
"Реал Мадрид" раҳбарияти ва жамоанинг етакчи ҳужумчиси Винисиус Жуниор ўртасида 2027 йил ёзида тугайдиган шартномани узайтириш борасидаги музокаралар якуний босқичга кирди. Томонлар ҳамкорликни давом эттиришни хоҳлаётгани туфайли жараён катта тезликда олға силжиди. AS нашри ёзишича, “қаймоқранглилар” 25 ёшли бразилияликни келгуси ўн йилликда клубни бошқариб борадиган асосий фигура сифатида кўраётгани ҳам сир эмас.
Манбаларга кўра, жаҳон чемпионатидан кейин томонлар ўртасида қисқа муддатли келишмовчилик юзага келган бўлса-да, охирги ҳафталарда барча масалалар тўлиқ ҳал этилган. Винисиус ҳам, клуб ҳам янги битим имзоланиши орқали миш-миш ва сохта хабараларга нуқта қўйилишига ишонади. Ушбу келишув орқали “Реал Мадрид” ҳам, футболчи ҳам спорт, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан барқарорликка эришишни кўзламоқда.
Винисиус 2018 йилдан буён “Қироллик клуби” сафида ҳаракат қилиб келмоқда ва шу қисқа вақт ичида жамоанинг энг муҳим фигураларидан бирига айланди. У барча мусобақаларда 338 та ўйинда иштирок этиб, 111 та гол урган ва 87 та голли узатма амалга оширган. Бугунги кунда “Трансфермаркт” маълумотномасига кўра, унинг баҳоси 150 миллион еврони ташкил қилади — бу эса уни жаҳондаги энг қиммат футболчилардан бирига айлантиради.
Винисиуснинг янги шартномаси жамоа тарихидаги энг муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланмоқда. Чунки “Реал Мадрид” ҳужум чизиғини яқин йилларда айнан унга ишониб топширмоқчи. Клубда у нафақат асосий ҳужумчи, балки бренд, дунё футболидаги юз ва келажаги деб кўрилади.
Янги шартнома эълон қилинса, бразилиялик юлдуз ва “қаймоқранглилар” учун мутлақ янги саҳифа очилади — барқарор, ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорлик бошланади. Мадридлик мухлислар ҳам шу хабарни кутиб турибди, чунки Винисиус бугунги жамоанинг руҳи, темпи ва ижодкорлик манбаи ҳисобланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.