3 172
"Болтадан шўрва пишира олмайман" ёхуд ўзини еттинчи осмонда ҳис қилаётган Андрей Шипилов бугун қандай иш билан банд?
Андрей Шипиловни яхши биласиз-а, у жорий мавсумнинг илк туридан кейиноқ “Металлург”ни тарк этганди. Унгача уч йилдан зиёд вақт давомида бекободликлар жамоасига бош мураббийлик қилиб келди.
Андрей Сергеевич Sports.uz мухбири билан мулоқотга киришишга розилик бергач, бугунги ҳаёти, мураббийлик касби, таклифлар, қачон ишга қайтиши, “Металлург”нинг натижалари ва яна бошқа мавзуларда очиқ фикр билдирди.
Шипилов ҳозир нима қиляпти?
- Бахтимга менда оилам учун кўпроқ вақт ажратиш имкони юзага келди. Бу ҳолат кутилмаганда юз берди. Аммо бўш пайтнинг кўплиги мен учун ҳақиқий бахтга айланди. Қувончдан ўзимни гўё еттинчи осмонда юргандек ҳис қиляпман. Менда мураббийлик ва ўйинчилик фаолиятим давомида оиламга ва фарзандларимга вақт ажратиш учун имкон жуда кам бўлган. Энди эса бўш вақтим етарли. Шу боис рафиқам ва уч нафар ўғлим билан турли мавзуларда ҳар куни бемалол гаплашиш имконига эга бўляпман.
Албатта, суҳбатимиз мавзуларида футболга жой йўқ. Чунки янги ҳис-туйғуларни туйиш ва бемалол нафас олишни истайман. Мен бунга ишонч ҳосил қилдим. Иш – ўз номи билан иш. Бироқ оила муқаддас. Илгари оилам фойдасига зид равишда кўп вақтимни фақат ишга қаратгандим. Ҳатто уйга келган чоғимда ҳам хаёлимда ишлар билан боғлиқ ўй-фикрлар ғужғон урарди. Энди ҳозир бундан афсусланяпман. Асосийси, шунда ҳам уйдагилар мени тушунишарди ва кечиришарди.
Ишсиз мураббий футболсиз зерикяптими?
- Албатта, ишсиз зерикиб қоляпман. Бу – менинг ҳаётим. 6 ёшимдан бери футболдаман. Ҳозир 44 ёшдан ўтдим. Ўтган вақт давомида фақат футбол билан яшадим. Лекин нафақат тана, балки қалбан ҳам киши дам олиши кераклигини тушуниб етдим. Боиси, футболдан ҳам ташқари ўзинг қизиқадиган ва шуғулланишни истайдиган нарсалар кўп. Ҳозир ўзимни буткул бўшаштирган ҳолда олдинги юклардан қутуляпман. Буни нормал ҳолат деб айтиш мумкин. Тўғри, футболдан бошқа иш билан шуғулланиш қўлимдан келмайди. Масалан, савдо-сотиқ қилиш. Аммо бу менинг ишим эмас.
У мураббийлик фаолиятига қачон қайтиши мумкин?
- Айтишим керакки, фаолиятимни қайта жонлантириш ниятим ҳам йўқ эмас. Бироқ ҳозир бу ҳақда тайинли гап айтишим амримаҳол. Боз устига яна кўплаб масалаларни ҳал қилишим керак. Ички туйғуларимни тартибга солиш вақт талаб қилади. Шу давр оралиғида босиб ўтган йўлимни обдон ўйлаб, хулоса чиқара олишдан умидворман. Мен ишсиз қолиб кетганим туфайли айримлар сингари ўзимни у эшикдан-бу эшикка урадиган одамлар тоифасига кирмайман. Менга бундай тарбия беришмаган. Ўзимнинг амал қиладиган тамойилларим бор. Буларнинг бариси ўзимники.
Шипиловнинг хизматига кўз тикаётганлар борми?
- Таъкидлашим жоизки, менда икки-учта таклиф бор эди. Лекин таклифни ўрганиш чоғида клуб раҳбарлари ўзимдан нимани истаётганларини сира тушунмадим. Улардан тайинли гапларни эшитганим йўқ. Раҳбарият мураббий олдига аниқ бир мақсад ва режаларни қўймоғи даркор. Ўзимни-ўзим алдаш билан шуғулланмоқчи эмасман. Биласизми, ҳозир чуқур мулоҳаза юритган ҳолда иш юритадиган одамлар камайиб кетган. Таъбир жоиз бўлса, болтадан шўрва пишира оладиган одам эмасман.
Ишсиз мураббий Суперлигани кузатиб боряптими?
- Ҳа, албатта, Суперлига ўйинларини кузатиб турибман. Баъзида уч-тўртта учрашувни тўғридан-тўғри стадионда томоша қилдим. “Олимпик”нинг ўйинини кўрдим. Менга шунингдек, “Локомотив” мураббийининг иши ҳам ёқмоқда. Терма жамоани кузатдим. Аммо бу хусусида бирор нарса дейишим амримаҳол. Биргина мураббий айни пайтда жисмонан ҳам бирор-бир мўъжизани юзага келтира олмаслиги тайин. Чемпионатимиз савияси пасайиб бормоқда. Бу менинг фикрим. Шундай ҳолатни кўриш ачинарли, албатта. Лекин ҳар доим хатоларни ўнглаш учун имкон бўлади.
