22:44 / 09.11.2021
2 709

"Пахтакор" айрим ўйинчилар билан хайрлашади...Хюистра қоладими, Черан-чи?

"Пахтакор" айрим ўйинчилар билан хайрлашади...Хюистра қоладими, Черан-чи?
“Пахтакор” Ўзбекистоннинг 14 карра чемпионига айланди. Кутилганидек, бу йил ҳам клуб чемпионлик камарини ўзида муносиб ҳимоя қила олди ва муддатидан аввал чемпионликни расмийлаштириб қўйди.

Шу боис жамоа энди бемалол янги мавсум учун режалар устида бош қотиряпти. Бу борада клуб спорт директори Жаъфар Ирисметов билан мулоқот айни муддао бўларди.

Шуни инобатга олган Sports.uz мухбири айни пайтда Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб турган мутахассис билан боғланди. Ирисметов аввало бу йилги чемпионлик ҳақида гапирди.

- 15 очкога ўтиб кетганимизда энди чемпион бўлдик деб ўйлагандим, - дея гап бошлади, Жаъфар Ирисметов. - Лекин унгақа эмас экан. Кетма-кет сафарда уч марта ютқазиб қўйганимиз анча билинди. Чемпион бўлиш осон, уни ушлаб қолиш қийин дейишади. Барибир бу йил қийинроқ бўлди. Биринчи даврада ҳаммадан 9 очкога ўтиб кетганимиз фойда берди. Иккинчи даврада муаммоларимиз яққол кўринди. Таркибимизни янада кучайтиришимиз кераклиги билиниб қолди. Яна чемпион бўлишни хоҳласак, кейинги йили таркибимизни янада кучайтиришимиз керак, деб ўйлайман. Кримец жароҳат олди ва яна айрим йигитлар қизил карточка олганида уларнинг ўрнини муносиб босадиган футболчиларга қийналдик. Ҳа, ёшлар бор, аммо уларни ҳали барқарор ўйнашига вақт керак.

“Пахтакор”нинг “Сурхон”га қарши ўйинидан кейин чемпионлик байрами кенг нишонланди. Тошкент шаҳар ҳокими, клубга бевосита бош-қош бўлиб келаётган Жаҳонгир Ортиқхўжаев сўзга чиқиб, келаси йили жамоани ёшартириш ишлари олиб борилишини алоҳида таъкидлади. Чиндан ҳам шундай бўладими? Спорт директори жавоб берди:

- Тўғри, Жаҳонгир Обидович таркибни ёшартирамиз деди. Бу йил ҳам кўрган бўлсангиз, анча ёшларни қўшдик, таркибга. Авлодлар алмашинувини аста-секин бажарамиз. Бирданига ҳаммани ёшартириб юбориш ҳам нотўғри бўлади. Мавсум охирида айрим ўйинчиларимиз билан хайрлашамиз. Ёшартирамиз деганда жамоани 100 фоизга ёшартириб юбормаймиз. Албатта, Жаҳонгир Обидович нима десалар, шунга қараб иш тутамиз. Аммо футболда бирдан ёшартириб юбориш яхши натижага олиб келмайди. Бизда яхши-яхши ёшларимиз бор. Бундан ҳам кучли “Пахтакор”ни шакллантиришга ҳаракат қиламиз. 2-3 йил ичида ёш ва зўр жамоани кўрамиз. Ҳозир ҳам жамоамиз яхши. Ҳар бир футболчилар танлаб олинган. Энди ёшларни қўшиб кучлироқ жамоа тузишга вақт келди.

Бош мураббий масаласи ҳам бизни қизиқтираётгани рост. Клуб Питер Хюистра билан келаси йилга ҳам ҳамкорликни давом эттирадими ёки...
- Хюистра масаласида раҳбарият нима деса шу. Умуман олганда, Питер ёмон ишлагани йўқ. У ёғи раҳбариятга боғлиқ, - дейди Ирисметов.

Таркибда яна бироз ўзгаришлар бўлиши катта эҳтимол. “Пахтакор” селекцияда қандай ишларни олиб бориши барчамиз учун қизиқ. Етакчилар, айтайлик, Драган Черан сақлаб қолинадими? Бу борада спорт директори қуйидагича муносабат билдирди.

