
Амирсой тоғ чанғи курорти мавсумий абонемент эгалари Андоррадаги Grandvalira Resorts тармоғига кирувчи Европа тоғ курортларида беш кун давомида бепул чанғида учиш имкониятига эга бўлишади. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтган TITF-2025 форуми доирасида Евроосиё тоғ курортлари иттифоқи (ЕАГК) котиби Андрей Кукушкин маълум қилди.
Мазкур имконият ЕАГК таркибидаги бошқа курортлар, жумладан, Озарбайжоннинг "Шаҳдаг", Россиянинг "Роза Хутор", Қозоғистоннинг "Шимбулак" ва "Ой-Қарағай" курортларининг мавсумий абонемент эгалари учун ҳам амал қилади. Бундан ташқари, Андоррадаги курортларнинг чанғичилари ҳам Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон ва Россия курортларида бепул учиш имкониятига эга бўлишади.
Дастур иштирокчиларига мавсумий абонементларни алмаштириш жараёнида кассага бориш ёки навбатда туриш шарт эмас. Улар ўзларининг пластик карталари орқали бепул кириш ҳуқуқига эга бўлишади.
Техник ечимлар Axess компаниясининг ягона ўтиш тизими орқали мувофиқлаштирилади. Шунингдек, ЕАГК таркибидаги курортларнинг мавсумий абонемент эгалари янги мавсумда альянсга кирувчи исталган курортда бепул дам олиш имкониятига эга бўлишади, агар улар ушбу курорт томонидан тавсия этилган меҳмонхоналарда истиқомат қилсалар.
Масалан, Озарбайжоннинг "Шаҳдаг" курорти мавсумий абонемент эгаси "Амирсой" курортида қанча кун меҳмонхоналарда истиқомат қилса, шунча кун давомида бепул дам олиши мумкин. ЕАГК бундай дастурни мавсумий абонемент эгалари орасида бошқа курортларга саёҳат қилишни рағбатлантиради ва халқаро туристик йўналишларнинг ривожланишига туртки беради, деб ҳисобламоқда.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.