Аравани қуруқ олиб қочишдан кўра аниқ бир иш билан шуғулланган маъқул. Бизда эса негадир амалда иш бўлмайди-ю ҳамма гап сотаверади. Барча кўргуликларимиз илдизи ҳам мана шунга бориб тақалади. Агар ҳар бир мураббий ўзини тўлалигича ишга бағишласа, олдинга силжиш кузатилган бўларди. Энг асосийси, мураббий ўз ишини яхши кўрмоғи даркор. Шунда у бирор нарсани ўзгартира олади. Ақллилик қилиш эса ҳамманинг қўлидан келади.
Андрей Сергеевични собиқ жамоасининг ғалабасиз серияси ҳақидаги фикри қандай?
- “Металлург”га келсак, унинг иштирокидаги ўйинларни кузатиб боряпман. Иккита учрашувни бевосита стадионда томоша қилдим. Қолганларини эса телевизор орқали кўрдим. Ўзимиз тарбиялаган ёшларни кузатяпман. Ахир биз уларни уч йил давомида тайёрлагандик. Аброр Тошқўзиев, Одил Абдумажидов, Шаҳзод Ғофурбеков, Владимир Вагин...Шулар жумласидан. Ҳаммаси йигитлар. Ҳа, сиз ҳақсиз ғалабасиз серия давом этяпти. Бироқ ҳозир у ерда мен ишламаяпман. Раҳбарлар, мураббийлар штаби бор. Улар вазиятни ўнглаш учун нима қилиш кераклигини билишади.
У “Пахтакор”нинг яна чемпион бўлишига шубҳа қилмайди
- Бу йили ҳам “Пахтакор” яққол устунлик қилмоқда. Бу жамоада катта баланс бор. Таркибда ёшлар ва тажрибали футболчилар қоришмаси юзага келган. Бир сўз билан айтганда, “Пахтакор” – шаклланган клуб. Диёр Холматов, Аброр Исмоилов, Ҳожимат Эркинов каби футболчиларнинг ўйини кишига қувонч бағишлайди. Ўйлайманки, “пахтакор”чилар яқин бир нечта тур оралиғида чемпионлик масаласини ижобий ҳал қиладилар. Обьектив томондан олиб қараганда ҳам улар жуда кучли. Бу эса биринчи навбатда мураббийлар штаби вакиллари ишни тўғри олиб бораётганлари билан боғлиқ.
Суперлигани тарк этиши мумкин бўлга клублар ҳақидаги мулоҳазаси
- Суперлигани қайси клублар тарк этишади, деган саволга келсак, 10-14-ўринларни банд этиб турган клублардир. Табиийки, ўша жамоалар охиригача астойдил курашадилар. 17-18-19 ва 20-турлардан сўнг, кучлилар сафини қайси жамоалар тарк этиши ойдинлашиб қолади.
Сречко Катанец хусусида мутахассисимиз қандай фикрда?
- Терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанец. У ўз вақтида кучли ўйинчи, сўнгра кучли мураббий сифатида танилган. Қолаверса, Катанецда Осиёдаги ўйинлар борасида тажриба бор. Чунки мутахассис бизнинг минтақада жуда кўп ишлаган. Катанец бошчилигида олиб борилган дастлабки машғулотлар ва унинг берган илк интервьюсидаёқ терма жамоа бундан кейин қандай ўйин кўрсатиши борасида менда ўзига хос тасаввур юзага келди. Терма жамоамиз Катанец қўл остида жисмоний тайёргарлик атлетизмга таянган ҳолда тўп суради.
Шунингдек, қатъий ўйин интизомига амал қилади. Мен бунга машғулот жараёнини кузатиш асносида амин бўлдим. Унинг илк машғулоти жуда қизиқарли кечди. Аммо, маълумки, ҳаммани биринчи навбатда натижа қизиқтиради. Натижа бўлиши учун эса бош мураббийга халақит бермасдан ишлашига имкон яратиш даркор. Шунда кутилган натижа юзага келади. Лекин, шуниси аниқки, кутилган натижани қайд этиш ўта машаққатли бўлади. Бунинг учун энг асосийси, ўйинчилар бир ёқадан бош чиқаришлари керак. Футболчилар мураббийнинг барча талабларини бажарсаларгина натижа кутилган даражада бўлади. Агар иш шу аснода йўлга қўйилса ҳаммаси яхши бўлишига аминман.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
НАТО собиқ қўмондони: “Путин Украинанинг тахминан 20 фоизини қўлга киритади”
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
Украина ҚК бош қўмондони: “Фронтдаги вазият мураккаб ва кескинлашиши мумкин”
Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
Россия Курск вилоятидаги ҳудудларини қайтариб олишга 50 минг ҳарбий тўплади
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди