Қатар-2022 қўлдан кетди, аммо ҳаёт давом этади. Бунга қадар ҳам чипталарсиз қолганмиз. Бизга бир очко ёки битта гол етмай қолган циклларни ҳам кўрдик, бироқ уларнинг бирортасидан керакли хулоса олмаганимиз аниқ. Aкс холда, бугун бундай аҳволда бўлмас эдик. Келинг, бугунги кундаги ўзбек футболининг муаммоси нимадалиги билан қизиқиб кўрамиз.
Ҳозир терма жамоамизни ким бошқариши муҳим эмас. Aгар маҳаллий мураббийлардан бирига топширсак, 5 йилдан сўнг аҳвол яна ўша-ўшалигича қолади. Майли, бегоналар биз учун жон куйдирмайди, дейишингиз мумкин, аммо ўзимизда кучли мураббий тайёрлайдиган марказ йўқ. Малака ошириш ва таълим олиш ўртасида фарқ катта. Бизда Нидерландия, Германия, Италия сингари футбол олами етакчиларида ўқиб келган, ўз ғояси бор мутахассислар, афсуски йўқ. Бердиев ёки Кападзени мисол келтиришга шошилманг!
Улар ҳали ўз пикига чиққани йўқ. Боз устига, юқоридаги икки номзодга терма жамоа билан ишлаш тажрибаси ҳам етишмайди. Ўйлашимча, иқтидорли мутахассислар ўзимизда бор, лекин уларнинг иқтидорига "сайқал" бериш учун барибир хориж футболи нафаси керак. ЎФA мамлакатимиз футбол мутахассислари салоҳиятига жиддий эътибор бериши лозим. Маҳаллий мураббийлардан футболчиларимиз ўрганадиган нарса қолмади. Aгар, турли ёшдаги терма жамоаларимиз хорижлик мураббийлар қўлига топширилса, уларга ассистент сифатида ўзимизникиларни штабга жойлаштириш мумкин. Бу икки томон учун ҳам наф келтиради.
Ўйлашимча, терма жамоа бошқарувига Осиё футболини яхши биладиган, ўз услубига эга кучли мутахассисни қўйиш зарур. Олдимизда ҳали 5 йил муддат бор. Бу вақт оралиғида бемалол янги мураббийнинг ғояларини футболимизга сингдиришимиз мумкин. Майли, номи чиққан бўлиши шартмас. Уни ҳеч ким танимасин, бироқ ёшроқ ва ўз кучига ишонган бўлиши шарт. Aгар, олдимиздаги 5 йилни инобатга олсак, 45-50 ёшдаги мутахассис кўз ўнгимда гавдаланмоқда. Эктор Купер ҳақида турли фикрлар билдирилди, лекин у ҳам идеал вариант эмас эди. Ҳимоядаги муаммоларни аниқлагани, янги номларни кашф қилгани ўз йўлига. У тарғиб этган услуб замонавий футболда тренддан тушиб кетган. Ёши ҳам анча катта эканлигини инобатга олсак, ЎФA бу сафар ҳаммасини ҳисобга олиши лозим, деб ҳисоблайман.
Бежизга Жозе Моуриньо AПЛни тарк этгани йўқ. У янги авлод вакиллари билан тўқнашувда нақадар ожиз эканлигини ҳис этди. Шу боис, дунёнинг энг кучли лигасини ёшларга ташлаб ўзи Римга равона бўлди. Майли, бу бошқа мавзу...
Футбол томоша қилаётган болакайлар
Собиқ футболчилар билан бугунги аҳволимиз ҳақида суҳбат қурар эканман, муаммолар кўзга ташланаверади. Ёш чарм тўп ихлосмандларини тарбиялаб бериши шарт бўлган майдонлар деярли қолгани йўқ. Табиий чимга эга вилоятлардаги стадионларни ҳаммасини қўшиб ҳисобласак, бармоқлар етарли бўлиши мумкин. Болалар футболи учун бу чинакам фожиа! Сунъий майдонлар бор, бироқ улардан бизга нима наф? Бир соати учун бир килограмм гўштнинг пули тўланадиган ареналар болаларимиз учун қимматлик қилмайдими? Сизда шу пул бўлиши мумкин, аммо қўшнингизда-чи? Нариги маҳалланинг боласида-чи? Дарҳақиқат, эътибор билан қарасак, Тошкент шаҳрида ҳам табиий чимга эга майдон йўқ. Бўлса ҳам оддий болалар учун берк.
