00:06 / 27.04.2023
263

«Келажак автомобили» — бир нусхада яратилган Phantom Corsair ҳақида (фото)

Кўриниши жиҳатдан кўпчиликни ҳайратда қолдира олган ушбу автомобиль Раст Ҳайнс хоҳиши билан атиги 1 нусхада яратилган. Раст Америкадаги энг йирик озиқ-овқат ишлаб чиқарувчиларидан бири — Heinz меросхўрларидан эди. Айнан у Phantom Corsair’нинг концепти ва дизайнини ўйлаб топган. Шу билан бирга у автомобиль яратилиш жараёнининг барча босқичида шахсан иштирок этади. Машина 1938 йилда оммага тақдим этилади. Бу кўпчилик учун «келажак автомобили» эди.

Phantom Corsair’нинг яратилиши ўзига хос тарихга эга. Унинг яратувчиси Раст Ҳайнс эса ҳеч қачон тартибли шахс бўлмаган. Ишларини хоҳишларидан келиб чиқиб бажарган. Хусусан, у 22 ёшида нуфузли Йел университетидаги ўқишини ташлаб кетади ва уйига қайтади.

 Оиласининг кутилмаларидан фарқли ўлароқ, Раст кетчуп ва майонез ишлаб чиқаришга умуман қизиқиш билдирмайди. Йигит дизайн билан шуғулланишни бошлайди. Раст ўзига Cоrd 810/812 автомобилини сотиб олади ва уни қандайдир ўзгача кўринишга келтиришни истайди.

Бой оиланинг меҳнатдан йироқ меросхўри бу жараёнга шу даражада қизиқиб қоладики, кўп вақтини китоблар ва чизмалар билан ўтказишни бошлайди. Бу изланишлар кўп ўтмай унинг қўлида Америка автомобиль саноатига буткул нотаниш бўлган ўзига хос лойиҳа сифатида намоён бўлади.

Раст орзусидаги автомобиль дунёга келишини амалга ошириш учун Пасадина шаҳридаги (Калифорния штати) кузов ательеси — Bohman&Schwartz’га мурожаат қилади. Бир нечта синовлар ўтказилади, хатолар қилинади. Шундан сўнг фастбэк кўринишидаги тўлиқ алюминли кузов тайёр бўлади. Автомобиль оптимал тезлик хусусиятларига эга бўлиши учун кузов аэродинамик синовлардан ўтказилади.

Синов натижаларидан келиб чиқиб, сўнгги муҳим ўзгаришлардан бири киритилади. Суйриликни ошириш учун олд ғилдиракларни яширишга қарор қилишади. Кузов тўлиқ қўлда яратилган, олд ва орқа чироқлар ҳам махсус буюртма билан ясатилади. Хром билан қопланган бамперлар кузовга ўзгача ечим билан ўрнатилади — улар инновацион телескопик мосламага маҳкамланади.

Автомобиль салони прототипига 6 киши жойлашиши мумкин эди. Олди қаторга 2 киши, ортки ўриндиққа эса 4 киши. Лимузиннинг эшиклари электрон қулфлар билан жиҳозланади — бир марта босиш билан эшикларни автомат очиш мумкин бўлади. Ойналарга бироз яшил тус берилади.

Бошқарув панели ҳатто ўта тажрибали ҳайдовчини ҳам даҳшатга соларди. Конструкторлар бошқарув панелини худди самолётники каби қилиб ишлаб чиқишади — унда турли хил индикаторлар, ўчириб-ёқиш тугмалари бор эди. Бундан ташқари ҳайдовчи ва йўловчи хавфсизлигига ҳам жуда катта эътибор қаратилганди. Йўл транспорт ҳодисаси бўлганда автомобиль кузови бор зарба ва зарарни ўзига олиши ҳисобга олинганди.

Ўз даври учун автомобиль яхшигина оғирликка эга эди — 2086 кг. Бироқ 4,7 литр ҳажмга эга V8 двигатели учун бунинг аҳамияти йўқ эди. Автомобилнинг олд ғилдираклари тортар, механиклар двигателни 193 от кучини бериши учун яхшигина меҳнат қилганди. У 4 поғонали узатмалар қутиси билан жиҳозланади. Машина соатига 185 км тезликда ҳаракатланиши мумкин эди. Бу ХХ асрнинг 30-йиллари учун жуда ва жуда яхши натижа эди. Келажак автомобиль Раст учун ўша вақт учун катта мағлағ — 24 минг долларга тушади.

Янги ечимларга қарамай машинада камчиликлар ҳам кўп эди. Жумладан, радиатор панжараси дизайн учун қурбон қилингани сабабли жуда кичкина кўринишда ишланганди. Бунинг оқибатида двигател тез фурсатларда қизиб кетади. Олд ва орқа ойналарда кўриш қулайлиги ҳам яхши ҳисобга олинмаганди.

Рост Ҳайнс Phantom Corsair’нинг серияли ишлаб чиқарилишини хоҳларди. У машинани 15 минг доллардан харидорларга таклиф этиш истагида бўлган. Автомобиль ҳатто Esquire журналида пайдо бўлади. 1939 йилдаги Бутунжаҳон кўргазмасида «Келажак автомобили» сифатида оммага тақдим этилади.

Бироқ бахтга қарши Ростнинг орзуси тўла амалга ошмайди. Боиси йигит автоҳалокат оқибатида вафот этади. Унинг авлодлари эса машинани керакмас деб ҳисоблайди. Phantom Corsair’нинг ягона нусхаси 50-йиллар ўрталарида комик Ҳерб Шрайнер томонидан сотиб олинади. Орада машинага бироз ўзгартиришлар киритилади, масалан, атрофни кўриш имкониятини яхшилаш учун икки қаватли ойналардан воз кечилади. Кейин автомобиль эгаси яна ўзгаради. Айни дамда ушбу «келажак автомобили» Невададаги Миллий автомобиль музейида сақланади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » «Келажак автомобили» — бир нусхада яратилган Phantom Corsair ҳақида (фото)