date

OpenAI хатоларни 52 фоизга камайтирган GPT-5.5 Instant моделини чиқарди

OpenAI xatolarni 52 foizga kamaytirgan GPT-5.5 Instant modelini chiqardi

OpenAI компанияси ChatGPT фойдаланувчилари учун стандарт моделни янгилади. GPT-5.5 Instant деб номланган янги версия аввалгиларига қараганда ақллироқ, аниқроқ ва фойдаланувчи эҳтиёжларига мослашувчан бўлиб, қисқа ва тушунарли жавоблар бериш қобилиятига эга. Бу ҳақда Openai.com хабар беради.

Ички баҳолаш натижаларига кўра, янги модел тиббиёт, ҳуқуқ ва молия каби муҳим соҳаларда ёлғон маълумот бериш ҳолатларини GPT-5.3 Инстант версиясига нисбатан 52,5 фоизга камайтирган. Шунингдек, фойдаланувчилар томонидан хабар қилинган фактик хатолар сони 37,3 фоизга қисқарган.


GPT-5.5 Instant кундалик вазифаларни бажаришда, жумладан, суратларни таҳлил қилиш, аниқ фанларга оид саволларга жавоб бериш ва интернетдан маълумот қидиришда юқори самарадорлик кўрсатмоқда. Модел ўз хатоларини мустақил равишда аниқлаш ва мураккаб математик амалларни қайта ишлашда сезиларли даражада ривожланган.

Янгиланиш натижасида сунъий интеллектнинг мулоқот оҳанги янада табиийлашган ва ортиқча безаклардан воз кечилган. Эндиликда модел жавобларида кераксиз эможилар ва такрорий саволлар камроқ учрайди, бу эса фойдаланувчилар учун мулоқотни янада қулай ва фойдали қилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Техно » OpenAI хатоларни 52 фоизга камайтирган GPT-5.5 Instant моделини чиқарди