Россия Давлат Думаси фирибгарликка қарши курашнинг янги чораларини кўради

Россия Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин фирибгарликка қарши қабул қилинган қонунлар ўз самарасини бераётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, 2026-йилнинг биринчи чорагида фирибгарлик ҳолатлари 18,3 фоизга, масофавий жиноятлар 22,7 фоизга, онлайн ўғриликлар 14,1 фоизга ва компьютер ахбороти соҳасидаги жиноятлар 45,3 фоизга камайган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Шунингдек, фуқароларнинг Марказий банкка молиявий фирибгарлик масалалари бўйича қилган мурожаатлари сони 40 фоизга қисқарган. Володин ушбу натижаларга тизимли ишлар ва қатъий қонунчилик чоралари эвазига эришилганини таъкидлади.
Яқин келажакда парламент халқаро қўнғироқларни маркировкалаш, болалар учун махсус СИМ-карталарни жорий этиш ҳамда «Госуслуги» платформасидаги аккаунтларга киришни фақат ишончли усуллар орқали тиклашни назарда тутувчи янги қонун лойиҳаларини кўриб чиқади.
Вячеслав Володин май ойига қадар якуний қарорларга келиш режалаштирилаётганини қўшимча қилди. Мазкур янги нормалар фуқароларни кибержиноятчилар ва фирибгарларнинг ноқонуний ҳаракатларидан янада самаралироқ ҳимоя қилишга хизмат қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!