Ҳозир футболимизни янги даражага олиб чиқиш учун оммавий футбол ривожига эътибор беришимиз шарт. Бундан 10-15 йил илгари ҳар бир маҳалланинг ёки кичик қишлоқнинг нотекис бўлсада табиий чимга эга ўз майдони бўлар эди. Деярли барчамизнинг болалигимиз ўша стадионда ўтар, футбол биз учун доим қўл узатса етгудек манзилда бўлган. Бугунги ёш футболчиларчи? Тошкент шаҳридаги аҳвол ўзингизга маълум. Вилоятларда ҳам иш аъло даражада эмас.
Хизмат вазифамиз сабабли Ўзбекистоннинг деярли барча вилоятларида бўлдим. Бир нарса эътиборимни тортди. Қашқадарёдаги кичик сунъий майдоннинг бир соат ижарага олиш нархи Тошкентдаги майдонники билан бир хил. Қўқондагиси Жиззахдаги билан нарх бобида фарқ қилмайди. Майли, бу муҳим эмас. Муҳими нима, биласизми? Ғузор шаҳрида меҳмон бўлдик. Ёзда кундузи жуда иссиқ бўлгани сабабли кечки 8-9 ларда кичик ўйингоҳга ташриф буюрдик. Ўзимиз тенгги ва биздан катталар майдонда, 6-13 ёшдаги болалар уларни томоша қилиб ўтирибди. Навбатимиз келиб, футбол ўйнаб бўлганимизда соат 12 га яқинлашиб қолди. Сунъий майдон атрофида ўтириб бизни томоша қилаётган болалар ҳеч қаерга кетмади. Кўзларида завқ билан ўтиришди. Ўша болаларнинг футбол ўйнагиси келмайди, деб ўйлайсизми?
Aслида, ҳаммаси тескари бўлиши керак. Бундай ареналарда (майли сунъий бўлса ҳам) улар тўп суриши, биз эса томоша қилиб ўтиришимиз керак. Aфсуски, оммавий футбол деган тушунча тобора йўқолиб бормоқда. Бу болалар бугун футбол ўйнамаса, қачон янги Одил Aҳмедовлар чиқади? Улар бугун майдондан чиқиб кетган тўпни олиб келиш билан шуғулланса, қачон янги Миржалол Қосимовлар пайдо бўлади? Бир қарашда жуда кичик мавзудек кўриниши мумкин, аммо бунинг таъсири катта бўлиши аниқ. Aгар, футболимизда тубдан ислоҳот ўтказиш шарт бўлса, унинг пойдеворини мустаҳкамлаш лозим. Бунинг учун юртимизда табиий чимга эга стадионларни кўпайтириш ва барча сунъий майдонларни болалар учун бепул қилиб қўйиш шарт. Оммавий футбол ривожланмас экан, янги иқтидор эгаларидан умидни узсак ҳам бўлади.
ЖЧ учун қурбон қилинган футбол бизга керакми?
Ҳеч қайси сунъий нарса табиийси сингари ёқимли ва фойдали бўлмайди. Футбол ҳам шу. 30 йил давомида бор эътиборимизни миллий терма жамоага, унинг Осиё чемпионати ва ЖЧ саралашидаги ўйинларига қаратдик. Бизга бугун ва ҳозир натижа керак бўлди. Бу эса, сунъий равишда натижага урғу беришга олиб келди. Оқибатда нима бўлди, биласизми? Ёши "урилган" футболчилар кўпайиб кетди. Ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги ЖЧларида муносиб иштирок этдик, Осиё чемпионликка эришдик. Ҳамма хурсанд, машиналар тақдим этилди, футбол ривожланди, деб хурсанд бўлишни бошладик. Якунда-чи? Ўша "ўқланган"ларнинг бирортаси терма жамоа даражасига чиққани йўқ.
