ўринларни қўлга киритгандингиз?
- Тўрт маротаба Ўзбекистон чемпиони бўлганман. Ҳиндистонда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида биринчи ўрин, Берлинда ўтган Германия очиқ кубогида биринчи ўрин, Бокуда ташкил этилган “Ислом бирдамлик ўйинлари”да учинчи ўрин, Осака катта дубулға турнирида иккинчи ўрин, Тошкент Гран-Присида биринчи ўрин, Дюсельдорф катта дубулға турнири ғолиблигини қўлга киритганман.

- 90 кг вазн тоифасида ўзбекистонлик яна қайси дзюдочиларни келажаги порлоқ дея эътироф этган бўлардингиз?
- Ўзимни яқин дўстларимдан бири Шермуҳаммад Жандриевни айтиб ўтишим мумкин. У келажакда жуда яхши натижалар қайд эта олишига ишонаман.

- Мазмунли суҳбат учун раҳмат. Ўйлаймизки, бизни Токиода ҳам хурсанд қила оласиз!
- Эътибор учун раҳмат. Бизни фаолиятимизга бефарқ бўлмаганларга ва қўллаб-қувватлаб турган халқимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Албатта, яхши натижалар билан уларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.

Аҳмадбек Эшматов

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистоннинг 2020 йилги энг яхши спортчиси Токио Олимпиадасига бора оладими?