
Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонасида Лвив ва Украина ғарбий ҳудудларининг етакчи тадбиркорлари билан муҳим учрашув ўтказилди. Мулоқот давомида маҳаллий бизнес элиталари Ўзбекистон бозорига инвестиция киритиш, қўшма лойиҳалар йўлга қўйиш ва савдо-иқтисодий шерикликни кенгайтиришга кучли қизиқиш билдиргани таъкидланди.
“Дунё” АА маълумотига кўра, учрашув U Win Business Club уюшмаси аъзолари иштирокида элчихона қошида ташкил этилди. Бу клуб Украина ғарбий қисмидаги Лвив, Тернопил, Волин ва Ивано-Франкивск вилоятларининг йирик тадбиркорларини бирлаштирган нуфузли бизнес платформаси ҳисобланади.
Музокаралар чоғида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янада мустаҳкамлаш, инвестициявий ҳамкорликни жонлантириш ҳамда Ўзбекистонда ўзаро манфаатли ташаббусларни амалга ошириш имкониятлари батафсил муҳокама қилинди.
Учрашувда Три слони, Гора, Development West Group, Виденська кава, Shoco, Laluce, Daily Dose, Amway, Citadel Inn, Budmall, Biscotti, Сollar Energy, TOPHIM каби йирик компанияларнинг раҳбарлари ҳам онлайн, ҳам офлайн тарзда иштирок этиб, Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича ўз таклифларини билдирди. Улар текстиль, логистика, қаҳва индустрияси, тикланувчи энергия, консалтинг, ритейл ва қишлоқ хўжалиги каби йўналишларда қатор амалиётга татбиқ этиладиган лойиҳаларни тақдим қилди.
Ўзбекистон дипломатлари эса тадбиркорларни қизиқтирган барча саволларга жавоб қайтариб, мамлакатда хорижий инвесторлар учун яратилган имтиёзлар, солиқ енгилликлари, маъмурий қулайликлар ва эркин иқтисодий зоналар имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, IT, логистика, савдо платформалари ва саноат кооперациясидаги истиқболли йўналишлар ҳам тақдим этилди.
Украиналик бизнес вакиллари ўз навбатида Ўзбекистон компаниялари билан савдо алоқаларини йўлга қўйиш, ҳамкорликда инвест лойиҳаларни амалга ошириш ва янги қўшма корхоналар ташкил этиш бўйича бир қатор ташаббусларни илгари сурди.

Тадбир якунида икки томон ҳам учрашувнинг аҳамиятини юқори баҳолаб, Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги иқтисодий шерикликни янада кучайтириш, янги имкониятларни излаш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.