- Ўйнаб турган футболчилардан униси ёки буниси кетади, деб айтиш нотўғри. Мавсум тугайверсин-чи, ҳозирча ким кетиши аниқ эмас. Масалан, Черан билан яна бир йиллик шартномамиз бор. У катта эҳтимол билан жамоада қолади. Бошқаларга келсак, йилни охирида кўрамиз. Барча ўйинчилар билан бирма-бир суҳбатлашамиз. Кейин барча масалага ойдинлик киритамиз. Мураббийга кўп нарса боғлиқ. Яъни, у кимни хоҳлайди, бу ҳам муҳим. Шу боис биринчи ўринда мураббий билан шартнома имзолаш керак. Ундан кейин футболчилар бўйича гаплашса бўлади. Спорт директори сифатида айтишим мумкинки, ёшларимиз билан шартномаларни янгилаб қўйяпмиз. Шартномаси тугаётган футболчилар билан мураббийни аниқлаштирганимиздан кейин гаплашамиз.

Жаҳонгир Обидович кўпроқ академиямиздаги болаларга таянамиз деб айтиб ўтди. Менимча, бошқа клублардан ўйинчиларни олмасак керак. Барибир ҳар қандай ҳолатда ҳам икки-учта тажрибалироқ футболчилар керак бўлади. Бу борада музокаралар олиб боряпмиз. Балки ўша йигитларни кейинги йил “Пахтакор”да кўришимиз мумкин. 70-80 фоиз академиямиз тарбияланувчиларига таянган ҳолда ишлаймиз. Ўйлашимча, захирамиз ёмон эмас. Бу йил ўринбосарлардан чиққан ёшларимиз анча ўсди. Биздаги тайёр ёшларнинг кўпи “Олимпик” жамоасига ўтиб кетишган. Бу йил кўп яхши ёшларимиз чиқди. Уларни номма-ном айтсам, эртага харидорлари кўпайиб кетиши мумкин. Стратегиямиз шундай бўляптики, кўпроқ академиядаги йигитларга эътиборни оширамиз ва келажакда “Пахтакор”нинг асосий таркибидаги 90 фоиз футболчилар ўзимиздан чиққан ёшлар бўлиши керак. Топ-футболчиларни олиб, академиямиздаги ўйинчиларга кўпроқ таянган ҳолда иш кўрмоқчимиз.

“Пахтакор”да 4,5 – 5 йилдан бери ишлаётган бўлсам, ўтган вақт давомида катта ютуқларга эришдик. Клуб ҳар тарафлама ўсди. “Пахтакор”ни Ўзбекистоннинг юзи ва фахри деса ҳам бўлади. Клуб ҳар доим терма жамоаларга ўйинчиларни етказиб берган. Асосий мақсадимиз ҳам шу. Ҳозирданоқ бутун таркибни фақатгина академия тарбияланувчиларидан тузиш ҳам қийин. Боя айтганимдек, барибир тажрибалироқ ўйинчилар олинади. Келаси йили ёшроқ “Пахтакор”ни кўрамиз. Жамоамизни қўллаб-қувватлаб келаётган мухлисларимизга катта раҳмат. Уларни бизга анча ёрдами тегди. Футболни ишқибозлар учун ўйнаймиз. Худо хоҳласа, кейинги йили ҳам мухлисларимизни уялтирмаймиз
.

Шу билан бирга клуб янги мавсум учун тайёргарлик режаларини ҳам ишлаб чиқяпти. Мақоламиз аввалида Ирисметовни Анталияда эканлигига бежизга тўхталмадик. Қолганини ўзидан эшитамиз.

- Айни пайтда хориж сафаридаман. Техник директоримиз Собир ака Ходиев билан бир ой олдин Дубайга бориб келгандик. У ерда ўқув-йиғин машғулотлари учун жой гаплашиб келдик. Энди эса Туркиянинг Анталия шаҳридамиз. Бу ерда ҳам шароитлар билан танишиш, кимлар билан ўйнаймиз, қаерда шуғулланамиз, шу каби масалаларни ҳал қилгани келдик. Худо хоҳласа, янги мавсумда хорижда йиғин ўтказиш ниятимиз бор.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Пахтакор" айрим ўйинчилар билан хайрлашади...Хюистра қоладими, Черан-чи?