10:16 / 24.07.2022
1 945

Японияда экологик тоза энергиянинг битмас-туганмас манбайини топишди

Японияда экологик тоза энергиянинг битмас-туганмас манбайини топишди
Фото: Anastasia Taioglou / Unsplash
Қайта тикланадиган энергиядан фойдаланиш бутун дунё бўйлаб ривожланиб бораётган бир пайтда, Япония шамол ёки қуёшга таянмасдан, деярли чексиз энергия оқимини таъминлайдиган тизимни синовдан ўтказди.

Сувости электр генератори қандай ишлайди

Япониялик олимлар томонидан ишлаб чиқилган тизимда океан тубига турбина ўрнатилади. Денгиз тубида тезлиги ва йўналиши жуда кам ўзгарадиган барқарор оқимлар бор. Турбина улардан электр энергияси ишлаб чиқаради.

«Кайрю» турбинаси Япониянинг оғир машинасозлик соҳаси вакили IHI корпорацияси томонидан қурилган. Уни синаш ва ишлаб чиқариш учун 10 йил вақт сарфланган. 2022 йилнинг феврал ойида IHI Япониянинг жануби-ғарбий акваториясида уч ярим йиллик синовларни муваффақиятли якунлади.

Улкан «Кайрю» турбинаси самолётни эслатади. У иккита 10 метрлик қарама-қарши йўналишда айланадиган парракли турбина ва сузишни бошқариш тизимини ўз ичига олган марказий корпус блокидан иборат. Қарама-қарши йўналишда айланадиган парраклар генераторни сув остида барқарор ушлаб туриш имконини беради.

Синовлар нимани кўрсатди

Синовлар Япониянинг жануби-шарқий соҳилларидаги илиқ Куросио оқимида ўтказилди. 330 тонналик ускуна 30-50 метр чуқурликка ўрнатилди. Генератор океан оқимининг тезлигига мос равишда турбина парракларини эгилиш бурчагини ўзгартирадиган механизмни ўз ичига олади. Бу эса тизимга энергияни иложи борича самарали ишлаб чиқариш имконини беради.

Тизимга техник хизмат кўрсатиш керак бўлганда, операторлар уни сув остидан кўтариш имконига эга эди. Бу техник ходимларга қулайлик туғдирди.

Энди узоқ муддатли режа – дунёдаги энг кучли океан оқимларидан бири бўлган Куросиода бир неча турбина ўрнатиш ва сувости кабеллари орқали электр қувватини узатиш.

Ривожланиш истиқболлари қандай?

Турбинани ишлаб чиқарган компаниянинг маълум қилишича, синовлар натижасида электр энергиясини ишлаб чиқариш учун сувости оқимларидан кўпроқ фойдаланиш имкониятлари борлиги аниқланди.

Сувости оқимларидан электр энергияси ишлаб чиқарувчи сузувчи турбиналар келажакда электр энергиясини анъанавий тарзда олиш қийин бўлган олис ороллар учун арзон энергия манбайи бўлиб хизмат қилиши мумкин. Шунингдек, Япониянинг катта оролларини қувват билан таъминлаши кутилмоқда.

«Кайрю» биринчи сувости турбинаси бўлса-да, Японияда океаннинг энергия сақлаш ва ишлаб чиқариш имкониятларига қизиқиш кескин ошди. Ҳисоб-китобларга кўра, агар Куросио оқимининг барча имкониятларидан фойдаланилса, у Японияни электр энергияси билан тўлиқ таъминлаши мумкин. Куросио кенглиги 100 километргача бўлгани сабабли, кенг кўламли электр ишлаб чиқариш фермасини яратиш учун унга кўплаб генераторлар ўрнатилиши мумкин.

Ҳозирги вақтда шамол ва қуёш энергияси ускуналари, шунингдек, батареялар нархи пасайишда давом этар экан, IHI ҳам ушбу лойиҳани иқтисодий жиҳатдан рақобатбардош эканини кўрсатиши керак.

Компания ҳисоб-китобига кўра, океан оқимидан олинадиган энергиянинг ҳар бир киловатт-соати учун тахминан 20 иена (8 доллардан сал кўпроқ) сарфланади. Таққосланса, қуёш энергиясиники 17 иена, шамол энергиясиники 12-16 иена. Бироқ, қуёш ва шамол энергиясидан фарқли ўлароқ, сувости оқими доимий ва барқарордир. Бу эса келажакда Япония энергия эҳтиёжларининг жуда муҳим қисмига айланиши мумкинлигини англатади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Японияда экологик тоза энергиянинг битмас-туганмас манбайини топишди