TikTok яқин орада 18 ёшгача бўлган ҳар бир фойдаланувчи аккаунтида кун давомида 60 дақиқалик фойдаланиш вақти чеклови ўрнатилишини эълон қилди. AP хабарига кўра, бу ўзгариш ёшлар орасида ўта машҳур мобил иловадан фойдаланишга муккасидан кетиш ҳолатлари ошаётган ва у билан боғлиқ хавотирлар кучайиб бораётган бир даврга тўғри келмоқда.
Янгилик, шунингдек, TikTok эгаси ByteDance компанияси жойлашган Хитойда вояга етмаганларга нисбатан қўлланиладиган ўйин қоидаларини ҳам акс эттиради. 2021 йилда Хитой ҳукумати интернетга қарамликни чеклаш мақсадида вояга етмаганларнинг кунига атиги бир соат ва фақат жума, дам олиш кунлари ва байрам кунларида онлайн ўйин ўйнашга рухсат берувчи қоидаларни жорий қилган эди.
Қўшма Штатларда ҳам оилалар фарзандларининг Хитойга тегишли видео алмашиш иловасида ўтказадиган вақти ошиб бораётгани билан боғлиқ муаммога дуч келмоқда. Pew Research Center маълумотларига кўра, америкалик ўсмирларнинг учдан икки қисми TikTok иловасидан фойдаланади.
TikTok платформасининг ишонч ва хавфсизлик бўлими бошлиғи Кормак Кинан ўз блогида чекловларнинг хусусияти қандай бўлишини тушунтирди.
Унинг сўзларига кўра, 60 дақиқалик чеклов муддати тугагандан сўнг, вояга етмаган фойдаланувчига иловадан фойдаланиш учун калит сўзни киритиш сўралади. 13 ёшдан кичик бўлган болаларга ота-онаси ёки васий томонидан калит сўз ўрнатилиши мумкин. Ана шу калит сўз киритлганидан сўнг, иловадан яна қўшимча 30 дақиқа фойдаланиш мумкин бўлади.
TikTok 60 дақиқалик чегарани академик тадқиқотлар ва Бостон болалар шифохонасининг Digital Wellness Lab экспертлари билан маслаҳатлашган ҳолда белгилаганини айтмоқда.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг