
Буюк Британияда янги ва баҳсли дастур ишга туширилди — у инсонлар шахсий маълумотлари асосида келажакда қотиллик содир этиш эҳтимоли бор шахсларни аниқлашга қаратилган. The Guardian’нинг ёзишича, мазкур ташаббусга собиқ бош вазир Риши Сунак даврида асос солинган.
Қотилликни башорат қилувчи алгоритмлар?
Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилаётган мазкур лойиҳа шахсларнинг паспорт маълумотлари, соғлиғи, қўлга олинган ҳолатлари, жиноий ишдаги иштироки, хатти-ҳаракати, қурол сақлаш тажрибаси, ҳатто ўзини шикастлаган ҳолатларини таҳлил қилади. Шунингдек, полициядан ёрдам сўраган жабрланувчилар ҳақидаги маълумотлар ҳам алгоритмга киритилади.
Яъни, маълум сабабларга кўра ҳуқуқ-тартибот органлари эътиборига тушган шахслар махсус тизим томонидан таҳлил қилинади ва уларнинг қотиллик содир этиш эҳтимоли баҳоланади.
Фуқаролар хавфсизлиги ёки шахсий ҳаёт дахлсизлигига тажовуз?
Британия Адлия вазирлиги ушбу дастурни илмий тадқиқот мақсадида ишга туширилаётганини ва у орқали фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ният қилинганини таъкидламоқда.
Бироқ инсон ҳуқуқлари фаоллари бу ташаббусни «қўрқинчли» ва ишончсиз деб баҳоламоқда. Statewatch ташкилоти ушбу дастур тўғрисида ахборот эркинлиги қонунига асосланган сўров ҳам юборган. Мутахассислар бу каби лойиҳалар аввал ҳам жорий қилинганини, лекин улар ирқий, ижтимоий ва молиявий камситишларни кучайтирганини эслаб ўтишмоқда.
Хавотирларга асос борми?
Алгоритмлар, албатта, маълумотларга асосланади. Бироқ инсонларнинг келажакда қандай ҳаракат қилишига оид башоратни аниқлаш — ҳали ҳам баҳсли масала. Қолаверса, шахсий маълумотларнинг кенг қамровда таҳлил қилиниши Британия жамиятида шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва сўз эркинлигига оид баҳсларни янада авж олдириши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар