
Ла Лиганинг 14-турида “Жирона” билан 1:1 ҳисобидаги кескин баҳс ортидан “Реал Мадрид” бош мураббийи Хаби Алонсо жамоанинг ўйини ва мавсумдаги ҳолати ҳақида фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, жамоа айрим ўйинларда ўзининг одатий даражасида ҳаракат қилмаётгани жиддий эътиборга муҳтож.
Алонсонинг таъкидлашича, мавсум давомида жамоалар турли босқичларни бошдан кечиради. Мадридликлар мавсумнинг илк қисмида сафарда анча ишончли ўйин кўрсатган бўлса, охирги учрашувларда бу барқарорлик йўқолган.
«Бугун иккинчи бўлимда анча фаол ўйнадик. Ҳисобни тенглаштирдик, иккинчи гол учун ҳам уч-тўртта аниқ вазият яратдик. Бироқ “Реал” ўз олдига қўйган юқори стандартларга мос ўйнаш — биз учун асосий вазифа», — деди мураббий.
У жамоанинг руҳий тайёргарлиги ва жамоавий реакциясини ҳам алоҳида таъкидлади. Голдан кейин футболчиларнинг характери, бирдамликда ҳаракат қилишга интилиши ва ғалаба қайтиши учун кураши мураббийни қониқтирган.
Шу билан бирга, Алонсо жамоа ўйин давомида узоқ вақт устунликни қўлга кирита олмаганини тан олди:
«Нима учун бундай бўлганини чуқур таҳлил қилишимиз керак. Сафарда ғалаба қайтариш истаги бизда бор, лекин баъзи деталлар ўйинга таъсир қилмоқда. Мавсум узун, одатий темпни тиклашимиз шарт».
Мадридликлар навбатдаги турларда лидерлик учун курашда ўз мавқеини мустаҳкамлашни мақсад қилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.