
“Манчестер Юнайтед” ҳужумчиси Маркус Рэшфорд ESPN телеканалига берган қисқа, аммо қизиқарли интервьюсида футбол тарихидаги энг яхши ўйинчиларни аниқлади. Унинг жавоблари футбол жамоатчилигида катта муҳокамага сабаб бўлди.
Журналист ундан бир неча “блиц-савол”лар орқали турли позициялар бўйича тарихдаги энг кучли футболчиларни номлашни сўради. Рэшфорднинг жавоблари шундай бўлди:
— “Ҳужумни энг аъло якунловчи ўйинчи ким?”
— “Албатта, Роналду. Унинг ғалабага чанқоқлиги ва аниқ зарбалари тарихда қолган.”
— “Энг ишончли дарвозабон ким?”
— “Мен учун Буффон. У нафақат реакцияси, балки хислатлари билан ҳам буюк шахс.”
— “Энг яхши ҳимоячи деб кимни атар эдингиз?”
— “Малдини. Унинг майдондаги ўйин тафаккури ва лидерлик фазилатлари беқиёс.”
— “Энг яхши плеймейкер ким?”
— “Бу саволга жавоб оддий – Месси. Унинг паслари, дриблинги ва ўйинни ҳис этиши бошқача.”
— “Энг кучли дриблингчи?”
— “Роналдо Назарио. Унинг тезлиги ва техникаси ҳали ҳам кўпчилик учун идеал мезон.”
— “Энг харизматик футболчи?”
— “Златан Ибраҳимович. Унинг ўзини тутиши ва ишончли ҳаракатлари – ҳақиқий намуна.”
— “Ла Лига тарихидаги энг яхши ўйинчи ким?”
— “Месси. Унинг статистикаси, таъсири ва ўйин услуби бу лигада мутлақ афсонага айлантирган.”
— “Футбол тарихидаги энг яхши футболчи ким?”
— “Мен учун бу иккиликдан бирини танлаш жуда қийин. Месси ва Роналду — ҳар иккаласи ҳам бу спортни янги босқичга олиб чиқди. Уларсиз замонавий футболни тасаввур қилиб бўлмайди,” — деди Рэшфорд.
Айни пайтда “Барселона”да ижара асосида тўп суриб келаётган Рэшфорднинг бу баёноти мухлислар ўртасида қизғин муҳокамага сабаб бўлди. Айримлар унинг Мессига нисбатан кўпроқ муҳаббатини сезишса, бошқалар Рэшфорднинг иккисини ҳам тенг кўриши ҳақиқий профессионаллик деб баҳолашди.
Шу билан бирга, ёш ҳужумчининг таъкидлашича, у ўзини ҳали бу каби рўйхатларга қўшишга тайёр деб ҳисобламайди, чунки “тарихга кириш учун ҳали жуда кўп иш қилиш керак”.
Футболчилар орасида бу каби фикр билдиришлар кўп бўлган, аммо Рэшфорднинг жавоблари самимийлиги ва ҳурмат билан айтилгани унинг шахсий дунёқарашини яққол акс эттирди.