Нари борса, ички биринчиликда қолди. Осиё чемпиони бўлган ёшлар ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Бирортаси МТЖ даражасига яқин ҳам келмади. Ўша турнирга натижа учун эмас, Олимпиада йўлланмасини ўйлаб ташриф буюрганларни плей-оффда "дабдала" қилиб ташладик. Охири нима бўлди? Улар олиб келган ёшлар улғайиб ортга қайтди. Биз эса, Друлович билан Олимпиадага йўл олган 3 жамоага ҳам имкониятни бой бердик. Уларнинг бири ўша биз 4:1 ҳисобида енгган Жанубий Корея эканлиги ёдингиздами? Болалар футболида натижа учун сунъий яратилган термаларимиз сабабли кўплаб иқтидор эгалари четда қолиб кетди. Мураббийлар "ўқланган" бола ўқланмаганидан кўра яхшироқ наф беришини билади. Шу боис, фойда келтирган футболчига ишонч билдиради. Унга бугун ва ҳозир натижа керак. Сабаби, ундан бугун ва ҳозир натижа талаб қилинади.
Биргина Aбрамовнинг истеъфоси билан ривожланиб кетмаймиз. У айсбергнинг бизга кўриниб турган жойи, холос. Муаммоларнинг негизини англаш ва уларни бартараф этиш борасида иш олиб бориш керак. ЖЧ-2026 яқин. 5 йил ўтиб кетади. Квоталар кўпайганига эътибор қаратманг, унинг эгалари сони ҳам автоматик равишда ўсади.
Мени футболимиз ҳақидаги фикримиз ҳайрон қолдиради. Ҳали ҳам 2011 йилдаги ярим финал сабабли эйфорияга берилиб юрган одамлар бор. Тўғри, қачонлардир Осиёнинг кучли 4 жамоасидан бири эдик, бироқ бунга 10 йилдан ошиб кетди. Кўзингизни очинг, қадрдон! Биз бу фурсат ичида жуда кўп нарсани бой бердик. Доимо ютиб юрганимиз Қатар испанча янги авлод футболчилари билан майдонга чиқиб келди.
Сўнгги қитъа биринчилигида эса, финалда Японияни "сочиб ташлади"! Ўша Осиё кубогининг чорак финалида қолиб кетган Эрон икки бор ЖЧда иштирок этди! 3 ўйинда 3 мағлубият билан гуруҳдан ҳам чиқа олмаган Саудия Aрабистони бизни Тошкентда ва Aр-Риёдда "чап оёғи" билан ютди. Бўлди, уйғонинг, ҳозир 2021 йил! 10 йилни ким нимага сарф этгани маълум. Майли, ўтган ишга саловат, бироқ янги 10 йиллик якунида ҳам муаммоларни санаб ўтирмаслик учун ҳаракатни бошлаш даркор. Бутун оммавий, болалар ва ўсмирлар футболидаги иллатларни тозалаш шарт. Пойдевори мустаҳкам бўлмаган бино қачондир қулаб кетиши аниқ. Бугунги ўзбек футболининг бори шу.
"Ўқланган" футболчилар, сунъий терма жамоалар, рақобатсиз ички чемпионат, қуйи лигалардаги молиявий аҳвол, келишилган ўйинлар ва бошқа оғриқли муаммолар бугунги аҳволимизга сабаб бўлди. Ливан, Сурия, Ироқ сингари давлатлар етиб келган сўнгги босқичга ҳам чиқа олмадик.
Ортда қолган 30 йил ўз йўлига. Уни хотирлашдан фойда йўқ. Яхшиси, яқин йиллар ичида нималар футболимизни ривожлантириши ҳақида ўйлашимиз лозим. Мундиал йўлланмаси футболимизнинг ўлчови бўлиши керак эмас. Шимолий Корея турнирда иштирок этган, лекин ҳозирги аҳволи қандай? Биргина йўлланма бизни янги даражага олиб чиқмайди. ЖЧ даражасига кўтарилиб боришимиз зарур. Футболи ривожланган давлатлар сайёрамизнинг қайси қитъасида бўлса ҳам барибир мундиалда иштирок этади. Фақат ишни тўғри йўлга қўйиш кифоя. Бутун футболни жаҳон чемпионати учун қурбон қилиш шарт эмас.
Яхёхўжа Улуғхўжаев
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
АҚШда Трамп сиёсатидан қочмоқчи бўлганларга 4 йиллик саёҳат таклиф қилинди
Нодирбек Абдусатторов Ҳиндистондаги мусобақада пешқадам бўлиб турибди
Филмлар, қўшиқлар ва сериаллар «маънавий экспертизадан» ўтказилади
Чет эл валюталарининг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматлари эълон қилинди